ОЛИЙ  МАҚОМ  СОҲИБЛАРИ

20

Ислом дини оиланинг ҳар-бир аъзоси учун у лойиқ бўлган мақом ва даражани белгилаб қўйди. Оилада энг олий мақом соҳиблари ота‑онадир. Чунки, инсонни дунёга келишига ҳақиқий сабаб Аллоҳ таоло бўлса, ота ‑ она эса зоҳирий сабабдир. Бу ҳақиқатни фарзандлар бир лаҳза ҳам унутишлари мумкин эмас.

ОТА-ОНАларга яхшилик қилиш катта иш, эътиборга молик амал эканлиги ҳаммага маълум. Ҳар-бир инсоннинг дунёга келишига сабаб бўлган бу улуғ зотларнинг фарзандларидаги ҳақлари, фарзандларининг ота — она олдидаги бурчлари ҳақида Қуръони Каримда ва Пайғамбаримизнинг ҳадисларида келган олиймақом таълимотларни ўрганиб қарасак  бу тўғрисидаги кўплаб қатъий кўрсатмаларга дуч келамиз.

Ахир, халқимизда ҳам “Ота рози Худо рози” деган мақол бор. Фарзандлар ҳеч қачон ота — она олдида ўз фарзандлик қарзларини узолмайдилар. Шундай экан, ҳар-бир фарзанд ота — онасидан қарзини узиш учун ҳар-бир дақиқада уни рози қилиши, хурсанд этиши унинг фарзандлик бурчидир.
Ота-она айниқса, қариган чоғида деразага ёки эшикка қараб қолмасин. Бу даврда уларга фарзанднинг пули, нони ёки кийими керак эмас, уларга фарзанднинг ўзи, унинг меҳри, эътибори керак. Аҳмад Дониш таъбири билан айтганда:
Сен отангга ҳар не қилдинг яхшилик,

Кут болангдан яхшиликка яхшилик. 

Яъни, бундан  фарзанд ота — онасига қандай муносабатда бўлса, унинг боласи ҳам унга шундай муносабатда бўлиши назарда тутилмоқда.
Фарзандларга ота — онанинг ёки фарзандларнинг ота — онага нисбатан меҳру муҳаббатларига, доно мутафаккирларимиз назари билан қарайдиган бўлсак, жумладан,  Аҳмад Яссавий:

Атодин хато келса кўрма хато,

Савоб бил, хато қилса доғи ато.

Атонинг хатосини билгил савоб,

Сени юз балодин қутқарғай Худо.

Демак, фарзанд  отасининг хатосини хато демай, тўғри  ўрнида қабул қилса, уни Худоям юз балодан асраши  таъкидланмоқда.

 Ота-она  албатта ҳар бир фарзанд учун  улуғ зотлар. Лекин онанинг  тутган ўрни  алоҳида таъкидланади. Чунки, она фарзандга  ҳомиладор бўлгандан  бошлаб  унинг  машакқатини  тортади. Ҳомиладорликнинг  қанчалик  қийин  кечишини ҳар-бир ақлли одам  яхши билади. Фақат  фарзанд  учун  фидокорлиги туфайлигина она ўша  машаққатларни  кўтаради. Кейин уни эмизиб, ювиб – тараб,  тўғри  тарбия  бериб  катта қилиш  қанчалик  улкан  меҳнат  эканини  ҳам ҳамма  яхши билади. Бу машаққатли  меҳнатни ҳам фақат онагина  яхшилаб адо эта олади. Шунинг  учун, онанинг  фарзанддаги  ҳаққи  алоҳида  улуғ  бўлади. Шунинг  учун ҳам, ҳадисларда пайғамбаримиз уч  марта  “онангга  яхшилик  қил” деганларидан  сўнггина, тўртинчи марта сўровчига “отангга” деб жавоб бердилар ва улардан кейингина яқинларга ва  қариндошларга  яхшилик қилиш кераклигини таъкидладилар.

Ота — онага яхшилик қилиш  бир амалга чегараланиб қолган эмас. Балки ота –онага яхшилик қилиш деганда қуйидаги амалларга риоя қилиш лозим бўлади: гуноҳга сабаб бўлмаса ота — онанинг буюрганларини албатта бажариш, ота — онага мулойим сўзлаш, уйга кирганларида ҳурмати учун ўрнидан туриш, ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш, мол — мулкини сақлаш, сўраган нарсасини бериш, улардан маслаҳат сўраш, ота — она ҳаққига дуо ва истиғфор айтиш, улар меҳмон кутишса олдида мунтазир бўлиб туриш, ота-она айтишини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш, ота-онанинг олдида овозни баланд кўтармаслик, гаплашаётганларида орага гап қўшмаслик, рухсат беришмаса уйдан чиқмаслик, ухлаётганларида безовта қилмаслик, ота-онадан аҳли аёлини ва фарзандларини устун кўрмаслик, ота-она нотўғри иш қилиб қўйсалар кечириш, кўрмасликка олиш, кулгили гап бўлса ҳам уларнинг ҳузурида ўзини тутиш, улар яхши кўрган таомини бериш, ота-онадан олдин таомга қўл узатмаслик, уларнинг олдида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик, уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик, чақирганларида тезлик билан жавоб бермоқ, ота-онасининг ҳурматини қилмайдиган кишилар билан дўстлашмаслик, ота-онасининг хақларига дуо қилиш, вафот этганларидан кейин  Аллоҳ таолодан уларни гуноҳларини кечиришини сўрашлик.

Хулоса ўрнида, Ота-оналаримиз ҳаёт бўлсалар, уларни рози қилиб хайрли дуоларини олиб қолмоқликни биз фарзандларга Аллоҳ таоло насиб этсин.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти маънавий-маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари