Терроризм ва экстремизмнинг салбий таъсири
28

Бугунги кунда терроризм ва экстремизмга қарши кураш жаҳон ҳамжамияти учун энг долзарб масалага айланди. Шу жумладан, бизнинг юртимизда ҳам бегуноҳ кишиларнинг қони тўкилиши, обод жойлар вайрон бўлиши, аҳоли ўртасида ваҳима, парокандалик келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида бу каби ишларни амалга оширмоқчи бўлганларга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда.
Терроризм – жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотишга қаратилган сиёсий курашнинг ўзига хос усулидир. У яширин руҳдаги ташкилотлар томонидан беқарорлик келтириб чиқариш орқали давлат ҳокимиятини эгаллаш мақсадида қўлланилади. Террорчи уюшмалар оммавий бўла олмагани учун ҳам кўп ҳолларда аҳолининг кенг қатламлари номидан ҳаракат қилиш таассуротини уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаланадилар.
Экстремизм сўзи “ҳаддан ошиш”, “ўта тажовузкорлик” каби маъноларни билдиради. Жамиятда қабул қилинган қадриятлар ва меъёрларга зид қарашларни илгари суриш, кескин қарашлар ва чораларга мойиллик экстремизмнинг асосий хусусияти ҳисобланади.
Ёшларнинг турли террорчи ва экстремистик оқимларга кириб қолишлари сабаблари қаторида уларнинг билимлари, шу жумладан, диний илмларни эгаллашга бўлган қизиқиш ва интилиши ҳамда ишонувчанлиги, бирданига ва ҳамма нарсага (бойлик, шон-шуҳрат, мартаба ва ҳ.к) эга бўлишга ҳаракат қилиши, илмий тилда айтганда “максимализм” каби маънавий-руҳий омилларни алоҳида ажратиб кўрсатиш лозим.
Ислом дини миллионлаб кишиларнинг дунёқараши мазмунини ташкил этган ҳолда маънавий қадриятларни сақлаб қолиш ҳамда авлоддан-авлодга етказишда беқиёс аҳамиятга эгадир. Терроризм ва экстремизм ғоялари таъсирига берилган кимсалар ҳар қанча уринмасинлар муборак ислом дини, халқимизнинг келажакка бўлган ишончи, эътиқодини, тинчлигимизни оёқости қилолмайдилар ҳамда ўзбек халқини ўзи танлаган демократик тараққиёт йўлидан қайтара олмайдилар. Зеро, халқимиз ислом динидан ўзларининг қабиҳ сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган бузғунчи кучларнинг асл мақсадини англаб етди ва мамлакатимизда олиб борилаётган виждон эркинлиги, диний бағрикенглик ва демократияга асосланган дунёвий давлат қуриш сиёсатини тўла қўллаб-қувватлайди.
Билибми ёки билмай бу каби бузғунчи террористик ва экстремистик гуруҳлар қаторига кириб қолган ёшларга ҳали вақт борида ортга қайтинг ва ёруғ келажагингизни хавф остига қўймасдан, юртимизда яратилган кенг имкониятлардан тўғри фойдаланиб, ҳамиша шукроналик ҳисси билан яшанг деймиз.
Қодиров Омон,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси
