Тарбия барчага бирдек вожиб

27

 Барча ишдан хулқи хуш яхши эрур,

Хулқи хуш одамни эл иззат қилур.

Болани тарбиялаш жараёни жуда кўп сабр-тоқат, фидойилик ва машаққатли меҳнатни ўз ичига олган мураккаб ва машаққатли саёҳатдир. Болаларнинг шаклланиш даврида уларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва тарбиялаш, уларнинг масъулиятли, ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб вояга етишини таъминлаш ота-оналар ёки тарбиячиларнинг зиммасидадир.

Бу борада Пайғамбаримиз соллоллолу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ يُحَدِّثُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَكْرِمُوا أَوْلاَدَكُمْ وَأَحْسِنُوا أَدَبَهُمْ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Сизлар фарзандларингизни ҳурмат қилинглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар!” (Ибн Можа ривояти. Ривоят санади заиф).

Ушбу ҳадисга кўра, ота фарзандларига чиройли муомалада бўлиши, уларни иззат-икром қилиши керак. Аммо бунда меъёрни билиш лозим. Акс ҳолда отанинг тантилиги, еб-ичиш ва либос бобида ҳаддан ташқари хотамтойлик қилиши болалар тарбиясига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Шу сабаб бўлса керак, ҳадиснинг давомида болалар одобини чиройли қилишга чақирилмоқда.

Ота-боболаримиз айтганларидек: “Орқамиздан яхши тарбияли фарзанд қолдирайликки, ортимиздан фақат савоб борсин, ёмонлик бормасин”. Албатта, исломда тарбия вожибдир. Тарбия динимизда вожиб амал, деб эълон қилинган. Биз энг кўп ишлатадиган тарбия, мураббий сўзлари Аллоҳнинг “Роб” исми билан битта ўзакдан олингани тарбиячилар масъулиятини оширса керак, деб ўйлайман. Демак, бу енгил иш эмас. Тарбия – фақат таъсир, тартиб ёки назорат, тафтиш эмас, у илоҳий нарса. Тарбия фарзандни доим назоратга олиш, кузатиб бориш дегани, чунки Аллоҳ таоло Фотиҳа сурасининг биринчи оятида Ҳамд оламларнинг Роббиси — Аллоҳгадир, деган. Бу оятда Аллоҳ “Роб” исмини келтирган. “Роббил аъламийн” – бутун оламларнинг мураббийси дегани. Агар Аллоҳ мураббийлиги, яъни назорати, кузатувини лаҳза тўхтатса, оламлар издан чиқиб кетади.

Агар мураббий ёки ота-она фарзандига бир лаҳза эътиборсиз бўлса, фарзандлар тарбияси бузилиб кетади. Расули акрам соллалоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларки: Ҳар бир туғиладиган бола фитратда туғилади, яъни ҳар бир чақалоқ покиза бўлади, у оқ қоғоз кабидир. Бу ҳадисни муҳаддисларимиз ота-она бобида келтирмасдан тақдир бобида келтирганлари тарбиянинг тақдирга боғлиқлигини билдиради. Тарбияга кеч қолинмаса бўлди.Аллоҳ барчамизни ўзининг ҳидоятидан адаштирмасин ва фарзанд тарбиясида ўзи мададкор бўлсин.

А.Бозоров

Тафсир фани мударриси