БИЗ ҚАЙСИ ТОИФАДАГИ ХУЛҚДАМИЗ…?
41

“Иймон недир?” дея сўрадим. У қалб қулоғига эгилиб: “Иймон одобдан иборатдир” дея шивирлади”.
Мавлоно Румий
Бир йигит бир қизга “гап отиш” билан танишмоқчи бўлса, кейин у қиз бола эмас, аёл киши бўлса, ундан кечирим сўраши – маданият!
Бир қизга “гап отиш”дан ўзини ва тилини тийиши – маънавиятдир!
Беҳуда гапларни “одобсиз”ларча гапириб, кечирим сўрашга орият қилиши – такаббурлик ва кибрият!
Танишиш мақсадида ўзига ярашмаган ортиқча қилиқлари билан ўзини тутиши – ахлоқсизлик, кўнгил кўзи кўрлигидан ва қалб нософлигидан далолатдир!
Ҳеч бир қизга назар солмаган ва ўзига нисбатан ҳам эътибор тортилишига ҳаракат қилмаган киши – асл саодатдир!
Ботинда тўртта рукн борки, уларнинг гўзаллигисиз хулқ гўзал бўла олмайди. Қачонки шу тўрт рукн ўзаро мутаносиб бўлса, гўзал хулқ ҳосил бўлади. Булар: илм қуввати, ғазаб қуввати, шаҳват қуввати, ва бу қувватлар орасидаги адолат қуввати. (Шаҳват дейилганда фақатгина жинсий муносабатга алоқадор тушунчалар эмас, балки дунёга боғлиқ барча истак ва иштаҳалар назарда тутилади.)
Илм қувватининг гўзал ва манфаатли бўлиш – сўзларда тўғри ва ёлғоннинг, эътиқодда эса ҳақ ва ботилнинг, феълларда чиройли ва хунукнинг орасини осон ва енгил фарқлаш билан белгиланади. Илм қуввати соғлом бўлар экан, ундан ҳикмат мевалари ҳосил бўлади. Ҳикмат эса гўзал ахлоқнинг бошидир. Бу фикрнинг исботи ўлароқ Бақара сурасида ўқиймиз:
“У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди. Ваъз – эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар”.
Ҳикмат дейилганда нафснинг ҳолати назарда тутиладики, шу ҳолат орқали ихтиёримизга боғлиқ феъллардаги хатони ўнглаш идрок қилинади. Ҳар қандай нарса ҳаддан ошса, сифати ўзгаради. Жумладан, ҳикматни ҳам беҳуда, бузуқ ғаразлар йўлида ишлатавериш, уни кераксиз нарсага айлантириб қўяди. Ҳикматга эътиборсизлик эса аҳмоқликни келтириб чиқаради. Ўрталик (мўътадиллик) ҳикматга хос фазилатдир.
Ғазаб қувватининг гўзал ҳолати хоҳ у кучайсин, хоҳ пасайсин, ҳикмат тақозо қиладиган даражада бўлишидир.
Шунингдек, шаҳват қуввати гўзал муносиб шаклда ҳикмат ишорати остида, яъни шариат ва ақл кўрсатмаси доирасида бўлиши билан белгиланади.
Адолат қуввати шаҳват ва ғазабни шариат ва ақл кўрсатмаси остида ушлашдир. Адолат ҳам нафснинг ҳолати. Нафс ундан қувват олади. Ҳикмат тақозосига кўра, шу қувват ғазаб ва шаҳватни босиб турадиган эмас, балки бошқаради ҳам.
Ақл – бамисоли йўл кўрсатвчи насиҳатгўй. Адолат эса ақл кўрсатмасини бажарувчи куч. Ғазаб – бамисоли, овчи ит. У нафс истагидан ҳаяжон билан эмас, балки битта ишора билан тўхташ даражасида тарбияга муҳтож. Шаҳват эса бамисоли овга миниладиган от. У баъзан тарбия кўрган, ювош. Баъзан эса асов ва қайсар.
Кимда бу хислатлар мўътадил бўлса, демак унинг хулқи гўзал. Акс ҳолда, кўз олдимизда аъзоларининг бири чиройли, бошқаси хунук манзара гавдаланади…
Нилуфар БЕРДИВА
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
“Ўқув-услубий” бўлим бошлиғи
