Мазҳабсизлик — соф ислом ақидасини бузиш ва жамиятда ихтилоф чиқаришга қаратилган

24

Мазҳабсизлик ғояси тарафдорларининг асосий мақсадлари Қуръон ва суннатни ўзларича маҳкам тутиш  ва мазҳабларни йўқ қилиб, уларни илдизи билан қўпориб ташлашдан иборат. Уларнинг даъвосига кўра, гўё мусулмонларнинг ихтилофдан нажот топиши фақат Қуръон ва ҳадисни қаттиқ ушлаш билан бўлади, мазҳаблар, гуруҳлар ва фирқалар мавжуд бўлар экан, Қуръон ва ҳадисни маҳкам ушлаш амри маҳол, чунки ихтилофларнинг асл манбаи мана шу мазҳаб ва фирқалардир.

Мазҳабсизлик тарафдорлари қандай қилиб ушбу тўртала мазҳаб ҳам ҳақ ва тўғри бўлиши мумкин деган саволни қўйишади. Бунга жавоб шуки, бу мазҳаблар худди Каъбага ўхшайди, Каъба битта, унинг тўртта томони бор: шарқ, ғарб, шимол ва жануб. Одамлар хоҳ шарқда бўлсин ёки ғарбда, хоҳ шимолда бўлсин ёки жанубда, ўз намозларини унга қараб ўқийди. Улар фақат турган жойи ва вазият сабабли зоҳирда қарама-қарши турган бўлсада, ҳаммасининг намози саҳиҳ – тўғри ҳисобланади, чунки уларнинг ҳаммаси бир нарсага, яъни Каъбага юзланади. Бу мазҳаблар ҳам шундай, улар бир манба – Қуръон ва суннатга асосланади, бу мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва ҳадисга эргашган бўлади.

Мазҳабсизликка чорловчи ушбу даъват асрлар давомида ўтган минглаб олимларнинг қилган меҳнатларини йўққа чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъана нотўғри, шунча мусулмон адашган экан деган хулоса келиб чиқади. Бундай бўлиши мумкин эмас, буни тилга олишни ўзи қийин. Бу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига ҳам тўғри келмайди, зеро у киши шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ умматимни бирор залолатга жамламас”.  Бошқа бир ҳадисда “Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузуруда ҳам яхшидир” – дейилган. Бу бузғунчи даъват мазҳаблар моҳияти ва қийматини умуман билмасликдир.

Шунингдек, бу ғоя асрлар давомида ота-боболари амал қилиб келган ва ўзлари ҳам бутун ҳаёти давомида амал қилиб келаётган бирор мазҳабни тутган омма мусулмонларнинг эътирозларига сабаб бўлади. Натижада жамият ҳаётида турли ихтилофлар келиб чиқади. Турли хил ихтилоф ва келишмовчилик таъсирида ўз яқинларидан, халқидан ва юртидан норози кайфиятда бўлган диний экстремизмга мойил кимсалар етишиб чиқади. Бундан эса, турли радикал гуруҳлар ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида унумли фойдаланади.

Ушбу ғоянинг салбий оқибатлари юртимизнинг яқин тарихида ҳам яққол намоён бўлди. Халқимиз ўз мустақилигини қўлга киритганидан сўнг динимизга кенг йўллар очиб берилди. Диний-маърифий соҳаларда турли давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Аммо шу билан бирга четдан мазҳабсизлик ғояси ҳам кириб келди. Улар ўзларининг нотўғри, аммо зоҳирда гўзал даъватларига бир қанча юртдошларимизни ишонтиришга улгурди. Улар халқимизнинг азалдан амал қилиб келаётган ҳанафийлик мазҳабини нотўғрига чиқарди. Бу эса ҳанафий мазҳабига амал қилувчиларнинг эътирозига сабаб бўлди. Ўртада низо, тортишув юз берди. Бундан эса турли экстремистик руҳдаги ғаразли кучлар унумли фойдаланди. “Ваҳҳобийлик”, “Ҳизбут–таҳрир”, “Акромийлар”, “Адолат”, “Туркистон ислом ҳаракати”, “Жиҳодчилар” каби гуруҳлар пайдо бўлди.

Рамазон ал-Бутий “Мазҳабсизлик – ислом динига таҳдид солиб турган энг катта бидъат” деб айтгани бежиз эмас. Ҳозирги кунимизда ҳали ҳам юртдошларимиз ичида билиб-билмай ушбу ғоянинг таъсирида юрган кишиларнинг мавжуд эканлиги бу ғоянинг илдизларини ўрганиб, унинг асл моҳиятини очиб бериш, уни одамларга, халқимизга тўғри тушунтириб бериш ва шу йўл билан мазҳабсизликка чек қўйиш бугунги кундаги муҳим ва долзарб вазифалардан бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга ислом дунёсида тан олинган мазҳабларнинг асл моҳияти, уларнинг бебаҳо қиймати, хусусан, халқимиз азалдан амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабини халқимизга, ёшларимизга тушунтириш зарур.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, исломдаги фиқҳий мазҳаблар мусулмонларнинг бирлигини сақлашга ва халқнинг диний ҳукмларга риоя этишларидаги қийинчиликлари олдини олишга хизмат қилган. Бироқ мазҳабларни инкор қилиш мусулмонлар қалбига турли шубҳаларни солиш баробарида соф ислом ақидасини бузиш ва жамиятда ихтилофли ҳолатларни келтириб чиқаришга қаратилган.

Ўткир Ғузаров,

“Хожа    Бухорий”    ўрта    

махсус ислом  билим юрти мудири