Ижтимоий тармоқларнинг таҳдидлари

33

“Пичоқ ошпаз қўлида иш қуроли, қотил қўлида ўлим қуроли”, демак, битта нарса, икки тоифа инсоннинг қўлида икки хил вазифа бажаради.  (Ўзбекистон Халқ Ёзувчиси Ўткир Ҳошимов)

 Ҳозирги таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-аҳлоқни емирувчи манфур иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солиши аниқ.

Кейинги пайтларда интернет билан боғлик бузғунчиликлар, глобал тармокдан қабиҳ мақсадда фойдаланаётганлар кўпайиб бормоқда. Оқибатда, залолатга бошловчи электрон нашрлар ва видеолавҳалар кенг ёйилмоқда.

Ғаламис кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини “яқин дўст” ёки “ҳидоятга чорловчи” сифатида танитиб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмокда. Аслида, уларнинг дин ва шариат ҳақида умуман илмлари йуқ, фақатгина тўда бошидан ёдлаб олганларини такрорлашдан нарига ўтмайдилар. Бошқа томондан қараганда, улар бу жоҳиллиги билан бошқаларни ҳам жар ёқасига тортаётгани ва кимнингдир ноғорасига уйнаётганини билмайдилар. Бундайлар аввал дину диёнат, ибодат, жаннат ҳақида турли жозибали сўзларни гапириб, ғўр ёшларни йўлдан уриб, охир — оқибатда, разолат қурбонига айлантирмоқда.

Интернетдан олинган нарса тўғри, ишончли ва зарарсиз эканини билиш керак. Яхши — ёмоннинг фарқига бормаган ёшлар интернет орқали тарқатилган ҳар қандай маълумот — хабарларни ҳақиқат деб қабул қилаётгани жиддий хавотирга солади.

Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар кўплаб бузғунчиликларига интернетни восита қилмоқдалар.

Сарҳадсиз интернет дунёсига кирган шахс вақт, умр ғанимат эканини доимо ёдда сақламоғи лозим. Зеро, бу глобал тармоқ бепоён ҳудудларга эга бўлиб, унда инсон адашиб соатлар, кунларини самарасиз ўтказиб юбориши мумкин.

Интернет сайтларида ёшларга кучли таъсир этувчи ахборотларни қуйидагича таснифлаш мумкин:

Биринчи тоифадаги ахборотлар сирасига ёт, бузғунчи ғоялар (экстремизм ва террорчилик ғоялари, миллатчилик, ирқчилик кабилар)ни киритиш мумкин.

Иккинчи тоифадаги ахборотлар эса ғарб ҳаёт тарзига хос, ўзбек менталитетига зид одатлар ва кўникмаларни тарғиб этади. Бу айниқса, ғарб ёшларининг кийиниши, одатларини тарғиб қилувчи мақолалар, клиплар, фильмларда яққол намоён бўлади.

Учинчи тоифага эса порнографик ахборотларни киритиш мумкин.

Тўртинчи тоифага эса ҳали текширилмаган, ўз исботига эга бўлмаган турли ҳужумкор ахборотларни киритиш мумкин.

Интернет сайтларидан тарқатилаётган бу каби ёт ғоялар ва ахборотларни ёшлар томонидан қабул қилинаётганлиги ва унинг оқибатлари жаҳондаги барча мамлакатлар  халқларини ҳам ташвишга солмокда.

Юртимизга оломонча маданият асосан интернет тармоғи орқали кириб келаяпти. Бу ҳол одоб — ахлоқ, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат пасайиши каби кўплаб нохушликларни келтириб чиқаряпти. Ёшларнинг ҳаёсизларча кийиниши, таналарига расм чиздириши, қулоқ ва бурунларини тешиб, “зирак” тақиб олишлари, қиз болаларнинг ўғил болаларга ўхшаб кийиниши каби “мода” унсурлари айнан интернет орқали ёйилаётгани аниқ.

Интернетдаги ғоявий тузоқлар гўё маданиятга ўхшаши ва ёшларга мойдек ёқиши билан ҳам хатарлидир. Инсоний ахлоқга терс оломонча маданият айрим ёшлар онгига чанг солиб, маънавият кушандасига айланмокда. Ачинарлиси, мазкур “маданият” таъсирига берилиб қолганини ёки унинг қурбонига айланаётганини кўпинча ёшлар ўзлари сезмайди.

Ижтимоий тармоқларнинг оила ва жамият барқарорлигига солаётган энг катта таҳдидларидан яна бири – улардаги мулоқотлар сабабли кўплаб тинч -тотув оилалар барбод бўлиб кетаётганидир.

Ҳозир интернет бутун дунёни эгаллаб олган. Унинг ёрдамида бир дақиқада дунёнинг нариги четидаги киши билан суҳбатлашиш, ўзаро фикр алмашиш мумкин. Лекин турли сайтлар, ижтимоий тармоқлар, форум ва чатлардаги таниш-билишлар ҳақида холис маълумотга эга бўлиш мутлақо имконсиз. Уларнинг кимлигини, нияти қандайлигини билмасдан туриб, кибер дўстларга кўнглини очаётган — шахсий ҳаёти, ўй-кечинмалари, туйғуларини ишониб айтаётган ёшлар кўп. Натижада, уларнинг далдаси, ширин алдовлари, сохта мулозаматларига учган ёшлар охири интернетсиз яшай олмай қолади. Бу эса компьютерни одам эмас, компьютер одамни бошқариш имкониятини юзага келтиради.

Айнан глобаллашув баҳонасида қайсидир давлатлар ёки қандайдир марказлар дунёнинг бошқа четидаги одамлар мафкурасини ўзгартиришга, уларни ўз ғаразли ғояларига ишонтиришга, бинобарин, уларни ўз ортидан эргаштиришга уринмоқда. Бунга “нишон бўлган” инсонларнинг на миллий қадриятлари, на урф-одатлари ва на ўша юртда яшайдиган инсонларнинг дину диёнати, имон-эътиқоди, хоҳиш — иродаси эътиборга олинади.

Интернет – бу катта бир дўкон. Дўконга борганда, одам хоҳлаган молини сотиб олади. Интернетни ҳам шундай бир бозор, яъни ахборот бозори, деб тушуниш керак. Ёш авлод  ахборот маконига кирганда, фақат ўзи учун зарур ва фойдали нарсани олсин, интернетдан фойдаланиш маданиятини ўргансин.

Хулоса ўрнида, фарзандининг ёрқин келажагини истайдиган ҳар бир ота-она тарбия масаласига жиддий эътибор бермоғи зарур. Бола тарбияни турли компьютер уйинлари, интернет ва ижтимоий тармоқлардан эмас, энг аввало ота -оналаридан, бобо — момоларидан, эзгуликка, покликка ва дину диёнатга чақирувчи яхши китоблардан олсин.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти маънавий –

 маърифий   ишлар   бўйича   мудир   ўринбосари