Ёшлар тарбияси — юксак масъулият

16

Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш халқимиз, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат, истиқлолга садоқат туйғуларини чуқур сингдириш масаласи бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, бу ишларни янада кучайтириш ва шу билан бирга барча бирдек огоҳ ва ҳушёр бўлишлиги лозим.
Бугун интернет имкониятларини, унинг фойдали жиҳатларини ҳеч ким инкор этолмайди. Фақат ундан фойдаланиш маданиятини шакллантирмоқ, болаларни унга ўргатмоқ зарур. Ҳеч қачон уларнинг онгида маънавий бўшлиқ қолдирмаслик зарур. Бинобарин, ёшларимизнинг руҳий-маънавий оламини зарарли унсурлардан ҳимоя қилиш орқали тараққиёт пойдевори яратилади.
Ватани, халқи, миллати учун жонини фидо қилган биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобида қуйидагиларни айтган эдилар: “Инсон ҳар кандай шароитда ҳам ўзининг ўтмишини билмаса, хато қилади. Биз кечаги тарихимизда рўй берган мудҳиш кунлар ҳақидаги маълумотларни ёш авлодга ўз вақтида етказсак, уларнинг онгида ҳеч қачон бўшлиқ пайдо бўлмайди. Бўшлиқ дегани шуки, кимлардир доим унинг ўрнини бир нарса билан тўлдириш пайида бўлади ва қўйиб берсангиз, бундай «чаққон»лар истаганча топилади. Ўзининг эгри ниятига эришиш учун, керак бўлса, катта пул ишлатади, энг ёмони, муқаддас ислом динини бузиб кўрсатишга уриниб, ёшларимизни тўғри йўлдан чалғитишдан ҳам тоймайди”.
Демак, бугунги кундаги асосий вазифаларимиздан бири, ўсиб келаётган ёш авлодни буюк аждодларимизга муносиб ворислар сифатида диний ва миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат туйғусини кучайтириш, уларни ҳар хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш, муносиб ҳимоя қилишдан иборат.  Ана шундай шарафли вазифани адо этиш ҳамда ёшларимизни интернетдаги таҳдидлардан асрашимиз учун мамлакатимизда барча имкониятлар мавжуд. Жумладан, интернет орқали амалга оширилаётган таҳдидлар, ёшлар онгига салбий таъсир этадиган бузғинчи ғоялар ва “оммавий маданият” ниқоби остида маданиятсизликнинг салбий оқибатлари аниқ далиллар ва ҳаётий мисоллар асосида ёритилган фильмлар, аудио-видео маърузалар, китоблар ва мақолалар ҳамда маънавий-маърифий кўрсатувлар намойиш этилмоқда.

Саид ХУДОЙҚУЛОВ, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси