Никоҳ ва оилага оид муҳим шаръий масала

24

Ҳар-бир инсон ахлоқ-одоб ва ижтимоий муносабатларни оилада ўзлаштиради ҳамда шунга мувофиқ инсоний фазилатларни намоён этади. Баркамол инсонни шакллантириш, уни ҳаётга тайёрлаш ва эзгуликка йўналтириш – оиланинг муқаддас вазифасидир. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият мустаҳкам, турмуш янада фаровон бўлади.

Аллоҳ таоло оила қуриб яшаш инсоний фитратга мувофиқ эканини эслатиб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир” (Рум сураси 21-оят).

Никоҳ – Исломдаги энг муқаддас тушунчалардан бири. Чунки айнан никоҳ битими туфайли бошқа-бошқа хонадонда, ўзга шароитларда вояга етган икки ёш бир оила бўлиб яшай бошлайдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларида никоҳланишга тарғиб қилиб шундай деганлар: “Эй, ёшлар жамоаси сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин, бу унинг учун (ҳаромдан) сақланишидир” (Имом Бухорий ривоятлари).

Миллий қадриятларимизга кўра, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат тусига кирган. Бу ҳам аслида динимиздаги гўзал одатларидан ҳисобланади. Буюк саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюришар эди”, – деганлар.

Никоҳ ва оилага алоқадор бўлган муҳим бир шаръий масала – талоқ масаласидирки, бугунги кунда баъзилар ушбу нозик масалага енгил қарамоқдалар. Билиб-билмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан “талоқ” лафзини ишлатиб қўймоқдалар.

“Талоқ” сўзи айтилганда никоҳ бузилади. Аслида, талоқ – энг охирги чора сифатида жорий қилинган бўлиб, Аллоҳ таолога хуш келмаслиги ҳадиси шарифларда ворид бўлган. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилганлар: “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ учун энг нохуш нарса – талоқдир” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Баъзи эрлар ўзлари ва оилаларига бахтсизлик ва мушкулот йўлини тутиб, шариат ҳукмларига хилоф тарзда “талоқ” сўзини кўп ва бўрттириб қўллаш ҳолатлари авж олмоқда. Аслида бу – улкан маъсият ва ҳаддан ошишдир. Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда шундай дейилган: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга хотинини учта талоқни жамлаб талоқ қилган киши ҳақида хабар берилди. У Зот ғазабнок ҳолда ўрниларидан туриб: “Мен олдиларингизда бўлсам-у, Аллоҳ таолонинг Китоби билан ўйнашиладими?!”, – дедилар. У Зотнинг қаттиқ ғазабланганларидан ҳатто бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?” – деб юборди” (Имом Насаий ривоятлари).

Талоқни эрмак қилиш, бўлар-бўлмас сабаблар билан аёлни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз зарур. Тилга эрк бериб, ноўрин “талоқ” сўзини айтган ёҳуд унда ҳаддидан ошиб, бир лафзда “уч талоқ”, “минг талоқ” ёки “қум талоқ” каби иборалар ила хотинига талоқ қилган киши улкан гуноҳни амалга оширган, Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиб, шайтонни хурсанд қилган бўлади.

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: “Бахтсизликнинг нишонаси қуйидаги нарсаларда кўринади:  бешарм ва беҳаё бўлиш, кўнгли қаттиқ ва дағал бўлиш, молу дунёга ҳаддан ортиқ муккасидан кетиш”, – дер эдилар.

Маст қилувчи ичимликлар, гиёҳвандлик, беҳаёлик ва зино каби шариатимиз қаттиқ ва қатъий қайтарган ишларни қилиш оқибатида ҳам жуда кўп оилалар бузилмоқда. Ногирон фарзандлар дунёга келмоқда. Баъзи эркаклар ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликни одат қилиб, оила тинчлигига путур етказади, охири талоқ вужудга келиб, оила пароканда бўлади. Натижада хотин бева, болалар эса тирик етимга айланади. Гуноҳ устига гуноҳ бўлиб, оила бузилиши қариндошлар нотинчлиги, жамият заифлашувига олиб келади.

Шундай экан, барчамиз биргаликда ушбу омилларнинг олдини олишимиз лозим. Фарзандларимизга оила маданияти ва оилавий муносабатларни ёшлик пайтиданоқ ўргатиб боришимиз керак. Шунда оилаларимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, юртимиз обод ва жамиятимиз маънан соғлом бўлади.

Музаффар Қосимов

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари