МУОМАЛА МАДАНИЯТИ ВА АХЛОҚ

27

Инсон ҳаётда яшар экан, бошқалар билан муомалада бўлади. Одамлар ўртасидаги муносабатни белгилайдиган муомала ва ахлоқ ин­сон юрагини кўзгуда акс этгандек намоён этади. Кишининг сўзидан, муомаласидан  ва хулқ – атворидан унинг қандай одам эканлигини билиб олиш қийин эмас. Инсон камолотида, ҳаёт ривожида, иш юритишда, одамлар сиҳат — саломатлигини муҳофаза қилишда муомала ва ахлоқ  асосий омил бўлади.

Муқаддас динимиз манбаларида инсонлар бир-бирларига доимо ширинсуханлик ва одоб ахлоқ билан муомала қилишлари лозимлиги таъкидланади.

Ҳеч нарса киши ақлини муомала ва ахлоқчалик намоён этмайди. Инсон ўзини қанчалик гўзал ва чиройли деб ўйламасин, муомала маданиятини ва одоб — ахлоқни билмаса  ҳеч қачон ўзгалар ҳурмат — эътиборига сазовор бўлолмайдилар. Бу борада Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир нарсанинг одобини кўрсатиб берганлар. Саҳобалар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан: “Инсонга ато қилинган энг яхши нарса нима?” деб сўрашганда, “Гўзал хулқ”, деб жавоб бердилар. Бошқа бир ҳадисда: “Пайғамбар қилиб юборилишимнинг боиси гўзал ахлоқни такомилига етказишдан иборатдир” дедилар. Бу билан биз кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлишимиз ёки аксинча, ўз ҳурматимизни йўқотишимиз мумкин.

Инсон инсонлар билан ўзаро муомалага киришар экан, жамият орасида инсонни ҳурматга сазовор қиладиган умумий одоблар борки, буларсиз соғлом жамиятни тасаввур қила олмайди.  Овқатланиш, саломлашиш, рухсат сўраш, мажлис, сўзлашиш, ҳазил-мутойиба, касал кўриш, таъзия билдириш, акса уриш ва эснаш, меҳмондорчилик ва шу каби ижтимоий одобларни ҳар бир киши билиши ва уларга риоя этиши лозим.  Аллоҳ таоло ўз каломида: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли ва мақтанчоқ кимсаларни суймас”, дея марҳамат қилган. (Луқмон сураси 18-оят).

Ҳозирда ёшларнинг оддий саломлашишда салом сўзини ишлатилишидаги камчилик ва нуқсонлардан муомала маданияти ва ахлоқининг қандай экани  кўринмоқда. Ўзаро кўришганда лозим бўладиган оддийгина саломлашиш борасида ёшлар кишини ўйга солади. Катталарга, устозларига, ҳатто ота — оналарига нисбатан қилган одобсизлигини кўриб ачинамиз. Ваҳоланки, Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ота — онага гўзал муомалада бўлишга чақирилади. Фарзанд ҳурмат қилиши керак бўлган биринчи тоифа кишилар – ота — оналардир. Уларга эҳтиром кўрсатиш ва хизматларини бажариш билан фарзандлик бурчимизни адо этган бўламиз. Қолаверса, кишининг бошқаларга нисбатан муомаласидан унинг ота — онасига нисбатан ҳурматини билиб олиш қийин эмас. Аллоҳ таоло Қуръон оятларининг бир нечасида Ўзигагина ибодат қилишни зикр қилганидан сўнг, ота — онага яхшилик қилишга буюради: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота — онага яхшилик қилишни амр этди”. (Исро сураси, 23-оят).

Ҳадиси шарифда: Абу Ғассон аз — Заъбий деган бир киши айтадилар: “Отам билан иссиқда пиёда кетаётган эдик, олдимиздан Абу Ҳурайра чиқиб қолди. Абу Ҳурайра: “Ёнингдаги ким?” деди. Мен унга: “Отам” деб жавоб бердим. У “Отангдан олдин юрма, орқасида ёки ёнида юргин. Отанг ётган уйнинг томида юрма, Отангнинг назари тушган гўштни ема, унинг егиси келган бўлиши мумкин”, деди.  Бу ривоятда фарзанд учун ота — она нақадар юксак мақомда экани акс этгани кўриниб турибди. Шу билан бир қаторда ота – оналар чиройли муомала ва хулқ – атвор соҳиби бўлса, фарзанд ҳам шундай бўлади. Бошқача айтганда, жамият ҳаётида ҳусни хулқ шаклланиши ва одатга айланиши учун ёш авлодни чиройли муомала ва гўзал ахлоқ руҳида тарбиялаш лозим. Чунки, гўзал хулқ ва тарбияга эга бўлмаган киши ҳеч қачон муваффақиятли натижага эриша олмайди. Шу боисдан ҳам, тарбия берувчи -мураббий аввало ўзи одоби билан ўрнак бўлиши лозим. Ана шундагина таъсир кучига эга бўлади ва аста секин кутилган натижага эришилади.

Албатта чиройли муомала ва гўзал ахлоқ аҳиллик, тотувлик, дўстлик манбаи. Яхши муомала билан не — не диллар қулфига калит топилади, яъни орзуларга йўл очилади.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари