АЛИШЕР НАВОИЙ – МИЛЛАТ ФАХРИ
38

Дунёда шундай инсонлар борки улар мангу барҳаётдир.Уларнинг номи йиллар, асрлар ўтгани сари инсонларнинг қалбига муҳрланиб бораверади. Шулардан бири улуғ аждодимиз, ўзбек адабиётининг асосчиси, шоир, олим, маърифатпарвар, файласуф, давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер Навоийдир.
Яратганга шукрлар бўлсинки, мустақиллик бизга барча қадриятларимиз қатори Алишер Навоий меросини ўрганиш учун кенг имкониятлар яратди. 1991 йилда Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги тантанали нишонланди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти таъсис этилди. Тошкентда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи барпо этилди ва бу боғ ўртасида шоирнинг салобатли ҳайкали қад кўтарди. Шоирнинг 20 жилдли мукаммал асарлар тўплами нашр этила бошланди.
Юртимизда Алишер Навоий хотираси юксак даражада эъзозланади. Бир вилоят, шаҳар, олий ўқув юрти (Тошкентдаги Давлат кутубхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти, Адабиёт музейи, Тошкентдаги Катта академик опера ва балет театри, Санъат саройи, Тошкентдаги метро бекати, ўнлаб кўчалар ва жамоа хўжаликлари унинг номи билан аталган. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланиб санъатнинг ҳар бир турида асарлар яратилган. Ҳар йили Алишер Навоий туғилган кун — 9 февралда илмий-анъанавий конференция ўтказилиб, Алишер Навоий меросини ўрганиш соҳасида қилинган йиллик ишларга якун ясалади. Бу йил ҳам бобокалонимиз Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги юртимизнинг барча жойларида ифтихор ва кўтаринки руҳ билан кутиб олинмоқда. Алишер Навоий қолдирган маънавий мерос — унинг нодир асарлари мангуликка дахлдордир.
Алишер Навоий 1441-йил 9- февралда Ҳирот шаҳрида туғилди. Унинг отаси Ғиёсиддин Кичкина бир неча қариндошлари темурийлар саройига яқин турган амалдор, бувилари эса темурий шаҳзодаларнинг энагалари бўлган. Алишер гўдаклигида темурий шаҳзодалар билан бирга тарбияланди. Тўрт ёшида ўқишга бердилар. У 10-12 ёшларидаёқ илк шеърлари билан танилиб, катта санъаткорлар ва олимларнинг диққатини ўзига жалб қилган эди. Алишер отадан ёш етим қолди. У маърифатпарвар ҳукмдор Абулқосим Бобур қарамоғида тарбиялана бошлади ва 15 ёшида Султон Ҳусайн Бойқаро билан бирга Абулқосим Бобурнинг саройида хизмат қила бошлади.
Навоий тахминан 18-19 ёшларида Абдураҳмон Жомий билан танишади. Навоийнинг билим савияси ва адабий қобилиятидан мамнун бўлган Жомий уни ҳам шогирд, ҳам фарзанд деб билади. Навоий Самарқандда Саккокий ва бошқа шоирларнинг бадиий мероси билан яқиндан танишди. 1469-йил Ҳусайн Бойқаро Ҳирот тахтини эгаллагач, Навоий Ҳиротга қайтиб келади ва саройда муҳрдорлик вазифасини эгаллайди.
У форс – тожик тилини ҳам ўз она тилидек севди, бу тилда ҳам ажойиб асарлар яратди ва форс — тожик шоирларига катта эҳтиром билан ёндашди, улар билан ижодий ҳамкорлик қилди, араб тили ва унинг лексикаси билан шуғулланди. Ҳусайн Бойқаро ҳокимият ишларида Навоийнинг ақл ва садоқатига таяниб иш кўрди. Уни қаршилигига қарамасдан, юқори мартабаларга тайинлади, 1472-йилда эса “амир”(вазир)ликка қўйди. Буюк шоир “амири кабир” (улуғ амир), “амирул муқарраб” (подшога энг яқин амир) унвонларига мушарраф бўлди.
Унинг вазирлик йиллари Ҳиротда ободонлик авж олган, маданият гуллаб-яшнаган давр бўлди. Алишер Навоий шеърни, шоирликни ҳамма нарсадан баланд тутди. Вазирлик мартабасида туриб ҳам шеър ёзишни тўхтатмади. Улуғ шоирнинг илк шеърий девонини мухлислари тузган бўлсалар, биринчи девони – “Бадое ул-бидоя” (“Бадиийлик ибтидоси”)ни 1472-1476 йилларда шоҳнинг амри ва истагига кўра ўзи китоб қилди. 1485-1486-йилларда иккинчи девон –“Наводир ун-ниҳоя”(“Ниҳоясиз нодирликлар”) майдонга келди. Алишер Навоий 1481-1482-йилларда “Вақфия” асарини ёзади.
Алишер Навоийнинг энг катта орзуси достон ёзиш, биринчи навбатда, ХII асрнинг буюк шоири Низомий Ганжавий (1141-1209) дан кейин шоирлик қудтарининг мезонига айланиб қолган “Хамса” яратиш эди. 1483-йилда oз “Хамса”сини ёза бошлайди ва 1485-йилнинг бошида тугатади. Шоир ишлаган кунлар ҳисобга олинса, 54 минг мисралик улкан обида 6 ойда битказилади. Туркий тилда биринчи маротаба “Хамса” яратилади. Олиму фузало — барча бу ҳодисани зўр олқиш билан кутиб олдилар. 1480-1490-йиллар Навоий учун бадиий ижодда самарали давр бўлди. Шоир “Хамса” дан кейин кетма-кет насрий китоблар яратди. У 1488-йилда ёзган “Тарихи мулки ажам” (“Ажам шоҳлар тарихи”) шуларнинг биридир. Бу асар “Муҳокамат ул-луғатайн”да “Зубдат ут-таворих”(“Тарихлар қаймоғи”) деб ҳам аталади. Шоирнинг 1500-йилнинг охирларида ёзиб тугатган “Маҳбуб ул-қулуб” асари унинг энг сўнгги асари бўлиб қолди. Навоий 1501-йилнинг 3-январида вафот этади.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
