Қуръони карим – ислом динида асосий манба
33

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган ҳамда мусҳафларга битилган, қалбларда ҳифз, тилларда қироат қилинган, ҳеч бир ўзгариш ва узлуксиз узатиш орқали етиб келган илоҳий китоби ва қиёматгача абадий бўлган мўъжизадир.
Аллоҳ таоло Қуръонни Муҳаммад алайҳиссаломга бўлак-бўлак қилиб нозил қилди. Чунки, Қуръоннинг шу тариқа нозил бўлиши тушунтиршга яхши эди. Қуръони каримдан турли бўлаклар даъватнинг эҳтиёжларига қараб, воқеъликнинг ҳолатидан келиб чиқиб, даъватнинг бошланишидан то охиригача бирин-кетин туша бошлади. Бу ҳол йигирма уч йил давом этди. Баъзи пайтларда Қуръони каримдан бир оят, гоҳида эса беш ёки ўн оят нозил бўлар эди. Бу ҳақида Аллоҳ таолонинг каломида очиқ айтилган:
وَقُرۡءَانٗا فَرَقۡنَٰهُ لِتَقۡرَأَهُۥ عَلَى ٱلنَّاسِ عَلَىٰ مُكۡثٖ وَنَزَّلۡنَٰهُ تَنزِيلٗا
“Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни қисмларга ажратдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик” (Исро сураси, 106-оят)
Бошқа бир оятда эса шундай марҳамат қилинади:
وَقَالَ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ لَوۡلَا نُزِّلَ عَلَيۡهِ ٱلۡقُرۡءَانُ جُمۡلَةٗ وَٰحِدَةٗۚ كَذَٰلِكَ لِنُثَبِّتَ بِهِۦ فُؤَادَكَۖ وَرَتَّلۡنَٰهُ تَرۡتِيلٗا
“Кофир бўлган кимсалар: “Нега бу Қуръон унга (пайғамбар алайҳиссаломга) битта тўплам ҳолида нозил қилинмади?”- дедилар. (Эй Муҳаммад), Биз у (Қуръон) билан дилингизни устивор қилиш учун мана шундай (парча-парча ҳолда нозил қилдик) ва уни бўлиб-бўлиб баён қилдик” (Фурқон сураси, 32-оят)
Луғат илми мутахассислари “Қуръон” лафзининг “ўқимоқ”, “қироат қилмоқ”дан бошқа, “жамлаш” маъноси ҳам борлигини таъкидлайдилар. Бунда Аллоҳ таолонинг охирги каломи ўзидан олдин нозил бўлган барча илоҳий китобларнинг маъно, ҳикмат ва аҳкомларини ўзида жамлаганига ишора бордир.
Қуръон илми мутахассислари Қуръони каримни қуйидагича таърифлайдилар:
“Қуръон Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, тавотир ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган, ожиз қолдирувчи каломидир”.
Ушбу таърифни яхши тушуниб етишимиз учун бир оз шарҳлашга тўғри келади.
“Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган…”, деган жумладан Аллоҳ таолонинг Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилмаган, Забур, Таврот ва Инжилга ўхшаш ваҳийлари Қуръони карим бўлмаслиги келиб чиқади.
“Тавотир ила нақл қилинган…”, деган иборадан, тавотир ила нақл қилинмаган калом Қуръони карим бўла олмаслиги келиб чиқади. Тавотир ила нақл қилинган, дегани эса, каломни ёлғонга чиқариб бўлмайдиган даражада кўп сонли кишилар томонидан нақл қилинишига айтилади. Уларнинг барчаси ишончли одамлар бўлиб, бир оғиз ёлғонга яқинлашмаган, ададлар кўп бўлгани учун ёлғонга келишиб олиш имконлари ҳам йўқ бўлади.
Пайғамбар алайҳиссалом Қуръони каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир калимаси ва ҳарфини мисли кўрилмаган эътибор ила қабул қилиб олиниши, ёдланиши ва ёзилиши ҳамда амал қилинишига васфига сўз ожиз қоладиган даражада катта аҳамият берганлар.
Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссаломдан Қуръони карим оятларини қабул қилиб олган саҳобаи киромлар ўз шогирдларига юқорида зикр қилинган муомалани қилганлар. Шу тарзда ҳозиргача Қуръони карим сонсиз саноқсиз одамлар томонидан ишончли тариқада нақл қилиниб қелинмоқда.
“Ибодатда ўқиладиган…”, деган қайддан, намозда ўқиладиган, маъно келиб чиқади. Қуръони карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийлари, мисол учун, ҳадиси қудсийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони карим хос қилинган.
“Ожиз қолдирувчи калом”, деган сифат ҳам фақатгина Қуръони каримнинг ўзига хос сифатлардан биридир. Қуръони каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир сураси, ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан ва ҳам аҳкому ахбор жиҳатидан кишиларни ожиз қолдирувчидир.
Аввал ўтган Пайғамбарларнинг мўъжизалари моддий мўъжизалар бўлиб, ҳар бир пайғамбарнинг бу дунёда туришига боғлиқ қилинган эди.
Шунинг учун ҳам уларнинг мўъжизалари вақтинчалик бўлган.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг шариатлари қиёматгача боқий бўлганидан, у зотнинг асосий мўъжизалари ҳам, қиёматгача боқий қоладиган, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига боғлиқ бўлмаган, маънавий мўъжиза – Қуръони карим қилинди.
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ўқитувчиси Қодиров Омон
