Абдуллоҳ Зуфарнинг ақидавий қарашларига раддия

11

Исломни сўнги дини ўлароқ танлаган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

“Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” деган, суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога саловат ва саломлар бўлсин.

Абдуллоҳ Зуфар ўзи ташкил этган “илми толиблар” телеграм каналида Ҳибатуллоҳ ибн Ҳасан ибн Мансур Табарий Шофеий Лалкоийнинг “Шарҳи усули эътиқоди аҳли сунна вал жамоа” китобидан талабаларга дарс айтган. У дарс асносида мотуридий ва ашъарийлар ҳақида ўзига берилган бир саволни хотирлаб шундай дейди.

“Баъзилар мендан сиз мотуридий ва ашъарийлар адашган деб айтасиз. Ҳақиқатда улар адашган бўлса, уларнинг таълимоти нотўғри бўлса, бунинг бирор исботи борми? Уларга ўзлари яшаган даврда ёки ундан кейин бирорта олим раддия бермаганми? Уларга бугунги кунимиздаги олимларнинг китобидан олиб жавоб айтаман десангиз, улар салафийлар-ку деб кўнмайди. Бир оз олдинги вақтга масалан ибн Таймиядан олиб жавоб айтаман десангиз унга ҳам унамайди. Майли мана қўлимиздаги китоб ўша бешинчи ҳижрий санада ёзилган. Айнан мана шу китоб мотуридий ва ашъарийларга қарши қаратилган.”

Келинг энди унинг гапларини бир таҳлил қилиб кўрайлик. Аввало унга савол берган кишилар мотуридия ва ашъария таълимотларида бирор бир ножўя эътиқодий қараш борлигини кўрмаган. Шунинг учун ҳам улар Абдуллоҳ Зуфарнинг мазкур икки эътиқодий таълимот бўйича айтган гапларига асос сўраган. Ўрни келганда айтиб ўтиш лозим бўлган бир жиҳат бор. У ҳам бўлса Абдуллоҳ Зуфар мотуридий ёки ашъарийларни адашганга чиқарар экан аниқ бир масалага тўхталмайди. Умумий қилиб улар адашган деб юборади.

Хўш! мотуридийлар ёки ашъарийлар қайси эътиқодий масалада адашган экан. Марҳамат ўша масалани кўрсатиб берсин-чи! Унинг гаплари шунчалик тўғри экан, далил ҳужжатлар билан асослаб берсин.

Унинг юқоридаги “…Айнан мана шу китоб мотуридий ва ашъарийларга қарши қаратилган” деган гапи ҳам мутлақо асоссиз. Чунки имом Лалкоий ушбу китобнинг бирорта жойида мотуридийлар ёки ашъарийларни тилга олмаган. Тўғри имом Лалкоийнинг ушбу китоби ёзилишига иккита сабаб бор.

Биринчи, аҳли илм ва мухлис кишилар у кишидан аҳли сунна вал жамоанинг эътиқоди баён қилинган бир китоб таълиф қилиб беришини сўраган.

Иккинчи, ўша пайтдаги айрим олим кишилар аҳли суннанинг эътиқоди қолиб бошқа илмлар билан машғул бўлиб кетган.

Абдуллоҳ Зуфар ушбу иккинчи сабабда зикр қилинган олимлар айнан мотуридий ва ашъарийлар деган даъвони қилмоқда. Ҳолбуки, юқорида айтилганидек, китоб муаллифи на мотуридийлар ва на ашъарийлар ҳақида бирор сўз айтмаган.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳақ йўлида собит қадам қилсин. Ҳақнинг ҳақ эканлигини ва ботилнинг ботил эканлигини билдириб, ҳаққа эргашишни ва ботилдан йироқ бўлишимизни насиб этсин!

Қодиров Омон

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси