ШАРАФЛИ КАСБ ЭГАЛАРИ

57

Ҳар йили 1 октябр – Устоз ва мураббийлар куни Мустақил юртимизда кенг нишонланади. Қадим замонлардан юртимизда устозга бўлган чуқур ҳурмат сақланиб қолган. Инсонлар “Домла”, “Муаллим”, “Устоз” каби улуғ номлар билан ўз устозларига мурожаат қилишган.

Дунёда касблар жуда кўп, ҳар бирининг ҳаётда ўз ўрни, ўз аҳамияти бор. Лекин улар орасида шундай бир улуғ касб борки, бошқа барча касблар унинг негизида шаклланади ва тараққий этади. Бу ўқитувчилик касбидир.

Устоз, муаллимлик касбларнинг энг машаққатлисидир. Кимдир эътироз билдириши мумкин, шифокорлик ёки ҳарбийлар иши ундан ҳам қийин, дея. Тўғри, кишилар саломатлиги посбони ёхуд эл тинчлиги қўриқчиси бўлиш энг шарафли касблардан эканига шубҳа йўқ. Лекин, аслида шифокорни ҳам, аскарни ҳам мураббий тарбиялайди, муаллим етиштиради. Устозсиз дўхтир ёки мураббийсиз аскар бўлиш мумкин эмас.

Республикамизда кўп сонли ёшларни ўз фарзандларидек севадиган минг-минглаб фидойи ўқитувчилар меҳнат қилишмоқда. Уларнинг меҳнатини игна билан қудуқ қазишга ўхшатиш мумкин. Ўзбек халқида “Устоз – отангдай улуғ”, деган мақол бор.

У олам-олам маънони англатади: агар ота-она фарзандни дунёга келтирса, уни камолга етказадиган, етук инсон қиладиган бу – устоздир.

Мамлакатимизда ўқитувчилар меҳнати  қадрланиб, уларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Жумладан, таълим тизимини жаҳон андозалари асосида ислоҳ қилиш, янги илм масканлари қуриш, уларни замонавий техника воситалари билан жиҳозлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

“Ҳар бир муаллимнинг саодати, давлатларнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”, – деган эди, маърифатпарвар аллома Абдулла Авлоний.

Азиз халқимизнинг бир нақлида: “Сен одамларга бир йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг, буғдой эк; ўн йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг, ток экиб боғ қил; умр бўйи яхшилик қилмоқчи бўлсанг, ўқитувчилик қил”, дейилган. Шу боис қадимдан кишилар ўз зурриёдларини устоз қўлига топширар эканлар, “ Эти сизники, суяги бизники” деб унга катта ишонч билдиришган.

Биламизки, ҳар қандай жамиятда устоз доимо улуғланиб келинган. Шунинг учун ҳам соҳибқирон, буюк бобомиз Амир Темур ўз васиятида хокини пири ва устози Саид Барака қабри пойига қўйишларини айтган эди.

Дарҳақиқат, устоз буюклар ичра буюк зот. Зотан, Ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Берунийларнинг ҳам илм оламига илк тетапоялари оддий ўқитувчи, устоз кўмагида танланган.

Қайси жамиятдаки олимлар ва устозларнинг  қадри баланд бўлса, уларга ҳурмат-эҳтиромда бўлинса ўша жамият гуллаб яшнайди ва тараққий этади. Зеро олимлар юксак мартаба ва олий шараф эгалари ҳисобланадилар.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Каттамизни улуғламаган, кичигимизга раҳм қилмаган, олимимизни ҳаққини билмаган киши биздан эмас”.

Имом Шофеъий айтадилар: “Моликнинг ҳузурида уни иззат-икром қилганимдан китоб саҳифасининг шитиллашини эшитиб қолмасин, деб секин варақлар эдим”.

Имом Нававий айтадилар: “Талаба илмга ҳам, муаллимга ҳам камтарин бўлсин. Зеро муаллимига камтарин бўлса, илмга эришади. Биз барчага камтарин бўлишга буюрилганмиз. Устозга камтаринлик қилиш эса биринчи ўринда лозимдир. Талаба муаллимга бўйсунсин. Ишларида у билан маслаҳатлашсин. Сўнгра хаста одам билимдон, холис табиб кўрсатмаларига амал қилганидек муаллимнинг панд-насиҳатларига риоя қилсин”.

Имом Нававий сўзларида давом этиб шундай дейдилар: “Агар муаллим унга қўрслик қилса ҳам, у биринчи бўлиб узр сўрасин. Айб ўзида эканини изҳор қилсин. Бу иши унга динида ҳам дунёсида ҳам фойда беради. Ҳамда муаллимнинг қалбида унга нисбатан яхши таассурот қолдиради. Ахир айтганлар-ку: “Ким таълим олиш хорлигига сабр қилмаса, умри жаҳолат сўқирлигида ўтади. Ким илм машаққатига сабр қилса, унинг оқибати дунё ва охиратда азизлик бўлади”.

Бобокалонимиз Алишер Навоий ҳазратлари шундай деганлар:

Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,

Агар устоз андин рози  –  Танг­ри розидур.

Ўтмишда олимлар ва устозларга ҳурмат-эҳтиромда бўлган шахслар келажакда баланд даражаларга эга бўлган ва ҳаёти ҳам яхшиликда ўтган.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари