ИЧКИЛИКБОЗЛИК ИЛЛАТДИР…

ИЧКИЛИКБОЗЛИК ИЛЛАТДИР…

Аллоҳ таоло инсонни яратгач, уни ўз ҳолига ташлаб қўймай, балки, бандаларига Ўзини танитиш, яхшидан ёмонни ажратиш учун пайғамбарларни юборди, китобларини нозил қилди. Худди табибнинг беморнинг ҳолатига қараб турли хилдаги дорилар беришга ўхшайди. Аллоҳ таоло юборган пайғамбарлар ҳам “қалб табиблари” бўлиб, қалбдаги ҳар-хил иллатларга шифо улашадилар.

Маълумки, ичкиликбозлик инсоннинг қалбини қорайтирадиган, уни ақлдан бегона қиладиган ёмон иллат. Бу иллат ўз вақтида даволанмаса унинг асорати оғир оқибатларга олиб бориши аниқ. Шунинг учун динимизда ичкиликбозликдан қаттиқ қайтарилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90-91- оятлар).

Мазкур оятда май – маст қилувчи ичимлик қимор ўйнашга, бут-санамларга ибодат қилишга, ҳар хил воситалар ёрдамида фолбинлик қилишга тенглаштирилмоқда. Айни вақтда буларда шайтоннинг қўли бўлиб, у одамларнинг орасини бузишга, ўртасида уруш-жанжаллар чиқаришга ҳаракат қилиши айтилмоқда. Мўмин-мусулмон киши бундай ишлардан ўзини сақламоғи лозим.

Ибн Умар разияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ҳар бир маст қилувчи нарса майдир ва ҳар бир май ҳаромдир”(Имом Муслим, имом Насоий ва Имом Ибн Можа ривояти).

Ушбу ҳадиси шариф маст қилувчи воситаларнинг ҳар қандай тури ҳаромлигини англатади. Агар бирон мўмин киши майнинг ёки маст қилувчи нарсаларнинг ҳаромлигига иймон келтириб, аммо ўзини тия билмаса, ожизлик қилса, у катта гуноҳ содир этган бўлади ва охират куни қаттиқ азоб-уқубатга дучор бўлади.

Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштиргувчи нарсадан қайтарганлар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллома Таййибий раҳимаҳуллоҳ: “Ушбу ҳадис барча гиёҳванд моддаларнинг ҳаромлигига далолат қилади, чунки улар танани бўшаштириб, ақлни кетказади”, – деганидир.

Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган меҳрибонлиги шу қадар юксакки, У бандаларига зарари бўлган ҳар қандай нарсани ҳаром қилган, бу нарсалардан ва уларни истеъмол қилишдан қайтарган. Тиббиёт соҳаси ривожлангани сари майнинг сиҳат-саломатликка ўта зарарли экани маълум бўлмоқда. Ҳозирга қадар маст қилувчи ичимликлар мия ҳужайраларига катта зиён етиб, унинг иш фаолиятини сусайиши, ошқозон ичак, жигар касалликлари келиб чиқиши ҳамда мияга қон қуйилиш хавфи ортиши аниқланган. Эркаклар ўлимининг 7 фоизи, аёллар ўлимининг 2 фоизи айнан спиртли ичимликлар истеъмоли билан боғлиқ экан. 15-49 ёшдагиларнинг ўлимига асосий сабаблардан бири алкогол экани аниқланган.

Бугунги кунда жамиятимизда ичкиликбозлик оқибатида ўғрилик, талончилик, бировнинг жонига қасд қилиш каби кўплаб жиноятлар содир этилмоқда. оилаларда нотинчлик ва парокандаликлар юзага келмоқда. биз ўз уйимизда, маҳалламизда бир-бирларимизни яхшиликка даъват этиб, ёмонликлардан огоҳлантириб туришимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳаромдан узоқ қилсин, ҳалоли билан сероб қилсин, ичкилик балосига мубтало бўлган азизларимизни бу офатдан тезда қутилишни насиб айласин..

 

 

Музаффар Қосимов

“Хожа    Бухорий”    ўрта     махсус  

 ислом билим   юрти маънавий -маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари