Мутаассиблик ва унинг зарарлари

15

 

Бугун ислом жамиятида турли мутаассиб фикрлар авжига чиқди. Бунинг ягона сабаби Исломни нотўғри тушуниш бўлса ажаб эмас. Мутаассибликнинг зарари ҳар бир мусулмонни четда қолдирмай қўймайди. Шунинг учун бундай иллатга қарши туриш ва уни таг-томири билан қўпориб ташлаш лозим. Ушбу мақолада мутаассибликнинг айрим турлари ва унинг зарарлари ҳақида баъзи маълумотларни беришга ҳаракат қиламиз.

Ибн Манзур айтадилар: “таассуб – мутаассиблик” “асабият” сўзидан олинган бўлиб, одамни ўз уруғини қўллаб-қувватлашга чақириш ва уларга қарши чиққанларга, хоҳ улар золим бўлсин, хоҳ мазлум бўлсин, уларга қарши бирлашишга чорлаш каби маъноларни англатади.

Мутаассибликни инсонни қаттиққўл қиладиган ички туйғу деб таърифлаш мумкин. Шунинг учун ҳам у ҳеч қандай далил-ҳужжатсиз доим ўзини ҳақ, бошқаларни ноҳақ деб билади. Бу ҳис-туйғу муросасизликка асосланган ишлар ва муносабатлар шаклида намоён бўлади. Мутаассиб инсонлар бошқаларга нисбатан нафрат билан қарайдиган ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва инсонийлигини тан олмайдиган кишилар ҳисобланади.

Мутаассибликнинг бир қанча кўринишлари мавжуд.

Диний мутаассиблик. Аллоҳ азза ва жалла Исломга мажбурлаб киритиш мумкин эмаслигини баён қилиб шундай марҳамат қилади.

{لا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ فَمَنْ يَكْفُرْ بِالطَّاغُوتِ وَيُؤْمِنْ بِاللَّهِ فَقَدِ اسْتَمْسَكَ بِالْعُرْوَةِ الْوُثْقَى لَا انْفِصَامَ لَهَا وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ}

“Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради. Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ, узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади. Ва Аллоҳ эшитувчи, билувчи зотдир.” (Бақара, сураси, 256-оят)

Ақида, иймон масаласи инсон қалбига боғлиқ жуда ҳам нозик бир масаладир. Бу нарсани мажбур этиб, куч билан сингдириб бўлмайди. Балки ҳар бир инсон баён қилинган нарсаларга тушуниб иймон келтиргандагина мақсад ҳосил бўлади. Исломда ушбу қоидага қаттиқ риоя қилинади.

Ушбу қоидага амал қилиниб, тарихда одамларни, бошқалар каби, Исломга мажбур қилиб киритиш бўлмаганидан, балки барча халқлар ўз ихтиёри, ишончи ва ақидаси ила Исломни қабул қилганидан, бу дин қаерга борса, ўша ерда ўрнашиб қолди. Мажбурий йўл билан тарқатишга уринилган ақида ва мафкуралар эса, бақосиз бўлди.

Ирқий ёки миллий мутаассиблик. Терисининг ранги бир-биридан фарқ қиладими ёки йўқми, бундан қатъи назар маълум бир ирқ ёхуд миллатдаги кишилар томонидан бўладиган мутаассиблик назарда тутилади.

Фикрий мутаассиблик. Яъни ҳар доим бир томонлама фикр юритиш, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда уни қабул қилиш ва муҳокама қилишдан бош тортиш. Ислом васатийлик дини бўлгани учун инсонлар ўртасидаги ўзаро алоқаларда адолат тарозисини ўрнатиб қўйган.

Табақавий мутаассиблик. Бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида мушрикларни Исломга киришда қайсарликларига сабаб бўлган мутаассибликни мисол қилишимиз мумкин.

Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади.

{وَقَالُوا لَوْلا نُزِّلَ هَذَا الْقُرْآنُ عَلَى رَجُلٍ مِنَ الْقَرْيَتَيْنِ عَظِيمٍ}

“Улар: “Ушбу Қуръон икки шаҳардан (бирида) бўлган улуғ кишига нозил қилинганида эди”, дедилар.” (Зухруф сураси, 31-оят)

Мушриклар айтаётган “икки шаҳар” Макка ва Тоиф шаҳарларидир.

Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни инкор этиб, уни сеҳр, деб куфр келтирган мушриклар Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламдек етим, камбағал ва ҳеч бир мансаб эгаси бўлмаган кишининг Пайғамбарлигини ҳам инкор этдилар. Уларнинг жоҳилий ўлчовлари бўйича молу дунёси кўп, мансаби, ҳукми ва султони бор одам “улуғ киши” деб эътироф этиларди. Ана шундай одам Пайғамбар бўлишга лойиқ эди. Ўша пайтда мушрикларнинг бу мақомга номзодлари ҳам бор эди. Маккада ал-Валид ибн Муғийра, Тоифда Урвату ибн Масъуд ас-Сақафий исмли одамлар бўлиб, мушриклар ана шулардан бири Пайғамбар бўлса арзийди, деган фикрда эдилар.

Мутаассибликнинг кўплаб зарарлари бўлиб, уларни қуйидагича умумлаштириш мумкин. Мутаассиб одам ҳақиқатни қандай бўлса шундай қабул қилмайди. Чунки у ўзи мойил бўлган нарсани кўради, бошқалар кўрганини кўрмайди.

Шунингдек мутаассиблик ижтимоий алоқаларни кесади, келишмовчиликлар кўламини кенгайтиради ва самарали ечимларга эришиш имкониятларини камайтиради. Ҳақиқатни бўяб кўрсатиш ва воқеъликни сохталаштиришга ундайди. Шу  билан бир қаторда бизни тўғри қарорга келишдан маҳрум қилади. Шахслар ва жамиятларни баҳолашда хато қилишимизга сабаб бўлади.

 

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти

Ўқитувчиси Омон Қодиров