ШИРК ВА КУФРНИНГ ФАРҚИ

Ширк ва куфр ёки кофир ва мушрикнинг фарқи нима ва қандай деган саволлар туғилиб қолмоқда. Тўғри ва қизиқарли савол. Шунинг учун ушбуларни имкон борича фарқлаб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Куфр луғатда, беркитиш, тўсиш ва инкор қилиш, деган маъноларни англатади. Аллоҳга кофир кимсани “кофир” деб аталиши Аллоҳнинг неъматларини кўрмагандек беркитиб, инкор қилгани учундир. Неъматлар шукрини Аллоҳга иймон келтирибгина адо қилса бўлади, иймонсиз кишидан шукр қилиш адо бўлмайди.

Куфр Аллоҳни ва У Зотнинг ибодат қилинишдаги ҳаққини инкор қилиш ҳамда Аллоҳ таолога юзланишнинг ҳар қандай кўринишини ҳоҳ сўзда бўлсин, ҳоҳ амалда инкор қилишдир.

Аммо ширк эса унинг луғавий маъноси, бир шерик тутиш бўлиб, мушрик кимса Аллоҳга унга ибодат қилиш учун бир шерик қилиш ёки Аллоҳдан бошқа унга тенг зот бор деб эътиқод қилишдандир.

Ўз ўрнида ширк катта ва кичик ширкга бўлинади.

Катта ширк деб, Аллоҳга ибодат қилинишда бирор кимсани шерик қилиш бўлса, кичик ширк эса бир инсон Аллоҳдан бошқага атаб ёки Аллоҳдан бошқани ният қилиб бир ишни қилишдир. Бунга риё амаллари мисол бўлади. Яъни, эҳсон ва нафл ибодатларни одамлар кўрсин учун қилиш каби амаллар.

Бу иккиси бир-бирининг ўрнида ҳам ишлатиб келинади. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган: “Албатта, кофирларни уларни огоҳлантирасизми ёки йўқми, улар иймон келтирмаслар”. (Бақара сураси-6). Оятдаги кофирлардан мақсад мушриклардир. Яна бошқа оятда: “Албатта, куфр келтирганлар ўз мол-мулкларини Аллоҳнинг йўлидан тўсишга сарф қиладилар. Бас, уларни сарфларлар-у, сўнгра, ўзларига ҳасрат бўладир, кейин мағлуб бўлурлар. Куфр келтирганлар жаҳаннамга тўпланурлар”. (Анфал сураси -36). Ушбу оят Бадр жангида жанг учун молларини сарфлаган Макка мушриклари борасида нозил бўлган.

Қуръони карим баъзан ҳар бир лафзни ўз ўрнида ҳам ишлатиб келган. Аллоҳ таоло: “Аҳли китоб ва мушриклардан (иборат) кофир бўлганлар жаҳаннамда абадий қоладилар, ана ушалар халқнинг ёмонидир”, деб марҳамат қилган. (Баййина сураси-6). Бундан маълум бўлмоқдаки, ширк ва куфрнинг орасида фарқ умумий ва мутлоқ хос бўлиб, бу иккиси Аллоҳга иймонсизликда жам бўлади. Ҳар бир лафзнинг ўзига хос истилоҳий маъноси бор.

Куфр ширкдан кўра қамровли ва умумийроқ бўлади. Куфр мунофиқ кишига ҳам ишлатилади. Ширк хосроқ бўлади. Ширк, амал ва сўзларга боғлиқдир. Бир инсонни қурбонлигини қилиб, у қурбонлигида ҳам Аллоҳни ҳам бошқани қасд қилишига тегишлидир. Куфр қасддан Аллоҳни ва У зотнинг буйруқларини инкор қилишга ҳам боғлиқ бўлиб, ширкдаги ҳолатларни ўз ичига қамраб олади.

Кофир деб, умуман ҳудосиз кимсага ҳам айтилади. Кофирда ҳам инкор ҳам ширк бирга бўлади. Ширкда эса инкор қилиш бўлмайди. Мушрик Аллоҳга воситачи қўйган киши, яъни бутпарас бўлади. Барча мушрик кофир, аммо барча кофир мушрик эмас, яъни Аллоҳни ўртасида восита қўйиш тугул, Аллоҳни бутунлай инкор қилгандир.

Бугунги кундаги бирор бир фарз амални қилолмай юрганларни кофир дейилмайди, чунки улар Аллоҳни инкор қилмайдилар, балки Аллоҳга осий бўлиб юрадилар. Шунинг учун бундай одамларни кофир дейилмайди. Жоҳиллик сабаб баъзи ширк амалларни қилиб юрганни ҳам мушрик дейилмайди, мушрик дейиш учун унда қасдан қилиш ва восита қўйган бўлиши керак. Шунинг учун бундайларни ҳам мушрик эмас, балки нодонлар дейилади. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳақ йўлидан адаштирмасин!.

Муҳибуллаев Саидмуҳаммадхон

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти ўқитувчиси