“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!”
46

Янги Ўзбекистонда ёш авлодни жисмоний ва маънавий соғлом, она Ватанга фидойи ва жонкуяр инсонлар бўлиб улғайиши, шонли тарихимиздан ибрат олиб, ундан фахрланиб яшашлари учун барча куч ва имкониятимизни тўлиқ сафарбар этамиз.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Президенти
Мамлакатимизнинг кўп асрлик тарихида мутлақо янги саҳифа очган, эл-юртимизни мустабид тузум кишанларидан озод қилиб, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлини очиб берган, бугун Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрамини нишонлаш, бутун халқимиз қалбида Ватанига бўлган чексиз муҳаббатлари – юракка сингиб кетган, инсонни унда хотиржам, йироқ кетганида талпинадиган, ҳужум қилинганида асрайдиган ва камситилганида ғазабланадиган қилиб қўювчи туйғуси мужассамлигини ҳис қилишимиз мумкин.
Ватан дин, миллат, элат, бойлик, насаб, ёш, ранг, жой танламайдиган ва ҳад-чегара билмас ажиб бир туйғу. Ватан – энг кўп қаламга олинган, сир-синоатли, серқирра ва сержило тушунчадир. Ватани бор инсон бахтли инсондир. Ватани йўқ инсон эса бахтсиз инсондир. Киндик қонимиз тўкилган ва бир умр яшайдиган юртимиз бизга тақдир қилинган ватандир. Мусофир бўлмагунча ватан ва юрт қадр-қимматини англаб бўлмайди.
Барчамизга аёнки, мустақиллик ҳеч қайси халқ, ҳеч қайси миллат тарихида осонлик билан қўлга киритилган эмас. Бу ҳақиқатни чуқур англайдиган халқимиз шу курашда фидойилик кўрсатган, қурбон бўлган ота-боболаримизнинг хотирасини қалбида абадий сақлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев айтганларидек: “Ишончим комил, биз жонажон Ватанимизга бўлган чексиз меҳримиз ва садоқатимизни муқаддас байроқ қилиб, бор билим ва тажрибамиз, ақл-заковатимизни ишга солиб, ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган эзгу мақсадларимизга албатта етамиз.”
Дарҳақиқат, ҳеч иккиланмасдан айтишга барча асосларимиз бор – ҳозирги кунда лицей ва коллежларни, олий ўқув юртларини битириб чиқаётган, ҳаётга янгича қарайдиган минг-минглаб ёшларимиз биз учун, келажагимиз учун тоғдек таянч бўлиб, мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг ташаббускори ва ижрочиси бўлиб майдонга чиқмоқда. Ватанимизнинг келажаги ва тақдирини ўз қўлига олишга қодир бўлган бундай янги авлодни тарбиялашга қаратилган дастурларни ўз вақтида қабул қилинганлиги ва давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги янги жамият қуришда ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи роль ўйнамоқда.
Барчамиз яхши тушунамиз – биз эришаётган улкан марра ва натижалар кўзлаган мақсадларимизнинг фақат маълум бир қисмини ташкил этади.
Бугунги кунда яқин ва узоқ атрофимизда қарама-қаршилик ва зиддиятлар кучайиб, турли можаро ва қон тўкишлар давом этаётгани, терроризм, экстремизм ва наркотрафик хавфи тобора кескинлашиб бораётгани ҳар биримизни ташвишга солмасдан қўймайди ва барчамиздан ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашни талаб этади.
Вужудга келаётган мана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистоннинг хавфсизлигини, чегаралари дахлсизлигини таъминлаш, турли бало-қазоларни остонамизга йўлатмаслик, юртимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек сақлаш, “Бизга тинчлик ва омонлик керак” деган эзгу даъватни барчамизнинг бурчимиз ва устувор вазифамиз сифатида амалга оширишимиз зарур.
Ўзбекистонда олиб борилаётган ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари сифатида Ўзбекистон бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва пайдо бўлаётган қарама-қаршилик ва зиддиятларни тинч, сиёсий келишувлар йўли билан ечиш тарафдоридир.
Биз мустақиллик йилларида яқин ва узоқ қўшниларимиз билан ўзаро ҳурмат, ўзаро манфаатларни тан олиш асосида олиб бораётган алоқаларимизни, аввало ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиб келганмиз ва айни шундай сиёсатни давом эттиришга тайёрмиз.
Шу кунларда бутун халқимиз учун байрам шукуҳига янада хурсандчилик олиб кирган воқеа – жорий йилнинг 10 августида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиëев «Бутунжаҳон 44-шахмат олимпиадаси ғолиблари ва иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Фармон матнига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони Янги Ўзбекистон шон-шуҳратини бутун дунёга тараннум этиш йўлида ўзининг юксак интеллектуал салоҳияти ва профессионал маҳоратини яққол намоён этиб, Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон 44-шахмат олимпиадасида муваффақиятли иштирок этгани ва дунё давлатларининг 188 та жамоаси орасида ғолибликни қўлга киритиб, Олимпиада чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлгани, шунингдек, республикамизда спортни кенг оммалаштириш, ёш авлодни она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида миллий ғурур, мардлик ва ватанпарварлик фазилатларини камол топтириш борасидаги улкан хизматлари учун олтин медалларни қўлга киритган буюк ғалабага эришган спортчи ёшларимизни қизғин қутламоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиëев томонидан бир қанча номинация унвонлари ҳамда қимматбаҳо совғалар билан мукофотландилар.
Ушбу ютуқларимиз дунё давлатларининг 188 та жамоаси орасида манаман деган спортчилар билан бўлган кескин беллашувларда ўғлонларимиз ва қизларимизнинг кўрсатган мардлиги ва фидойилиги, маҳорати ва матонати, она Ватанимизга муҳаббати минг-минглаб ёшларимиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлди, деб ғурур ва ифтихор билан баралла айтишга барчамиз ҳақлимиз.
Ватанимиз байроғини баланд кўтариб, Ўзбекистон ёшларининг дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини бутун жаҳонга намойиш этган моҳир спортчиларимизга, уларнинг ота-оналари, устоз-мураббийларига, миллий олимпия терма жамоамизнинг барча аъзоларига чин қалбимиздан чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов айтганларидек: “Сиз, ёшларимизга, менинг азиз фарзандларимга қаратиб айтмоқчиман: бўш келманг, азизларим, давр бизники, марра бизники!”
Насиб этса, яна саноқли кунлардан кейин ана шу қутлуғ санананинг 31 йиллигини улкан шодиёна сифатида кенг нишонлаш арафасида турибмиз. Шу муносабат билан, бутун халқимизни Мустақиллик куни билан яна бир бор табриклаб, барчамизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, хонадонларимизга, эл-юртимизга файзу барака тилаймиз.
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Нилуфар АХАТОВНА
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
