ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚҚИ

23

Доно халқимизда “Ҳовлидан олдин қўшни ол”, “Ҳовли олма қўшни ол” деган ажойиб сўзлар бор.  Дарҳақиқат, ҳовлининг баҳоси қўшнининг қадрига, қандайлигига боғлиқ. Солиҳ қўшни кишининг саодатидандир.

Ислом дини қўшнининг ҳаққини улкан қилди. Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шунақанги кўп гапирдиларки, ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шариат қўшнини ҳам мерос оладиганлар қаторига қўшса керак, деб ўйладилар.
Бир ҳадисда бу ҳақида шундай дейилган: “Жаброил менга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида тўхтамай гапираверди, ҳатто мен “Қўшнини ҳам меросхўр қилса керак” деб ўйладим”.

Қуръонда қўшнига яхшилик қилиш ҳақида кўплаб оятлар бор. Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилиб шундай деган: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси, 36 оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшнига яхшилик қилиш, уни икром қилишга қандай ундаганларига назар солинг! У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, банда, то ўзига яхши кўрган нарсани қўшнисига ҳам яхши кўриб, раво кўрмагунча комил мўмин бўлмайди” деганлар.  Қўшнисига яхшилик қиладиган киши Аллоҳнинг наздида инсонларнинг энг яхшиси бўлади. Бунга ушбу ҳадис далил: “Аллоҳнинг наздида дўстларнинг яхшиси дўстларига яхшилик қилувчисидир. Аллоҳнинг наздида қўшниларнинг яхшиси қўшнисига яхшилик қилувчисидир”.

Хўш, қўшни ким? Қўшни – сизга ёндош бўлгани, уйи уйингизга туташганидир. У мусулмон бўладими ёки кофир бўладими, сизга уйи туташган бўлса, қўшни ҳисобланади. Қўшничиликнинг чегараси ҳақида уламолар турли гапларни айтганлар. Урфга кўра, бир маҳаллада яшаётган кишилар ўзларига қанча хонадонни қўшни деб билсалар, шулар қўшни ҳисобланади. Қўшнилар ўз мартабаларига кўра тафовут қиладилар. Мусулмон ва қариндош қўшнилар бор, мусулмон, аммо қариндош бўлмаган қўшнилар бор, мусулмон эмас, аммо қариндош қўшнилар бор, мусулмон ҳам, қариндош ҳам бўлмаган қўшнилар бор. Буларнинг ҳаммаси кўплаб ҳуқуқларда иштирок этсалар ҳам, баъзилари ўзларининг ҳолатлари ва мартабалари эътиборидан бошқаларидан зиёдароқ ҳуқуқларга эга бўладилар.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас”, дедилар. “Ким, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашган эди, “Ёмонлигидан қўшниси хотиржам бўлмаган кимса”, дея жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).

Қўшничиликнинг кўринишлари

Кўпчилик инсонлар қўшни деганда фақат ҳовли қўшничилигини тушунадилар. Албатта, бу ҳам қўшничиликнинг кўринишларидан бири. Лекин яна шундай турлар ҳам борки, улар ҳам қўшничилик ҳисобланади. Ишдаги қўшничилик, бозордаги қўшничилик, деҳқончиликдаги қўшничилик, мактаб курсисидаги қўшничилик ва бошқа қўшничиликлар.

Қўшнининг ҳақлари:

Шубҳа йўқки, қўшнининг ўз қўшнисида кўплаб ҳақлари бор. Қуйида энг муҳим ҳақларга ишора қиламиз: Саломига алик олиш ва чақирган жойига бориш.
Булар гарчи мусулмонларнинг бир-бирлари зиммаларидаги умумий ҳақларидан бўлса ҳам, қўшничилик борасида янада таъкидлироқ бўлади. Чунки, бир-бирига салом бериш, тўй ва бошқа маросимларга чақирганда бориш қўшничиликни мустаҳкамлайдиган, қўшниларнинг бир-бирига меҳру муҳаббатини, улфатлигини кучайтирадиган омиллардандир.

Қўшнининг аҳволидан хабардор бўлиб туриш ва ҳожатларини раво қилиш.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ён қўшниси очлигини била туриб, қорни тўқ ҳолда тунаган киши менга иймон келтирмабди”. Салафи солиҳлар қўшниларидан хабар олиб, уларнинг ҳожатларини раво қилишга шошардилар.  Солиҳлардан бирларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг биридан ҳадя келди. Ҳадяни олган киши уни қўшнисига юборди. Шу тарзда ҳадя ўнта ҳовлини айланиб чиқиб, яна биринчи кишига қайтиб келди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо қўй сўйганларида, хизматкорларига: “Агар гўштни теридан ажратсанг, (беришни) яҳудий қўшнимиздан бошлагин!” деганлар. Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан: “Менинг иккита қўшним бор. Уларнинг қайси бирига ҳадя берай?” деб сўраганларида, у зот алайҳиссалом: “Эшиги сеникига яқинроғига” деб жавоб берганлар.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки, жамиятнинг саодати, бирдамлиги, аҳоли ўртасида муҳаббатнинг кенг ёйилиши юқорида санаб ўтилган ва бошқа кўплаб қўшничилик ҳақларини ўз ўрнига қўйиш билан бўлади. Ҳозирги пайтда шу ҳуқуқлар борасида камчиликларга йўл қўйилмоқда. Ҳатто ёнма-ён қўшнисининг исмини билмайдиган қўшнилар бор. Қўшнисига тўхтовсиз озор берадиганлар, қўшнисига хиёнат қиладиганлар, қўшнисининг қорни оч-тўқлиги билан иши бўлмайдиганлар бор. Бу ишлар кабира гуноҳлардандир.
Аллоҳдан биз мусулмонларни қўшничилик ҳақларига риоя этишимизга тавфиқ беришини сўраймиз.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий”ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари