ЭРТА НИКОҲНИНГ ОҚИБАТЛАРИ ВА ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРАЛАРИ –КЕЛАЖАК УЧУН МУСТАҲКАМ ҚАДАМ!

254

Эрта никоҳ – бу ўсмирлар ёшидаги қиз ва йигитларнинг ўйланиши, аксарият ҳолларда уларнинг ҳаёт тажрибаси ва мустақил қарор қабул қилиш қобилияти тўлиқ шаклланмаган вақтда рўй беради. Эрта никоҳни олдини олиш нафақат шахс ва оилалар учун, балки жамият учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.         Ушбу мақолада эрта никоҳни олдини олишнинг аҳамияти, унинг салбий оқибатлари ва қандай чоралар кўриш мумкинлиги ҳақида сўз юритилади.

Эрта никоҳнинг бир неча салбий оқибатлари мавжуд. Улар:

  1. Таълимдан четлашиш – Эрта никоҳга кирган қизлар кўп ҳолларда мактабни ташлаб қўяди, натижада таълим олиш имконияти йўқолади. Бу уларнинг келажакдаги шахсий ва касбий ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.
  2. Соғлиқ муаммолари – Ёш қизларнинг жисмоний ва психологик ривожланиши тугалланмаганлиги сабабли, улар орасида ҳомиладорлик ва туғруқ билан боғлиқ хавф-хатарлар юқори бўлади. Ёш оналар ва чақалоқлар ўртасидаги ўлим даражаси ҳам юқори ҳисобланади.
  3. Рўзғор муаммолари – Эрта никоҳларда кўпинча иқтисодий қийинчиликлар кузатилади. Ёш оилалар иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлмагани сабабли, уларга ота-оналар ёки бошқа қариндошлар ёрдам беришига тўғри келади.
  4. Жисмоний ва психологик зўравонлик – Эрта никоҳларга кирган ёш қизлар кўпинча зўравонлик қурбонига айланиши мумкин. Бу уларнинг психологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатади ва келажакдаги турмуш муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Мамлакатимиз хотин-қизлар кенгаши томонидан юқорида кўрсатилган эрта никоҳнинг салбий оқибатлари орқали келиб чиқадиган муаммоли ҳолатлар тўғрисида кўплаб тарғибот ишлари халқ ўртасида олиб борилсада, баъзи хонадонларда қиз фарзандларини эрта турмушга бериш урф-одатлар тусига айланганми аксарият ота-оналар қизларини эрта турмушга бериш керак деган тушунчалари бор. Акс ҳолда “ўтириб” қолади дейишади. Натижада ҳаётни тўлиқ англаб етмаган ёш қиз эрта турмуш оқибатида янги оилага мослашолмаслик, фарзанд бўлмаслик, рўзғор ишларидаги камчиликлар, эр, қайнона-қайнотага хизмат буларнинг барчаси ёш қиз учун кўпгина муаммоли вазиятларни келтириб чиқаради ва турмушдан ажралишигача бориб етади.

Эрта никоҳни олдини олиш бўйича бир қанча чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, албатта эътибор берилиши ва амал қилиниши керак бўлган ҳолатлардир. Қуйида улар билан танишиб ўтамиз:

  1. Таълимни тарғиб қилиш: Эрта никоҳнинг олдини олиш учун таълим жуда муҳим. Қизларни мактабда қолдириш ва уларнинг таълим олиши учун қулай шароит яратиш керак. Қизлар қанчалик кўп таълим олишса, улар эрта турмуш қуришга шошилмайдилар ва ўз келажагини мустаҳкамлайдилар.
  2. Ота-оналар ва жамиятни хабардор қилиш: Эрта никоҳнинг зарарли оқибатлари ҳақида ота-оналар ва жамиятни хабардор қилиш муҳим. Ота-оналар ва жамият аъзоларига қизларнинг ўз тақдирини ўзи ҳал қилишга йўл бериш муҳимлигини англатиш лозим.
  3. Қонунчиликни мустаҳкамлаш: Никоҳ ёши ҳақидаги қонунларга риоя қилиш ва назоратни кучайтириш керак. Бунда давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари фаолияти муҳим аҳамият касб этади.
  4. Тарғибот ва маърифий тадбирлар ўтказиш: Махсус тадбирлар ва маърифий компаниялар орқали эрта никоҳнинг салбий томонлари ва унинг олдини олиш чоралари ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мумкин.
  5. Маҳаллий жамоатчиликни жалб қилиш: Маҳаллаларда фаолият олиб борувчи жамоатчилик гуруҳлари ёшларни эрта никоҳдан ҳимоя қилиш йўлида катта ёрдам беради. Улар ёшларга ва уларнинг ота-оналарига маслаҳат беришда муҳим рол ўйнайди.

Эрта никоҳларни олдини олиш жамият учун муҳим аҳамиятга эга. Бу, биринчи навбатда, ўсмир қизларнинг шахсий, жисмоний ва руҳий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, уларга келажакдаги ижтимоий ва иқтисодий фаолликка имконият яратиш демакдир. Эрта никоҳларнинг олдини олишда барча жамият аъзолари, ота-оналар, таълим муассасалари ва давлат ташкилотлари ҳамкорликда иш олиб бориши лозим. Фақат шундагина ёшлар учун соғлом ва мустаҳкам жамият қуришга эришиш мумкин.

 

Нилуфар БЕРДИЕВА

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси