Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг!

24

Ҳар бир мўмин инсон ўзи қилаётган ишини ислом ўлчови ва уламолар кўрсатмаси асосида қилиши зарур. Ўз билганича ёки узоқни ўйламай қилган иши нафақат ўзига балки, энг ёмони ўзгаларга ҳам зарари ҳатто ислом динига ҳам путур етқазиши муқаррар. Шу билан бирга ўзаро ҳамкорликда ҳам ислом дини ва кўпчиликнинг манфаатини кўзлаб иш қилиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”. (Моида сураси 2-оят).

Ушбу қисқагина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Ҳар бир ҳамкорлик аввало Аллоҳнинг ризоси ва тақво ҳамда яхшилик асосига қурилиши шарт қилинди. Агар ғаразли мақсадда, кимгадир, нимагадир зарар бериш ёки мусулмонлар орасида тафриқа солиш, халқни ўз ватанига нисбатан ёмон кайфиятни юзага келтириш учун бўлса, бу “гуноҳ ва душманлик” асосидаги ҳамкорлик саналади.

Бугунги кунда “гуноҳ ва душманлик” асосида ҳамкорлик қилувчилар кўпайиб кетди. Лекин улар ўзларини дин “пешвоси”, дин “ходими”, ислом “шайхи” қилиб кўрсатиб, доим ижтимоий тармоқда туриб олиб, илм олиб, ислом ривожи, юрт равнақи учун ҳисса қўшишга имконияти бор ёш авлодни уруш учоғига, ҳалокатга чорламоқдалар. Буларнинг барчаси фитна учун қиланаётган ҳамкорликлар, мусулмонларни тафриқага солиш учун бажарилаётган хуфёна ҳаракатлардир.

Оқил мусулмон киши турли шайхларга, ўзларига чиройли тахаллус қўйиб олган амалда бўлиб келаётган шаръий аҳкомларни бузаётганларга эргашиб, уларга ишониб кетавермаслиги керак, ана шундагина тинчлик бардавом бўлади, ана шундагина фитналар барҳам топади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қиладиган ва турли фитналарга алданиб қолмайдиган бандаларидан қилсин!

Халқаро ислом академяси 1-босқич таянч докторанти

“Хожа Бухорий” ислом билим юрти ўқитувчиси

Саидмуҳаммадхон Довудхон ўғли