Ватан, миллат ва дин!

23

 Эй кўнгил! Сен билан кўришиб-сўрашиб юрадиган кишилар икки тоифа бўладилар. Бирлари молнинг, иккинчилари диннинг фазилати учун суҳбатлашадилар. Моли учун сўзловчи киши нон дарди билан гапиради. У ҳидоятдан маҳрумдир. Сен диннинг фазилати учун суҳбатлашганлар билан қадрдон бўлки, шунда нияти бузуқлар сендан узоқлашиш йўлини қидирадилар.

“Мўминлар бир-бирига ёпишган иморат кабидир.”

             Ҳар бир ватандошнинг энг асосли, энг муқаддас вазифаси Ватанини севиш ва унга ҳаётининг сўнгги дақиқаларигача хизмат этишдир. Ватанимизга бўлган муҳаббат ва ҳурматимиз ҳеч бир нарса билан ўлчана олмайди. Ватан бебаҳо ва беқиёс макондир. Ватанга муҳаббат тарбиясини оила қучоғидан бошлаш лозимдир. Биламизки, кичик болаларда Ватан тасаввури торроқ бўлади. Яъни, улар учун Ватан – она қучоғидир. Болалар оиласини сева-сева Ватанини севишни ўрганадилар. Чунки оила муҳити Ватан муҳитининг асосини ташкил этади. Ватан муҳитининг дастлабки озиғини, дастлабки қувватини оила бағридан олади. Силаи раҳм фазилати камол топган оиладан Ватанга хиёнат қилувчи чиқмайди. Оила аъзолари орасида нақадар қувватли ва мустаҳкам бўлади. Ўз оила аъзоларига нисбатан хайрли туйғуга эга бўлмаган, уларга фидокорлик қилишни билмаган бир киши Ватанга ҳам фидокорлик туйғуси билан туйғулана олмайди. Шундай экан, оила муҳити Ватан муҳитининг бошланиши, биринчи босқичи эканини бир нафас ҳам унутмасак бас.

Али ибн абу Толиб (р.а.): “Ўзингизга душманлик қилган кишини авф этингиз, лекин ватанингизга, миллатингизга, динингизга душманлик қилган кишини кечирмангиз”, деган. Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) дедиларки: “Бир миллатда ишончли кишилар озайса, динини сотиб, дунё йиғувчилар кўпайса, у миллат орасида фитна болалайди”.

Донишманддан сўрадилар: “Қайси одам, қайси миллат афзал?”. Донишманд икки кафтига тупроқ олиб, “Қайси кафтимдаги тупроқ афзал?” деб сўради. Кейин кафтларидаги тупроқни бир-бирига аралаштириб дедики: «Икки ҳовучимдаги тупроқнинг бир-биридан фарқи бўлмагани каби, ҳамма халқ, ҳамма миллат бир-бирига биродарлардир». Ўз миллатини севиш, ардоқлаш, керак бўлса жон фидо қилиш иллат эмас, балки ўзга миллатни пастга уриш, хорлашга интилиш иллатдир аслида…

Одамзод пайдо бўлганидан бери ҳеч бир жамият динсиз яшамаган. Бир дин ўрнига иккинчиси келган. Большевиклар динсиз жамият қурмоқчи эдилар, ҳалокатга учрадилар. Аслида улар динсизликни ўзлари учун дин қилиб олган эдилар. Ватан, миллат ва дин бир халқа билан жипслашган. Бири хасталанса, иккинчиси соғ қолмайди. Одамлар тана касаллигини даволаш учун шифохоналар очсалар-да, динга доир хасталикларни тузатишга аҳамият бермайдилар. Ҳолбуки, жамият ҳаётининг тириклиги, боқийлиги ҳақиқий дин билан қоимдир. Дин фоний дунёда ҳақиқатларни кўрсатувчи нурдир. Динсиз инсон бу нурдан маҳрум демакдирки, ҳақиқатни кўра олмайди.

Бир киши Расулуллоҳ ﷺнинг рўпараларига келиб:

  • Эй Аллоҳнинг расули, дин нима? – деб сўради.
  • Гўзал хулқ, — дедилар. У киши қайта-қайта сўради. Ҳар сафар “гўзал хулқ” деб таъкидладилар. Расулуллоҳ ﷺдан “Динларнинг қайси бири Аллоҳ таолога севимлироқ?” деб сўралганда, “Яхшилик томонга юзланган ва инсон учун енгил бўлган диндир”, деб марҳамат қилдилар.

Ҳа, инсонийликка ўргатувчи ҳамма нарса исломиятга тегишлидир. Қуръони каримнинг ҳар бир ояти инсонларга хитоб қилади. Одам бўламан, деган киши уни тинглаши ва амал қилиши шарт. Аллоҳнинг Расули ﷺ яна дедиларки: “Кишиларга диндаги оғир, машаққатли амалларни эмас, енгил ва осонларини буюринг. Уларни хотиржам қилинг. Оғир амалларни буюриб, диндан қўрқитиб, чўчитиб юборманг”.

“Мўминлар бир-бирига ёпишган иморат кабидир.”

Қаранг ҳазрати Абу Мусо (р.а.) ривоят қилган бу ҳадисда бино деворлари бир-бирига мустаҳкам ёпишгани каби, мўминлар ҳам бир-бирларига маҳкам боғланмоқлари лозим эканлиги уқтирилмоқда. Бинони ташкил этган унсурлар орасида тош, темир каби нарсалар бўлганидек, қум ва шиша каби нозик нарсалар ҳам мавжуд. Лекин барчаси биргаликда бинони маҳкам тутиб турибди. Инсонлар, ана шу бино каби жипслашган, бир-бирини суяган бўлишлари керак. Кучлилари доим заифларини суяб турмоғи, улар билан елкадош, ҳамнафас бўлмоғи лозим. Чунки мустаҳкам бўлмаган бинонинг йиқилиши муқаррар, бундан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!

Бу ҳадис одамларни жамоа бўлиб яшашга, ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечиришга ташвиқ этмоқда. Бугунги кунда мамлакатлар ўртасида иттифоқликни ўрнатиб, диний бағрикенгликни йўлга қўйиб, ўзаро ҳамжиҳат, тотувликда яшаш ва миллатлараро тинчликни бардавом сақлаш, миллий қадрият ва анъаналарда дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, айни дамда юқорида тилган олинган фикрларимизнинг яққол намунасидир.

Нилуфар Аҳадовна

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

Ўқув-услубий бўлим бошлиғи