ОГОҲ БЎЛАЙЛИК!
20

Ҳозирги кунда бутун дунё ёшларининг онгини заҳарлаш мақсадида мафкуравий ҳужумлар ўз чўққисига кўтарилди десак адашмаган бўламиз, албатта. Нега деганда ҳозир мафкура полигонларидаги кураш тобора кескинлашмоқда. Интернет эса мана шундай бузуқ мафкуралар ўчоғидир.
Дунё ёшларининг аксарият қисми интернетдан фойдаланади. Ана шу фойдаланиш жараёнида ўзлари билиб ёки билмай турли оқимлар қурбонига айланаяпти. Бундай фирқалар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бу оқимлар тарихи жуда олис яъни Али розияллоҳу анҳу даврига бориб тақалади. Ўша даврлардан бери ҳар асрда янги фирқалар ёки ўша эски фирқалар янгича кўриниш касб этиб инсонларни адаштириб келмоқда.
ХХI асрга келиб эса бу оқимлар ҳаракати кескин тус олмоқда ва ҳали дин нима эканлиги ҳақида унча тушунчаси бўлмаган ёки умуман ҳеч қандай илмга эга бўлмаган ёшлар уларнинг бузуқ ақидалари таъсирига тушиб қолмоқдалар. Бунинг оқибатида эса, ўзларига Ватан хоини деган тамғанинг босилишига ва эл –юрт олдида юзлари қора бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Бундай хуружлардан сақланиш учун энг аввало ҳар-бир ёшларимиз ўз олдиларига “мен нима қилаяпман?”, “қаерга қараб бораяпман?”, “нима қилишим лозим?” деган саволларга жавоб топиши лозимдир. Энди юқоридагиларга жавоб беришга уриниб кўрайлик. Менимча, энг тўғри жавоб китобга муҳаббат қўйиб ўз орамизда китобхонликни шакиллантирадиган бўлсак, ўз ота — боболаримиздан етишиб чиққан, дунё тан олган буюк бобокалонларимиз илмий меросига назар ташлайдиган бўлсак, диний билимларимизни Имом Насафий, Имом Бухорий, Имом Термизий каби аждодларимиз қолдирган соф исломий манбалардан оладиган бўлсак ҳеч қачон адашмаймиз.
Жамият бу катта бир ҳаёт дарёси, бу ҳаёт дарёсида чўкиб кетмаслик учун бизга мустаҳкам кема, билимдон йўлбошчи ва ҳаёт устози керак бўлади. Агарда биз мустаҳкам кема сифатида Аллоҳнинг каломи Қуръонни оладиган бўлсак, билимдон йўлбошчи сифатида Пайғамбаримизнинг суннатларини оладиган бўлсак, ҳамда ҳаёт устози сифатида имом Абу Ҳанифа мазҳабини оладиган бўлсак ҳеч қачон бузғунчи ғояларга алданиб қолмаймиз, деган умиддаман.
Шу ўринда бизнинг олдимизда кўндаланг турган масалалардан яна бири интернет масаласидир. Биз интернет ёрдамида дунёнинг исталган нуқтаси билан бир зумда алоқа ўрнатишимиз, жуда қисқа фурсатда ўзимиз учун зарурий бўлган ахборот ёки маълумотларни олишимиз мумкинлигини, илм ва маърифатимизни юксалтиришда унинг тасвирлаб бўлмайдиган даражада беқиёс ўрни ва аҳамияти борлигини ҳеч бир кимса инкор этолмайди, албатта. Яна шу нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман, ахборот оламида қандайдир девор ўрнатиш, ўз қобиғига ўралиб ўтириш аҳмоқлик бўлади. Бизнинг ғоямиз кучли бўлиши лозим. Авваломбор, ўзимиз, ҳаётнинг ўзида синалган ўз ғоямизга ишониб майдонга чиқишимиз даркор. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳозирги кунда айрим ёшлар виртуал оламга тушиб, беандиша сайтларга шўнғиб кетмоқда ва ҳар хил ўйинларнинг таъсирига тушиб қолаётгани ачинарли ҳол. Зеро, бу жараён уларнинг ахлоқига салбий таъсир кўрсатмай қолмаяпти.
Бугунги ахборот асрида дунёда текин нарса ёки холис хизматнинг ўзи йўқ. Шундай экан, четдан кириб келаётган ҳар хил ғоялар таъсирига тушмасдан, ўз куч-қудратимизга, салоҳиятимизга, миллий қадриятларимизга, имон-иродамизга таяниб иш кўришимиз лозим. Чунки турли мамлакатлар иқтисоди, маданияти, маънавияти, одамлари ўртасидаги ўзаро таъсир ва боғлиқлик тобора кучайиб бораётган мураккаб даврда яшамоқдамиз.
“Хавфсизлик бу – ёвузлик йўлининг тўсилишидир”, дейди Платон. Одам таҳдидлардан мутлақо холи яшаши мумкинми? Мумкин, бироқ бунинг учун у ҳеч ким билан учрашмаслиги, кўришмаслиги, эшик-туйнукларни маҳкамлаб, уйдан чиқмай ўтириши керак. Албатта, бундай шароитга ҳеч ким кўнмайди. Шу маънода, ҳар бир одам, унинг компьютери ҳам очиқ тизимлардир. Яъни реал одамлар ва виртуал олам билан фикр, ресурс алмашиб, форум, чатга кириб, мулоқотда яшайди. Демак, ҳар биримиз у ёки бу таҳдидга нишон бўлишимиз мумкин. Ёвуз ғоялар ҳамма вақт кўп бўлган. Лекин уларнинг кенг ёйилиши учун бир томондан, минглаб ташвиқотчиларнинг тинмай юриб, тушунтириш олиб бориши керак бўлган. Иккинчи томондан, эзгу ғоялар, яхшилик, халқларнинг миллий қадриятлари вайронкор ғояларга қарши турган. Шу сабабли вайронкор ғояларнинг ҳаммаси ҳам цивилизацияларга катта зарар етказа олмаган.
Мир Алишер Навоий бобомиз ахборотнинг шахс ва жамият ҳаётида тутган аҳамиятини юксак баҳолаб, бундан беш аср олдин “Агар огоҳсен сен, Шоҳсен сен”, деган бебаҳо сатрни бизлар учун ёзиб кетган.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
