Қуръон мазмун – моҳиятига кўра, инсонларни бирлаштирадиган, тинчликка етаклайдиган илоҳий китобдир
15

Ислом дини асоси эзгулик ва яхшиликка қурилган. Ислом динининг бош ғояси ва мақсади инсониятни яккахудоликка чорлаш орқали эзгуликка, яхшиликка чақиришдан иборатдир. Агар муқаддас китобимиз Қуръони каримга мурожаат қилсак, бунинг яққол гувоҳи бўламиз: “Бас, (эй Муҳаммад), менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, унинг энг гўзалига эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир”. (Зумар сураси, 17-18 оятлар).
“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз”. (Моида сураси, 2 оят).
Ҳадиси шарифларда ҳам фақат ва фақат эзгулик ғояси мужассам эканини кўрамиз: “Қўли ва тилидан мусулмонлар зиён кўрмаган киши мусулмондир”, “Фақат хайрли ва савобли ишларга буюрилганда итоат қилингиз”, “Умматим ҳеч қачон залолатли ишларга бирлашмайдилар”.
Юқоридаги муборак ҳадислар мазмунига қарайдиган бўлсак ҳам, ислом динида бировни қўрқитиш, унга тажовуз қилиб, озор етказиш буткул таъқиқланганлигини кўрамиз. Динимизда бу каби зўравонликларнинг барча тур ва шаклларидан ҳар қандай йўлда фойдаланиш қатъиян ман этилган.
Агар бирор кимса дин номидан гапириб, ёвузлик, зулм ва қабиҳ ишларни амалга оширса ёки кўзласа, демакки, у дин таълимотини нотўғри тушунмоқда. Бу билан унинг ўзи ҳам, унга эргашганлар ҳам гуноҳларга шўнғимоқдалар.
Яна бир жиҳати, дин, эътиқод ҳар ким кўнглига келганини айтиб, ўзича маъно чиқариб кетаверадиган нарса эмас. Айниқса, имон масаласи ўта нозик ва муҳим бўлгани учун бу борада доимо исломга катта хизмати сингган, барчанинг эътирофига эришган мўътабар уламоларнинг тавсияларига қулоқ тутиш, ўтган аллома аждодларнинг ибратли ҳаётига назар солиб, мўътабар асарларига мурожаат қилиш ўта муҳимдир. Билиб – билмай, шошма – шошарлик билан ўзича ҳукм чиқаришга асло йўл қўйиб бўлмайди.
Адашган гуруҳлар таъсирига кўпинча содда, ишонувчан кишилар, айниқса, ёшлар тушиб қолади. Дин номидан гапирган, у ёки бу ҳатти – ҳаракатга чақирган, ҳийла ишлатиб ўзига яқинлаштиришга уринаётган кимсалардан эҳтиёт бўлиш зарур. Шуни ҳам унутмаслик керакки, бузғунчи кучлар ишни аввало дунё миқёсида танилган уламо ва мутахассисларга ҳурмат ва ишончни йўқотишдан бошлайди. Яъни, ғаразли кучларнинг фаолияти алдов ва ҳийла асосига қурилган.
Қуръон мазмун – моҳиятига кўра, инсонларни бирлаштирадиган, тинчликка етаклайдиган илоҳий китоб ҳисобланади. Лекин шунга қарамай, уни турлича талқин этиб, одамларни ихтилоф ва фирқаланишга олиб борувчиларнинг мавжудлиги афсусланарли ҳолдир.
Шу сабаб ихтилоф туғдириш, фирқаларга бўлиниш диндорларнинг, бутун бир жамиятнинг бирдамлигига катта путур етказади. Қуръон оятлари бу ҳолатни қаттиқ қоралайди: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг”, (Оли Имрон сураси, 103 оят).
Шу маънога далолат қилувчи кўплаб ҳадислар бўлса ҳам биз шулардан биттасини келтириш билан кифояланамиз: “Менинг умматим ёппасига адашиб, залолатга тушиб қолмайди. Қачонки, улар орасида қарама – қаршиликни кўрсангиз, сизлар кўпчилик томонда бўлингиз!”.
Хулоса ўрнида, муқаддас ислом дини инсониятни ҳеч қачон бўлиниб яшашга, ўзаро ихтилоф қилиб, адоватда бўлишга ҳамда разил ва ёвуз бўлишга чақирмас экан. Балки башариятни бирдамлик ва аҳилликка, ўзаро ҳурмат асосида ҳаёт кечиришга чақириб, олдинги ўтганлардан ибрат олишга, уларнинг қилган хатоларини қайтармасликка тарғиб қилади.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
