Тинчлик ва осойишталикни асраб авайлаш барча фуқароларнинг доимий масъулиятли бурчидир!  

16

Тинчлик ва осойишталик — улуғ неъмат. Улар мужассам бўлган жойда тараққиёт ва ривожланиш барқарордир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У-   хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”. (Имом Бухорий ривоят қилган).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!…! (Бақара сураси, 208-оят). Дарҳақиқат, тинчлик мавзуси ўта муҳим бўлганлиги боис ҳам Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом” ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Бу улуғ неъматни асраш барчанинг бирдек вазифасидир. Ҳар бир жамият аъзосининг қилган арзимас иши хам эътиборга молик бўлиши мумкин. Сув тўла идишнинг қаеридандир нинанинг учидек жой тешилса, ўша  ердан секин асталик билан сув сизиб идишни қуритади. Шундай экан мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикка, бўлаётган хайрли ўзгаришларга барчамиз бирдек эътибор қаратишимиз керак. Бу каби маъсулиятли ишда бепарволик ярамайди. Бепарволик ва беғамлик барча даврларда юзага келган кулфат ва мусибатларнинг асосий сабаби бўлган. Донишмандлардан бирининг “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бироқ бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”, — деган фикрлари ҳам лоқайдлик ва бефарқлик келтириб чиқарадиган оқибатларнинг даҳшатини тасаввур қилиш имконини беради.

Баъзи одамлар мамлакат хавфсизлигини, тинчлик-осойишталигини асраш  деганда қўлда курол билан мамлакат сарҳадларини қўриқлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни тушунишади. Аслида шундайми? Йўқ, албатта! Тинчликни асраш фақат мудофаа дегани эмас. Осуда ҳаётни ҳимоя қилиш фақат ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг зиммасидаги вазифа эмас! Тинчлик фаровон, осойишта ҳаётимиз, жамики эзгу ниятлар ва тилакларимиз амалга ошишининг асоси ва манбаи экан, уни асраб-авайлаш ҳамманинг ва ҳар бир кишининг муқаддас бурчидир. Шунинг учун ҳам, бугунги кунда ҳар бир инсон “юртим тинч – мен тинч”, деган ҳақиқат билан яшаши, ўз уйи, маҳалласи, Ватанининг хавфсизлигини таъминлаш учун аввало ўзи қайғуриши, бу ишни муқаддас бурчи деб билиши зарур.

 

А. Бозоров

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртининг ўқитувчиси