Мўмин бандаларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақом ва даражалари амал ва эътиқодларига кўра бир-биридан фарқ қилади. Мақомларнинг олийроғи ва юксакроғи – мўмин банданинг ҳар бир нарсага холис Аллоҳ учун муҳаббат қўймоғидур.

Ислом шариатида муҳаббат вожиб дейилган. Шунга кўра, ким муҳаббат қўйса, билдириб қўйсин, токи қалбларда ўрнашсин қарор топсин, ому-хос ўргансин ва барча инсонлар унга ижобат қилсин. Мўминнинг бахту саодати, жамиятнинг саодати, балки бутун инсониятнинг саодати шундадур.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ : “Аллоҳнинг бандаларидан шундай кишилар борки, улар пайғамбарлар эмас, шаҳидлар эмас. Бироқ қиёмат куни Аллоҳ таоло томонидан уларга берилган мақом ва манзилларга пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар”, дедилар.

Саҳобалар сўрашди: “Эй Аллоҳнинг Расули! Бизга хабар беринг, ким улар?” Жаноб жавоб бердилар: “Улар ўзаро қариндошлик учунгина эмас, мол-давлатдан манфаатдор бўлиш учун эмас, балки Аллоҳ учун муҳаббат қўйишганлардир. Аллоҳга қасамки, уларнинг юзлари нурдир. Улар нур узрадурлар. Инсонлар хавфда бўлганда улар хавфда бўлмаслар. Инсонлар қайғуда бўлганларида улар қайғуда бўлмаслар”. Сўнг тиловат қилдилар: “Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар имон келтирганлар ва тақво қилганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир” (Юнус сураси, 62–64-оятлар).

Расулуллоҳ ﷺ аниқ ва равшан баён қилиб берадиларки, қиёмат куни инсонлар Аллоҳ таоло томонидан тайёрлаб қўйилган жойига, амалига яраша Аллоҳнинг фазли ила лойиқ кўрилган маконига шошилишади.

Инсонлар бўладиларки, улар пайғамбарлар эмас, шаҳидлар эмас. Бироқ қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги юксак мақоми ва олий манзилларига, абадий ва сўнмас неъматларига пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар.

Аллоҳ учун муҳаббат қўйганларга Аллоҳ таоло манзиллар тайёрлаб қўйган. Бу муҳаббат умматга яхшилик ва саодатни зиёда қилур. Тилаклари ва орзу-истакларини рўёбга чиқарур. Унга қувват бахш этур. Руҳиятини курашларида кўтаради. Бу билан ёғийдан устунликка етказур. Бутун умматни бир жону бир тан қилур.

Муҳаббат туфайли Аллоҳ умматни ислоҳ қилур ва қадамларини тўғри йўлда собит қилгай. Уларга яхшиликлар ато қилиб, иззат ва шон-шарафга лойиқ кўрур.

✨ Mуҳаббат Расулуллоҳ ﷺ ҳижрат қилган кечада у зотнинг ўринларида ухлаган Али розияллоҳу анҳудир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қавмлари ўлдириш учун тўпланганини билар ва Набий алайҳиссаломнинг ўринларида қатл қилинишига аниқ ишонарди.

✨ Муҳаббат Расулуллоҳ ﷺ га руҳини, обрўсини, молини фидо қилган Абу Бакр розияллоҳу анҳудир. Уни Қурайш кофирлари уриб ҳушидан кетказишганида, ўзига келиб биринчи айтган гапи “Расулуллоҳга нима бўлди?” бўлган эди.

✨ Муҳаббат бани динорлик саҳобиядир. Саҳобалар бу аёлга эри, отаси ва биродари Уҳудда шаҳид бўлгани муносабати билан таъзия билдиришди. У эса Расулуллоҳ ﷺ ни қидирарди. Набий ﷺни кўргач, деди: “Сиз тирик экансиз, бошқа мусибатлар ҳеч нарса эмас, ё Расулуллоҳ”.

✨ Муҳаббат Савбон розияллоҳу анҳудир. Бир куни у ранги синиққан ҳолда Расулуллоҳ ﷺга кўринди. У зот сўрадилар: “Нега рангинг ўзгарган?” Жавоб берди: “Менда ҳеч қандай касаллик ёки оғриқ йўқ. Аммо сизни кўрмай, йўқотиб қўйсам, соғиниб қоляпман”.

✨ Муҳаббат Ҳубайб розияллоҳу анҳудир. У зотни асир олиб, ўлдириш учун дор остига келтиришди. Душманлардан бири: “Ҳозир ўрнингда Муҳаммад бўлишини хоҳлармидинг?” деб сўради. Ҳубайб жавоб берди: “Аллоҳга қасамки, мен аҳлим ва авлодим ҳузурида тинчгина ўтириб, Муҳаммадга бир тикан киришини хоҳламайман”.

✨ Муҳаббат Абу Талҳа розияллоҳу анҳудир. У зот Уҳуд ғазотида Расулуллоҳ ﷺга айтди: “Ё Расулуллоҳ, яқин борманг, яқин борманг. Сиз мусибатга учраганингиздан менинг томоғимга ўқ қадалгани яхшироқ”.

✨ Муҳаббат Умар розияллоҳу анҳудир. У зот Расулуллоҳ ﷺ вафот этганларида саҳобаларга: “Муҳаммад ўлди, деманглар. У зот Мусога ўхшаб Раббилари билан сўзлашгани кетдилар. Албатта, қайтадилар”, деган эди.

✨ Муҳаббат Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудир. У киши айтади: “Ҳурмат юзасидан Расулуллоҳ га тик боққаним йўқ”.

✨ Муҳаббат Билол розияллоҳу анҳудир. У зот Расулуллоҳ ﷺдан кейин азон айтолмай қолди. Бир марта ҳазрат Умар азон чақиришини сўраганларида унинг азонига бутун Мадина йиғлаган эди.

✨ Муҳаббат Расулуллоҳ ﷺдирлар. У зот саҳобаларига: “Менга инсонлар ичидан энг суюклиси Оиша, кейин унинг отасидир”, деб эътироф қилгандилар.

✨ Муоз розияллоҳу анҳуга айтгандилар: “Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, мен сени яхши кўраман”.

✨ Ҳазрат Алига: “Сен мендан, мен сенданман”, деган эдилар.

✨ У зот бизни эслаб айтган эдилар: “Мендан сўнг бир тоифа инсонлар келади. Улар мени жуда яхши кўришади. Ҳатто аҳли ва молини фидо қилиб мени кўришни хоҳлашади”.

✨ Бизга муҳаббатни ўргатган, қалбни қалбга улфат қилган, яхшиликнинг ҳамма эшикларини очган Зотга салом ва салавот айтайлик: “Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадив-ва ъала али Муҳаммад, кaмa соллайт ъала Иброҳима ва ъала али Иброҳим, иннака Ҳамидум-Мажид. Аллоҳумма барик ъала Муҳаммадив-ва ъала али Муҳаммад, кaмa бaрoкта ъала Иброҳима ва ъала али Иброҳим, иннака Ҳамидум-Мажид”.

 

Манбаалар асосида

Нилуфар АХАТОВНА тайёрлади.

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

“Ўқувуслубий” бўлим бошлиғи