БУЗИБ ТАЛҚИН ҚИЛИНАЁТГАН СЎЗ
23

Бугунги кунга келиб, муқаддас динимиз номидан жиҳод, халифалик, ҳижрат, такфир ва ислом давлати каби турли жарангдор сўзларни ўзларига шиор қилиб олган оқимлар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг бу даъволари ҳақиқатга қанчалик тўғри келади? Муқаддас динимиз асосларида бу каби “тарғибот”ларга қандай қаралади?
Экстремистик оқимларининг асоссиз даъволаридан бири ҳижрат бўлиб, ҳижрат сўзининг луғавий маъноси тарк қилиш, ташлаб кетиш, ўз ватанидан бошқа жойга кўчишдир. Истеъмолда эса динига эркин амал қилиш имкони бўлмай, юртида беш вақт намоз ўқиш ва бошқа фарз амалларни бажаришни имкони топилмаса, қодир кишиларнинг бошқа юртга кўчишларини англатади.
Ҳижрат икки хил бўлади. Биринчиси: дин ва ҳаёт муҳофазаси йўлида амалга ошириладиган маконий ҳижрат бўлиб, унга тааллуқли бир қатор оят ва ҳадислар ворид бўлган. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни, албатта, бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират ажри мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!” (Наҳл сураси, 41оят).
Шу мазмундаги оятлар (Нисо сураси, 100-оят), (Анфол сураси, 74-оят), (Наҳл сураси, 110-оят) сураларида бор.
Иккинчиси: гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш. Шу маънодаги ҳижрат тўғрисида Пайғамбаримиз ﷺ бир қатор кўрсатмаларни баён қилганлар. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда У зот: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дедилар.
Имом Муҳаммад ибн Исмоил ас-Санъоний ўзининг “Субулус Салом” номли машҳур китобида қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ ﷺ: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ”, дедилар”. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган. “Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий ﷺ мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар”.
Имом Байҳақий Ибн Умардан ривоят қилган ҳадисда: “Ҳижратнинг энг афзали – Раббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир”, дейилади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, “Ҳижрат” сўзи бир жойдан иккинчи жойга кўчиш маъносини англатади. Истилоҳда Муҳаммад ﷺ даврларидаги мусулмонларнинг Ҳабашистонга, сўнгра ўзлари бош бўлиб Мадинага кўчиб ўтишларига айтилади. Ҳижрат деганда яна гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш ҳам тушунилади. Бу ҳақда Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлига ҳижрат қилган кишидир”, деганлар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: Расулуллоҳ ﷺнинг ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот эса: “Ота-онангнинг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар.
Мазкур фикрни илгари сураётган тоифага кучли раддиялардан яна бири қуйидаги ояти каримадир. Аллоҳ таоло “Анфол” сурасининг 72-оятида мўъминларнинг бир неча синфларини зикр қилмоқда ва уларнинг ҳаммасини, ўз ватанидан ҳижрат қилганларни ҳам, ҳижрат қилмаганларни ҳам ҳақиқий “мўминлар” деб атамоқда.
Бас, шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни “Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!” дейиш қандай маъносиз гап?!
Ислом дини қоидаларига биноан, фатво бериш хуқуқи, ақида ва фиқҳ илмида мукаммал даражага етган, Қуръон ва ҳадис илмини тафсирлари ва турли шарҳлари, санадлари билан тўлиқ ёд билувчи, қолаверса, муфтий мартабасига эга бўлган муайян шахсларгагина берилиши мумкин.
Хулоса ўрнида, янги пайдо бўлган барча тоифалар ўзларига баландпарвоз шиорларни танлашлари, ислом динида муқаддас ҳисобланган сўзларни бузиб талқин қилмоқчи бўлаётганлари ёки бутун мусулмонлар учун муқаддас бўлган баъзи бир атамалар билан номланишлари ўзларининг қабиҳ жиноятларини ниқоблашга уринишдан бошқа нарса эмас.
Музаффар ҚОСИМОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи
