ОИЛАДА ЭР КИШИНИНГ МАСЪУЛИЯТИ

109

Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада эркак кишининг масъулияти алоҳида қайд этилган. Аллоҳ таоло эркак кишини жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратган. Оила қуриш ва унинг осойишталигини сақлаш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркак кишининг зиммасидадир. Аллоҳ таоло эркак кишига оиладек муқаддас даргоҳга раҳбар бўлиш вазифасини юклаб, унга юклатилган вазифаларни адо этишга буюриши билан бундай оилаларни бахтли бўлишларига йўл кўрсатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари(аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” – деган.

Аллоҳ таоло эркакларни аёллардан устун қилди, дейилса қисқароқ бўлар эди. Оят бундай шаклда нозил бўлганини муфассир олим Али Ас-Собуний қуйидаги тамсиллар билан изоҳлайди: “Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло аёлни эркакдан яратган бўлиб, улар аслида бир тан, худди бир танада жойлашган иккита руҳлигига эътиборни қаратди. Шунинг учун уларнинг бири иккинчисига худди ўз тана аъзолари бир-бирига ҳарис бўлганидек ҳарис бўлиши керак. Эркак ва аёл тана аъзоларига ўхшаб, бири бош бўлса, бошқаси юрак ва бадан бўлсин. Ҳеч қайси бир аъзо бошқа аъзодан ўзини юқори тутмай, ҳар бири ҳаётда ўз вазифасини бажаради. Одам жисмида қулоқ, кўз, юрак, қўл ва ундан бошқа аъзолар бор. Қулоқ кўзсиз, қўл оёқсиз яшай олмайди. Шу сабабли қалб меъдадан, бош эса қўлдан афзалроқ эмас, чунки уларнинг ҳаммаси ўз вазифасини интизом билан бажариб, бири иккинчисисиз туролмайди.

Минг йиллар давомида юртимизда ота шахси улуғланиб, юқори даражада иззат-ҳурматга лойиқ кўриб келинмоқда: Ота — уйнинг тўрида ўтирган! Ота — ҳал қилувчи гапни айтган!  Ота — ўтирган уйнинг томига фарзанд чиқмаган!  Фарзанд йўлга отланганда оқ фотиҳани ота берган! Хуллас, ота шахси оилада олий даражага кўтарилган.

Муқаддас динимиз таълимотлари бўйича, оила ҳар қандай жамиятга асос бўлувчи ғишт кабидир. Бир бошлиқ, раҳбари бўлмаса, у ҳам парокандаликка юз тутади. Шунга кўра Аллоҳ таоло эрни оилада бошлиқ – раҳбар этиб қўйган. Чунки эркак киши ҳам жисмонан, ҳам маънан шу мақомга лойиқдир. Оиланинг барча нафақаси, сарф-харажати, уни ҳимоялаш эрнинг зиммасидадир. Аммо эркак оилани бошқаришда асло қўполлик, зулм қилиши мумкин эмас. Қолаверса, эрнинг раҳбар қилиниши мутлақо аёлни камситиш эмас. Айрим ғанимлар даъво қилаётганидай унинг ҳуқуқларини чеклаш ҳам эмас, балки оила-рўзғорнинг ташвиш-машаққатларидан фитран нозик яратилган аёлни озод қилиб қўйиш, турмуш оғирликларини табиатан бақувват эркакка юклашдир.

Қолаверса, эрнинг раҳбарликка маънавий ҳуқуқи ҳам бор. Чунки у аёлга нисбатан эҳтироси ва ҳаяжонини жиловлай оладиган бўлгани учун ҳам оила тотувлигининг гарови саналади.

Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини чтройли адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга эришади.

Аслида, бу раҳбарлик масъулиятдир. Масъулият бўлганида ҳам, улкан масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан, эркак киши оиланинг, жумладан, аёлнинг ҳомийлигини, боқувини, муҳофазасини адо этмоғи лозим.

Минг афсуски, айрим оилаларда отанинг ўрни пасайиб бормоқда. Бунга эса уларнинг ўзлари айбдор эканлигини инкор қилмаймиз. Тайинли бир жойда ишламаслик, ичкиликка ружу қўйиш, ҳар хил “гап-гаштаклар”, осон ва енгил яшашга интилиш эркаклар мавқеини, таъсир кучини кесмайди деб ким айта олади?

Отанинг ойлаб фарзандлари тарбияси билан шуғулланмаслиги, шаклланаётган шахсга намуна бўла олмаслиги табиийки бора-бора унинг мавқеини пасайтиради.           Психологларнинг таъкидлашларича, болага хулқ-атвор кўпроқ онадан, характер отадан, қиёфа ҳар икки томондан ўтар экан. Тарбияда ота мавқеининг пасайиши кўпинча характерсиз, чучмал, ланж шахсларнинг шаклланишига сабаб бўлади.

Оилада ота – оналар ўз фарзандларини   миллатига, ватанига содиқ ҳизмат қилиш учун тўғри тарбиялашга биргаликда ҳаракат қилишлари керак.

Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деб марҳамат қиладиларки: “Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”.
Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларни ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймасликдир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аёл ва фарзандлар таъминоти фарздир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади” – деб марҳамат қилганлар.
Энг ёмони шуки, кўпчилик эркаклар оила бошлиғи деган шарафли номга лойиқ бўла олмай, тизгинларини хотинларининг қўлига топшириб, ўзлари хўжасининг амрига маҳтал ходимдек аёлларининг туганмас орзу-ҳавасларини бажо айлаш учун бош  эгиб турадилар.

Афсуски, ҳозир орамизда бундай эркакларнинг учраётгани ҳаммамизни ўйлантиради. Оила боқиш масъулияти эркаклардан кўра аёллар зиммасига тушаётганлиги одат тусига кираётгани ачинарли ҳол, албатта. Бу бизнинг минг йиллик қадриятларимизга тўғри келмайди. Гап аёлларнинг тирикчилик йўлидаги ҳатти-ҳаракатлари ҳақида эмас, балки дангаса эркакларнинг уй бекасига айланиб қолаётгани хусусида боряпти.

Оилада отанинг ўз ўрни бўлиши керак. Бу мавқе оилани боқиш ва бошқариш масъулияти билан қадр топади. Ота уй бекасига айланиб қолганида, бу қадр хира тортади. Албатта, ҳар бир эркак оила ишларида ўз аёлига ёрдамлашса, бунинг ёмон жойи йўқ. Бироқ бу ёрдам бутунлай ўрин алмашишдан иборат бўлиб қолмаслиги зарур. Айниқса, фарзандларни тўғри тарбиялашда ота билан она ўз ўрниларида бўлиб, оиладаги маънавий муҳитни муомала ва ҳатти-ҳаракатлари билан изга солиб туришлари муҳимдир.

Оилада ўғил болалар билан оталар кўпроқ шуғулланишса, уларни мактабдан бўш пайтида спорт тўгаракларига ёки ҳунармандчилик устахоналарига берилса, яхши бўларди, чунки бундай жойларда аввало мураббий ва усталар эркак киши, қолаверса, жамоадагилар ҳам фақат ўғил болалар бўлади.

Шак-шубҳасиз, эркаги бор уйнинг файзи ўзгача. Ишёқмас, дангаса, оилани боқиш ташвиши билан яшамайдиган ва уй бекаси бўлиб қолган, ғурури пуфакдек омонат эркак эса ҳеч қачон уйга файз ва барака кирита олмайди.

Дарвоқе, одам эркакман дейиши билан эркак бўлиб қолмайди. Абдулқодир Бедил айтганидек,  бўкириш билан тулки қоплонга айланиб қолмайди.

Эркаги бор оила – устуни бут, пойдевори мустаҳкам қалъадир. Эр – одатда оиланинг қўрғони, Ватан ҳимоячиси, фарзандлар учун қаҳрамонлик, мардлик тимсолидир. Падари бузрукворлик бахти эса бола тарбиясидек юкни елкасига ола билган, солиҳ, ибратли фарзандлар тарбиялаган оталарга насиб этади. Оила шаъни, ор–номуси, Ватан ҳимояси, халқ хизмати эркакнинг жамият олдидаги шарафли вазифасидир.

Ўткир Ғузаров,

   “Хожа   Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти мудири