Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир

17

Маълумки, жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси – бир қанча бўлиб, улардан энг асосийси – китоб ўқишдир. Дарҳақиқат, китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман васвасаларни киши онгидан қувиб чиқаради. Китоб –ҳаётнинг қоронғу йўлларини ёритиб борувчи чироқдир! Кўп китоб ўқийдиган инсон ҳаётда улкан муваффақиятларга эришади. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ! Шунингдек, жаҳолатдан кўра зарарлироқ нарса ҳам йўқдир.

Машҳур саҳоба ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу шундай деганлар: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”. Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали Парвардигорларини танийдилар. Дунё ва охиратларини илм билан обод қиладилар. Буюк аждодимиз Амир Темур ҳам: “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, – деганлар.  Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Илм излаш – ҳар бир мусулмонга фарздир” (Имом Ибн Можа ривояти).

Илм икки қисмга бўлинади: Фарзи айн ва фарзи кифоя.
Фарзи айн. Ҳар бир балоғат ёшига етиб, ақли расо бўлган инсон қайси соҳа ёки касб соҳиби бўлса ҳам, ўз соҳасининг илмини пухта ўрганиши фарзи айндир. Шунингдек, ҳар бир мусулмон киши зиммасига фарз бўлган ибодатларни шариатга мувофиқ даражада бажариши учун зарур бўладиган илмларни ўрганиши ҳам фарзи айн бўлади. Масалан, намоз ибодати ичида фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳаром ва макруҳ амаллари бор. Мана шу амалларни бир-биридан ажрата оладиган киши намозни тўғри адо қилади. Акс ҳолда намоз ўқиш асносида камчиликка йўл қўйиши мумкин.
Шунингдек, масалан, киши савдогар бўлса, унга қачон олди-соттиси шариатга мувофиқ бўлади ва қачон мувофиқ бўлмайди каби савдо-сотиққа тегишли илмларни билиши фарз бўлади. Агар киши зиммасидаги фарзи айн бўлган илмларни ўрганмаса бажараётган иши ёки адо этаётган ибодати тўғри бўлмай, хатога йўл қўяди. Натижада гуноҳкор бўлади.
Фарзи кифоя. Мусулмонлар жамиятининг эҳтиёжи учун зарур бўлган илм – фарзи кифоядир. Мусулмонларнинг бир қисми уни ўрганиши билан бошқаларнинг зиммасидан соқит бўлади. Агар ҳеч ким ўрганмаса, ҳамма бирдек гуноҳкор бўлади.

Уламоларнинг фикрларича, жамиятда қайси соҳага эҳтиёж сезилса, ўша соҳага бўлган эҳтиёжни қондирадиган даражада илмларни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади. Агар жамиятда бир соҳада ёки бирор фан бўйича мутахассис олим етишмаса ва бунга ҳаракат қилинмаса, шу жамият одамларининг барчаси гуноҳкор бўладилар. Сабаби –  ҳар бир соҳада мутахассислар бўлиши шарт.  Киши жаҳолатдан қутилиш мақсадида илм талаб қилиши учун албатта ёш бўлиши шарт эмас, балки қайси ёшда бўлишидан қатъий назар, илмли бўлишга ҳаракат қилиш керак. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимнинг ажали илм талаб қилаётган вақтида етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” (Имом Табароний ривояти).

Илмсизлик ва жоҳиллик – жамиятимизнинг энг катта душмани, айни пайтда жамият учун – катта офатдир. Ислом дини илм-маърифатга тарғиб этиб, оламни нурга тўлдиришидан олдинги даврни бежизга жоҳилият даври деб аталмаган. Йиллаб давом этадиган урушлар, қон тўкишлар, бой-бадавлат кишилар томонидан фақиру муҳтожларнинг мудом эзилиши, судхўрлик, зинокорлик, ҳаромхўрликнинг авжига чиқиши, будпарастлик, оташпарастликнинг муқаддаслаштирилиши айни жоҳилият даврининг энг кўзга кўринган жиҳатлари эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай ҳаёт кечираётган кишиларни илму маърифат билан  бир ота-онадан туғилган биродарлардек аҳил ва иноқ кишиларга айланишларига сабаб бўлдилар. Натижада, илм-фан ва маданиятда бутун дунёга ўрнак ва устоз бўладиган авлодлар етишиб чиқди. Хусусан, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан илм-фаннинг барча соҳасида пешқадам бўлган улуғ алломалар ҳозирги замон авлодлари бўлмиш – бизларнинг фахру ифтихоримиз саналадилар.

Музаффар Қосимов

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари