Энг узоқ ва энг яқин йўлнинг манзиллари
15

Ҳар бир нарсанинг занглаши бор. Қалб нурининг занглаши қорин тўқлигидир.
Имом Бутий ҳазратлари
Аллоҳ ва банда орасидаги йўл, масофа қанча? Ким бу йўлни тўғри танлайдию кўзлаган манзилига етиб бора олади?
Бу ҳар бир мўмин-мусулмоннинг дилига ўрнашган ва ҳамиша уни ҳаяжонга солган, умидлантирган, ҳаракатга ундаган ва баъзан ҳижолатга солган саволлардир…
Аллоҳ таоло ўзининг мўмин бандаларини ғафлат уйқусидан уйғотиш ва уларда хушёрликни ошириш ҳамда Аллоҳ билан боғланган ҳолда тавба қилиб ўз Мавлосига талпинишлари учун аҳён-аҳёнда уларни турли мусибатлар билан синовдан ўтказиб туради.
Баъзида инсон ўзининг ожизлигига бориб, бажариши лозим бўлган вазифаларини унутиб қўяди. Аллоҳ бандаларига меҳрибон зотдир. Бизларни ўзининг раҳматига эриштириш мақсадида турли йўллар билан бизларни ўзига чорлаб туради. Ана шу чорлов услубларидан бири инсонларни ғафлат уйқусидан уйғотиш учун уларга турли синовлар юбориб туришидир. Одатда инсон қийин ҳолга тушганда ёрдам излаб қолади. Шу сабаб унинг қалб кўзи очилиб Холиқини эслайди ва Унга илтижо қила бошлайди. Бу эса инсонни Роббисига яқинлаштиради.
Инсонлар 3 тоифадирлар:
- Ҳақни топиб, унга амал қилувчилар. Булар ҳақиқий мўминлардир.
- Ҳақни танимаслар, булар насоролардир.
- Ҳақни таниса-да, унга амал қилмайдиганлар. Булар яҳудийлардир.
Агар инсон илм ва ва амални жамласа, биринчи тоифадандир, агар илм ўрганмаса, иккинчи тоифадандир, агар илмига амал қилмаса, учинчи тоифадандир.[1]
Эй Одам фарзанди! Қачонгача “Аллоҳ, Аллоҳ”, дейсиз-у, қалбингиз, машғулотингиз, ҳимматингиз Аллоҳдан ўзгаси билан банд. Аллоҳдан ўзгасидан қўрқдингиз, бас, энди қайсарлик қилмаган ҳолда Аллоҳдан кечирим сўранглар. Чунки қайсарлик билан (яъни, хатодан қайтмасдан) мағфират тилаш ёлғончиларнинг тавбасидир. Роббинг бандаларига зулм қилувчи эмас. Ажалинг орзу-ҳавасларинг устидан кулади. Қазои қадарим эҳтиёткорлигингга кулади. Тақдирим тадбирингдан кулади. Тақсимотим ҳою-ҳавасингга кулади. (Ризқ) талабига беэътибор бўл. Қазои қадаримга, тақсимотимга бўйсун. Чунки ризқинг ўлчанган, тақсимланган. Тақдир қилган нарсам муҳрлаб қўйилган, (солиҳ) амалларни қилиб, охиратинг учун шошил. Билгинки, дунёдаги ризқингни ўзингдан бошқа ҳеч ким емайди. Биз уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчилигини ўрталарида тақсимладик ва баъзиларининг даражаларини бошқаларникидан кўтариб қўйдик. Мен дунёга ваҳий қилдим: “Эй дунё, дўстларимга хор ва арзимас бўлиб кўрингин, токи улар дийдоримга муштоқ бўлишсин”.
Агар қалблар қорайиб кетган бўлса ва айтилган бу сўз, ўз моҳиятимизни англашимиз учун кифоя қилмаса ҳамда қалб ўз моҳиятидаги бу кўринишни ташлаб юборишдан ва ўзига мўмин ҳолида қайтишдан дийдаси қотиб қолган бўлса, оғзи очилган лаҳадга бориш учун мунтазир турган жаноза билан бирга борсин.
Қабрга олиб кетилаётган бу тобут ичида нимани топиш мумкин? Эҳтимол буни ичида ҳаётлик даврида чиройда ўрнак қилиб кўрсатилган қиз бўлиши мумкин. Мисол қилиб кўрсатилган бу қизнинг бугунги ҳоли нима бўлди? Кўриниши қўрқинч ва ҳаяжон соладиган катта жасадга айланди.
Ёки эҳтимол бу тобут ичида, кечагина хайбатли кўринган инсондир. Эҳтимол юрганида уни кўрган одамлар қалбига қўрқув соладиган ва хоҳлаган нарсани бажариб, истаган нарсага ҳукм қилиб юрган салтанат хассасини тутган қувват эгасидир. Унга бугун нима бўлди?! Бу тобут ичида чўзилган холида ҳаркатсиз катта танага айланди. Сиз ҳам эрта бир кун бу ҳолатга тушмайсизми? Шундай экан сиз Аллоҳнинг тутқичидасиз. Сиз тутқичида бўлган зот ким, албатта у, Мавлойимиз бўлган Аллоҳдир.
Ҳақни топиб, унга амал қилишга уринаётган инсон, агар ёнида ҳеч ким бўлмаса ҳам, ҳидоят йўлида ўзи ёлғиз бўлмайди. Бу йўлдан ундан олдин ҳам йўловчилар ўтганини эслаши ва ундан кейин ҳам яна кимлардир ўтишини ёдида тутиши лозимдир!
Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
[1] “Мусулмон учун зарур билимлар” Акмал Мираваз ўғли. “Movarounnahr”, 2020
