Ёшлар тарбияси — муҳим вазифа

22

Ёшларнинг жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадан тарбия машқлари билан шуғулланиш балки инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, балки ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш назарда тутилади. Қуйидаги ҳадиси шариф шунга далолат қилади. Абу Рофиъ айтадилар: Мен: Ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам! Бизнинг болаларимизда ҳаққимиз бўлгани каби, уларнинг ҳам бизда ҳақлари борми? – деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, боланинг отадаги ҳаққи унга ёзишни, сузишни, камондан отишни ўргатиши ҳамда ҳалол ва покиза нарсалар бериб тарбиялашидир”, – дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).

Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ва дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг асосан охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм инсоннинг асосан дунёсини ободлиги учун зарурдир. Бу ҳақда Имом Суютий  раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини “Ал-Жомиъус соғир” асарларида қуйидаги хабарни келтирганлар: “Сизларнинг энг яхшингиз – бу дунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирувчи бўлмаганингиздир”. Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.

Ҳар бир киши фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлар экан, фарзандини ёшлигиданоқ одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил бузғунчи оқимлар ва кимсалар фитналаридан сақланиши ва бошқа зарурий нарсаларни ўргатиши ҳам лозим бўлади. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг жиддий ва катта камчилиги ҳисобланади.

Уламоларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Ёшларни ҳам “ҳали ёшку” демасдан, уни ўз вақтида одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандларимиздан ҳам Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Алишер Навоий, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний каби буюк олиму алломалар чиқади.

Зеро, имон-эътиқоди мустаҳкам, илм-маърифатли, жисмонан соғлом ёшлар юртнинг буюк келажаги гаровидир. Буларнинг барчаси ҳукуматимиз томонидан фарзандларимизнинг илм олишлари, аждодларига муносиб авлод бўлишларига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти маънавий-маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари