Тавбанинг аломатлари

19

“Ҳар кимки, Ҳақдан қўрқса, қўрқувдан холи бўлур”.

Ҳазрати шайх Ҳаким Термизий (қ.с.)

 

Ривоят қилурларки, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам саҳобалари ҳамроҳлигида бир ерга кетаётганларида саҳобалар ўзаро ҳазил-мутойибалар қилишиб, кулишиб бораётган эдилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом дедилар:

  • Э асҳоб, қиёматда сизнинг боражак ерингиз дўзах оташидир. Нега кўп куласизлар?

Бу гапни айтишлари билан Жаброил алайҳиссалом тушиб келдилар ва дедиларки:

  • Ё Росулаллоҳ! Аллоҳ субҳаноҳу ва таоло марҳамат қилдики, “нимага менинг бандаларимни қўрқитасан, уларнинг гуноҳини мағфират этувчи ғофуру Роҳиймдурман”.

Аллоҳ таоло бандасини дабдурустдан, бекордан-бекорга жазоламайди. Сиз билан биз, ҳатто неча-неча аждодларимиз ҳали дунёга келмаёқ Аллоҳ таоло бандаларини огоҳлантириб, гуноҳлар учун аниқ жазоларни тайин этиб қўйган. Демак, биз энг аввало ўзимизнинг нафсимиздан қўрқишимиз, шайтон алайҳилаънадан ва унинг оёқларимиз остига ташланган сиртмоқларидан қўрқишимиз керак. Айни тушунчани ҳам тўғри англамоғимиз лозимдир. Чунки қўрқиш – қочиш ёки писиб ўтириш демакдир. Нафс ва шайтондан қўрқиш – улар етовида юриб, оқибатда дучор бўлинажак қиёмат азобларидан қўрқмоқликдир. Ана шу қиёматдаги жазодан қўрқиш бандани нафс ва шайтонга қарши курашга отлантирмоғи лозим. Албатта, биз шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳ таолога юкунибгина паноҳ топамиз. Бироқ, бу паноҳга етмоқ учун ҳам курашмоқ ва тавбага бардавом бўлиш зарур.

Тавба қилувчи қалби синиқ, кўзлари ёшланган, қалби уйғоқ, гуноҳларидан хавотирда, тўғрисўз, қалби Аллоҳдан мағфират тилаган ҳолда умидга тўлиб-тошган, ич-эти ёнган, юзида афсус-надомат бўлган, яширин тарзда кўп йиғлайдиган бўлади. У чақмоқ чақса момақалдироқ (ҳам) Унга (Аллоҳ таолога) ҳамд билан тасбеҳ айтиши, фаришталар ҳам Ундан қўрққанларидан тасбеҳ айтишларини эслаб қалби ларзага келади. У Аллоҳ таолога итоат қилиб лаззат топади, чунки У Зотдан қўрқади. Ибодат унга ёқимли бўлади, иймон таъмини топади. Аллоҳ таоло томон боришда лаззатни ҳис қилади, кўз ёшларидан қиссалар ёзилади (кўп йиғлайди). Унинг оҳ-зорларидан байтлар битилади, йиғисидан эса хутбалар тузилади. Тавба қилувчи инсон боласини душманлар ўғирлаб кетган ва уни уларнинг қўлидан қайтариб олган онага ўхшайди. Унинг хурсандчилиги қандай бўлишини биласизми? Унинг саодатини ўлчай оласизми?!

Тавба қилувчи гўё денгизга чиқиб, нажотдан умид узгандан сўнг тўфондан омонда қолиб соҳилга чиққан одамга ўхшайди. Уни ҳокисорлик эгаллаб олгани, маҳзунлик чулғаб олганини, нафсу ҳавосига эргашгани учун ўзини маломат қилаётганини кўрасиз. Бу билан Аллоҳ таоло ҳузурида мақталаган бўлади. Чунки у тавбаси насуҳ (ҳақиқий тавба) қилгандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида (измида) бўлган Зотга қасамки, агар сизлар гуноҳ қилмасангиз, албатта, Аллоҳ сизларни кетказиб, бир қавмни келтиради. Улар гуноҳ қиладилар ва истиғфор айтадилар. Бас, Аллоҳ уларни мағфират қилади”, — дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Бандадан хато, гуноҳ содир бўлиши аниқ. Шунинг учун у кибр қилмасдан, мағфират тиласа, гуноҳнинг кечирилишини сўраса, Аллоҳ таоло яхши кўради.

Нилуфар Аҳатовна

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

__________________

Манбаалар асосида тайёрланди.