Ватанга хиёнат – кечирилмас жиноят!
37

“…Албатта, Аллоҳ хоинларни севмас”.
Анфол сураси, 58-оят.
Хиёнат энг разил, энг жирканч, бир неча ёмонликларни ўзида мужассам қилган қабиҳ амалдир. Хиёнат вафодорликнинг зиддидаги иш бўлиб, гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло бу иллатдан қаттиқ қайтарган. Хиёнатни ва хиёнатчини Аллоҳ суймайди.
Хиёнат мунофиқликнинг белгиларидан бири ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набиий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, омонат қўйилса, хиёнат қилади ва ваъда берса, бажармайди”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаимиз соллалоҳу алайҳи ва саллом дуоларида хиёнатдан паноҳ сўраб: “Эй Аллоҳим! Мен Сендан хиёнатдан паноҳ сўрайман. Чунки у ёмон хислатдир”, дер эдилар.
Хиёнатнинг энг ёмон кўринишлари: Аллоҳга, Расулига, инсонларга, неъматларга ва Ватанга хиёнат қилишдир. Ватанга хиёнат – Аллоҳга ва Расулуллоҳга қилинган хиёнатдир. Чунки Аллоҳ ва Унинг Расули яхшилик қилишга, вафодор бўлишга, неъматларни қадрлаш ва шукрини адо этишга чақиради.
Ватан хоини – динни ўйин қилувчи, одамлар тинчини бузувчи, обод жойларни барбод қилувчи, энг асосийси, инсонлар билан Ватанни ва жамияти ўртасидаги алоқаларни узишга тарғиб қилувчи кимсадир.
“Инсон қанчалар зулм ва қаҳрга йўлиқмасин, ўз Ватанига душманлик қилиши, унинг қадриятларига “эга чиқиши”, бойликларини беҳуда совуриши мумкин эмас. Шунингдек, мусулмон ҳам ўз Ватанига хийнат қилиши ёки уни қанча пул берилса-да, сотиши мумкин эмас. Чунки зулм ватани томонидан эмас, ўзига ўхшаган инсон томонидан бўлади. Ватан эса ўз фуқароларидан ғанимлар қанчалик “ислоҳ қилиш” шиорларини кўтариб чиқмасин, биз бугун кўраётган беҳуда ишлар ва вайронгарчиликларга ҳақли эмас! Бас, бузғунчилик қилиш, ватанларни вайрон этиш билан ер юзини ўнглаш мумкин эмас.” Доктор Закий Усмон (Азҳар университети ислом маданияти факультети устози).[1]
Ҳар бир ватандошнинг энг асосли, энг муқаддас вазифаси Ватанни севиш ва унга ҳаётининг сўнгги дақиқаларигача хизмат этишдир. Ватанимизга бўлган муҳаббат ва ҳурматимиз ҳеч бир нарса билан ўлчана олмайди. Ватанга муҳаббат тарбиясини оила қучоғидан бошлаш лозимдир. Кичик болаларда Ватан тасаввури торроқ бўлади. Яъни, улар учун Ватан – она қучоғидир. Чунки оила муҳити Ватан муҳитининг асосини ташкил этади. Ватан муҳити дастлабки озиғини, дастлабки қувватини оила қучоғидан олади. Силаи раҳм фазилати камол топган оиладан Ватанга хиёнат қилувчи чиқмайди. Оила аъзолари орасида нақадар қувватли боғланиш ва муҳаббат бўлса, Ватан муҳаббати ҳам шунчалар қувватли ва мустаҳкам бўлади. Ўз оила аъзоларига нисбатан хайрли туйғуга эга бўлмаган, уларга фидокорлик қилишни билмаган бир киши Ватанга ҳам фидокорлик туйғуси билан туйғулана олмайди. Шундай экан, оила муҳити Ватан муҳитининг бошланиши, биринчи босқичи эканини бир нафас ҳам унутмасак бас.
Нилуфар АХАТОВНА
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
[1] “Ислом ватан тушунчаси” Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров Тошкент-2022
