Намозда қироат қилиш масаласи

31

Намозни муминнинг меърожи қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Кўзимнинг қувончи намозда қилинди деган пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салот ва саломлар бўлсин.

Ибодатлар ичида Аллоҳга имон келтиришдан кейинги ўринда турадиган амал намоздир. Қуръони каримнинг бир қанча оятларида намоз ўқиш тўғрисида хабарлар келган. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади.

 اتْلُ مَا أُوحِيَ إِلَيْكَ مِنَ الْكِتَابِ وَأَقِمِ الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَلَذِكْرُ اللَّهِ أَكْبَرُ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مَا تَصْنَعُونَ

“(Эй, Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан Сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур.   (Анкабут, 45-оят)

Шубҳасиз намоз энг улуғ ибодат ҳисобланади. Шунинг учун пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом кўпгина ўринларда намозни мукаммал адо этиш борасида ўзларининг набавий кўрсатмаларини берганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: أَرَأَيْتُمْ لَوْ أَنَّ  نَهَرًا بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ مِنْهُ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسَ مَرَّاتٍ هَلْ يَبْقَى مِنْ دَرَنِهِ شَيْءٌ قَالُوا: لاَ يَبْقَى مِنْ دَرَنِهِ شَيْءٌ قَالَ: فَذَلِكَ مَثَلُ الصَّلَوَاتِ الْخَمْسِ يَمْحُو اللهُ بِهِنَّ الْخَطَايَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ أَبَا دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Айтинглар-чи, агар бирингизнинг эшиги олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?» дедилар.

«Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди», дейишди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз ила хатоларни ювади», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Дарҳақиқат сув кирни қандай кетказса беш вақт намоз ҳам худди шундай кишининг қилган хатоларини кетказилишига сабаб бўлади. Шундай экан бу улкан ибодатни адо қилишда алоҳида ҳиммат кўрсатиш лозим. Унинг фарз, вожиб, суннат ва мустаҳабларини жой-жойига қўйиш даркор. Хусусан намоздаги қироат масаласига алоҳида ёндошиш керак. Чунки оятларни маъносини ўзгартириб юборадиган даражада бузиб ўқиш намознинг фосид бўлишига олиб келади. Бу нарсадан жуда эҳтиёт бўлиш керак.

Хўш! Фиқҳий манбаларимизда бу масала хусусида нимлар дейилган?. Келинг! Ҳозир айни шу масалада “фатавойи ҳиндия” асарида келтирилган айрим маълумотлар билан танишиб чиқайлик.

Сафарда танг ҳолат (хавф-хатар ёки шошилинч сафарни давом эттириш)га тушиб қолган киши фотиҳа сураси ва унга истаган бир сурани қўшиб ўқийди. Агар танг ҳолат (намоз вақтининг танглиги, жонига ва молига хавф тушадиган) ҳазарда бўлса, намоз вақти чиқиб кетмайдиган ёки хавфдан омон қолиш имконини қўлдан бой бермайдиган миқдорда қироат қилади.

Сафарда вақти бемалол ва хотиржам одам бомдод ва пешин намозлариида “буруж” ёки шунга тенг бирор сурани қироат қилади. Аср ва хуфтон намозларида бомдод ва пешинда ўқиган сураларига нисбатан қисқароқ, шом намозида эса энг қисқа суралардан ўқийди.

Ҳазарда бомдод ва пешин намозларида фотиҳа сурасидан ташқари қирқ ёки эллик оят, аср ва хуфтон намозларида йигирма оят, шомда эса қисқа сураларни ўқиш суннатдир.

Биринчи ракатда узунроқ сура иккинчисида ундан қисқароқ сура зам қилинади. Айтайлик дастлабки ракатда ўттиз оят ўқилган бўлса, иккинчи ракатда ўн ёки йигирма оят зам қилинади. Иккинчи ракатни биринчисидан уч оят ёки ундан кўпроқ узун қилиш макруҳ ҳисобланади. Агар уч оятдан кам бўлса макруҳ эмас. Шунингдек бир сурани ўқишни бошласа-ю, кейин нияти ўзгариб бошқа бир сурани ўқимоқчи бўлиб ундан бир-икки оят ўқиб юборса ҳам макруҳ бўлади.

Юқорида келтирилган маълумотлардан шуни хулоса қилиш мукинки, ҳар бир мусулмон киши намознинг барча арконларини жумладан, намозда қироат қилишга доир аҳкомларни пухта ўзлаштириб олмоғи лозим. Акс ҳолда ўзи билмаган ҳолда намозига путур етказиб қўйиши ҳеч гап эмас.

Аллоҳ таоло барчаларимизни намозларини муҳофаза қиладиган бандалиридан қилсин. Намозхонларга ваъда қилинган ажру мукотлардан насибадор қилсин.

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом

билим юрти ўқитувчиси Қодиров Омон