Муҳтожларга кўмак бериш — мўминнинг иши
26

Исломда ўзаро меҳрибонлик, сахийлик, қийналган кимсага ёрдам бериш ва ҳожатбарорлик каби хислатларга кенг тарғиб қилинади. Дарҳақиқат, инсон нафақат ўзи ҳақида ўйлаши, балки ўзгалар дарди билан ҳам ҳамнафас бўлиб яшаши керак. Чунки, Аллоҳ таоло чин мўмин-мусулмонларни Қуръони каримда шундай таърифлаган: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Бу борада Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз умматларини сифатлаб шундай деганлар: “Мўмин мўминга нисбатан бир-бирини мустаҳкам тарзда ушлаб турган бино сингаридир” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, биз жамиятда яшар эканмиз, кундалик ҳаётимизда қўни-қўшни, дўсту ёрлар ва турли инсонлар билан мулоқотда бўламиз. Уларнинг орасида бошига мусибат тушган, қарзга ботган, оғир дардга учраган ва бошқа қийинчиликларга дуч келгани бўлади. Бундай ҳолатдаги инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида кўмак бериш мўминлик вазифаси ҳисобланади.
Имкониятимиз бор экан, иложи борича ўзгаларга манфаатимиз тегадиган, ва муҳтожнинг ҳожатини чиқарадиган ишларни қилиб олишимиз керак бўлади.
Аллоҳ таоло “Мунофиқун” сурасида шундай деган: “Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келганда: “Эй, Раббим! Мени озгина (тирик) қолдирсанг-чи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!” – деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз”! (Мунофиқун сураси, 10-оят).
Пайғамбиримиз саллалоҳу алайҳи васаллам боқувчиси йўқ ва мискинларга ёрдам берган кимса ҳақида шундай деганлар: “Бева ва мискинларни боқиш йўлида саъй-ҳаракат қилувчи киши худди Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи кишидек ва кундузи рўзадор кечаси эса ибодатда қоим бўлган кишидек (ажр-савобга эга бўлади)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Қавму қариндош ва маҳалла кўй ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиб машаққат ва ташвишларини аритиш ҳам мўминнинг оғирини енгил қилишга киради.
Нафақат моддий ёрдам балки, маънавий ёрдамга муҳтожларни ҳам эътиборимиздан четда қолдирмаслигимиз керак. Қавму қариндош ва маҳалла-кўй ичида адашиб, нотўғри йўлларга кириб қолган кимсаларга ёрдам қўлимизни чўзиб, улар билан самимий муносабатда бўлишимиз лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким одамларни ҳидоят йўлига чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича савоб бўлади. Ким одамларни залолат йўлига чақирса, Унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади” (Имом Муслим ривояти). Яна бир ҳадисларида шундай дедилар: “Аллоҳга қасамки, сен туфайли бир кишининг ҳидоят топиши сен учун қизил туяларинг бўлишидан яхшидир” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳар биримиз моддий ва маънавий кўмакда бардавом бўлсак юқорида баён қилинган улкан савобларга эришамиз.
Энг савобли ишлардан яна бири етимни кафолатига олишдир. Бунга бериладиган ажру мукофотлар ҳақида Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар келган. Жумладан у зот машҳур ҳадисларида шундай деганлар: “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз”, — деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга ва етимларга ғамхўрлик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саховатли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин…..
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
