Тежамкор одам қашшоқлик кўрмайди

34

Аллоҳ таоло Одамни яратгандан сўнг унга турли нозу неъматларни ато этиб, мана шу неъматларнинг шукрини қилишликка буюриб, исрофгарчиликдан қайтарди.

“Исроф” сўзи асли арабча сўз бўлиб, “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “нест-нобуд қилиш”, увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади. Аслида ҳар бир жамиятни тараққиёт кафолати тежамкорликдир.

Муқаддас динимиз Исломда исроф қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида:

وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلاَ تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

“Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас”, деб айтган (Аъроф, 31). Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ берган неъматларни исроф қилиш, уларни қадрига етмаслик гуноҳдир.

Нақл қилинишича Ҳорун ар-Рашиднинг ҳозиқ бир табиби бор экан. У бир куни олимлардан Алий ибн Ҳусайн ибн Воқидга: “Сизнинг Китобингизда (яъни Қуръони каримда) тиб илмига оид ҳеч нарса йўқ. Илмнинг ўзи икки хил: дин илми ва бадан (тиб) илми бўлади”, дебди. Шунда Алий ибн Ҳусайн ибн Воқид унга шундай жавоб қайтарган экан: “Аллоҳ таоло тиб илмининг борини ушбу оятнинг “енглар, ичинглар, (аммо) исроф қилманглар” деган жумлаларига жойлаб қўйган”.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”.

Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари ҳаражат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ таоло томонидан ҳам ман этилган. Тежамкорлик тўғрисида эса, Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида шундай марҳамат қилинади: “Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди” – деб таъкидланади. Ибн Аббос айтганлар: “Кимики бир дирҳамни беҳуда сарфласа, исроф қилган бўлади”.

Нафақа қилиш ва мол-дунёни сарфлашда ўртача йўлни ушлаган ва унга амал қилган инсонларни Аллоҳ таоло мадҳ этиб, бундай дейди:

“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”.

Ҳозирги кунда тўй ва маърака-маросимларда маълум даражада исрофгарчиликлар бўлаётгани ниҳоятда ачинарли. Айниқса, тўйдан кейинги дабдабабозликлар ниҳоятда авжига чиққан. Шу билан оилалар тинч-тотув бўлиб кетса-ку майли, қанча-қанча оилалар арзимаган «қилди-қилмади», деган гап-сўзлар билан бузилиб кетяпти. Демак, ўткинчи орзу-ҳавасни деб ҳаётимизни машаққатга тўлдириб, охиратда ҳам бўйнимизга оғир жавобгарликни илиб олмайлик. Саҳобаи киромлардан бирлари Расули Акрам (с.а.в.)дан тўйни қандай қилиш ҳақида сўраганларида, Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом: «Битта қўй сўйгин», деганлар. Мен бир неча қўй сўйишга қодирман, деб қайта-қайта сўраганларида, «Эй молинга Худо барака бергур, битта қўй сўйгин» деганлар. Шундай экан, ҳар бир мўмин мусулмон ҳаёти мобайнида турли хил исрофларга йўл қўймасдан, илоҳий китобларда зикр қилинган оят ва ҳадисларга мувофиқ яшамоқлари лозимдур. Бинобарин, юқорида келтирилган оят ва ҳадисларга амал қилайлик.

Аллоҳнинг нозу неъматларини суистеъмол қилмай, тежамкорлик ва тадбиркорлик ила ҳаёт кечирайлик. Айниқса, ризқу рўзимизнинг асосий рамзи бўлмиш нон ва сувни қадрига етайлик ва эъзозлайлик. Шундагина Ҳақ таоло ўз неъматларини янада зиёда қилажак, иншоаллоҳ. Исроф  деганда  фақат  маблағ,  бойлик  ёки  мулкни совуриш  тушунилмайди.  Қимматли  вақтни  беҳуда  кетказиш,  фойдали  ишларга сарфламаслик  ҳам  исрофдир.   Куч-қувват  ва  салоҳиятни  эл-юртга  ёки  ўзига фойда  келтирмайдиган  нарсаларга  йўллаш  ҳам  исрофдир.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ниҳоятда бир ибратли гаплари бор: “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”. Дарҳақиқат, Аллоҳ розилиги йўлида ўзгаларга ҳар қанча хайр-эҳсон (яъни, яхшилик) қилсангиз ҳам ортиқчалик қилмайди, исроф бўлмайди. Аксинча ҳар қандай ишда исрофга йўл қўйсангиз, у ҳар қанча чиройли кўринмасин, ортида ҳеч бир яхшилик йўқ.

Ўткир МАҲМУДОВ

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси