Сохта ғояларга алданманг!

12

Экстремистик ва террористик оқимларнинг интернет тармоғидан зўр бериб тарғибот қилаётган ғоялари сохтадир. Улар мусулмонларни тўғри йўлдан адаштириш учун ўйлаб топилган сохта ғоялардир. Инсоният тарихи жараёнида экстремистларнинг на диний ва на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлмаган сохта “ғоялари” ва бу йўлдаги қонли фожеаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегуноҳ инсонларга зарар бермоқда.

Муқаддас ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган. Қуръони каримнинг “Наҳл” сураси 91-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради”.

Ислом – инсонпарвар дин. У бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қолишни бутун инсониятни сақлаб қолиш, дея баҳолайди. Аллоҳ таоло “Моида” сураси 32-оятида айтади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир”.

Одамзодни ҳамиша ташвишга солувчи мазкур салбий иллатларнинг илдизлари, афсуски, узоқ ўтмишга бориб тақалади. Зеро, мозийда ҳам буюк аллома аждодларимиз уларга қарши курашда сермазмун ва пурҳикмат сўз қудратидан унумли фойдаланганлар.

Ислом – инсон қадри ва тараққиёти учун хизмат қилинадиган энг эзгу ғоялар билан йўғрилган диндир. Бироқ турли диний-экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама, нотўғри талқин қилиб, одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда.

Ислом дини ҳамиша инсон қадр-қимматига катта эътибор берган ва бошқа дин вакилларининг ҳам ҳаёти, шаъни, ор-номуси ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини юксак қадрлаган. Шайх Юсуф Қарзовийнинг “Ислом-инсон қалбига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлувчи ва бегуноҳ одамларга ҳужум қилишни кечирилмас гуноҳ, деб ҳисобловчи сабр-тоқат динидир”, деган фикрлари ҳам сўзимиз исботидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар бир кемада кетаётган инсонлар баъзилари кеманинг паст қисмига, баъзилари тепасига жойлашсалар ва пастдагилар биз тепадагиларни сув олгани чиқиб тинчини бузмайлик. Шунинг учун ўзимизга пастдан бир тешик тешиб олайликда ўша тешикдан сув олайлик дейишса. Ва бу ишга тепадагилар жим қараб туришса ҳаммалари сувга ғарқ бўлишади. Агар тепадагилар пастдагиларни қўлларидан тутиб қолишса ҳаммалари нажот топишади” деган мазмундаги ҳадислари ҳам барчани огоҳликка чақиради.

 

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари,

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби