“Жиҳод” сўзини бир ёқлама талқин қилманг
21

Баъзи тоифалар ижтимоий тармоқларда мусулмонлар орасида жиҳодни тарғиб қиладилар. “Жиҳод” деганда улар “муқаддас уруш”ни назарга тутадилар. Араб тилида “урушиш”, “одам ўлдириш”, “қатл қилиш” маъносида “жиҳод” сўзи эмас, бошқа сўз яъни “қатл” сўзи ишлатилади. “Жиҳод” сўзи эса бошқа маънони англатади.
Хўш, “жиҳод” сўзи нима маънони англатади?
Ўзбек тилида араб тилидан кирган “жаҳд” деган сўз бор. “Жаҳд” сўзини ўзаро суҳбатларимизда кўп ишлатамиз. Масалан, “Жаҳд қилиб келдим”, “жаҳд қилиб илм ўрганаяпман” деганга ўхшаш. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “жаҳд” сўзининг маъноси ҳақида шундай дейилади: “Жаҳд (арабча)-ҳаракат; зўр бериш, ғайрат. Жаҳд билан ишламоқ, жаҳд қилмоқ[1]”. “Жаҳд” сўзи билан биз маъносига диққатни қаратмоқчи бўлган “жиҳод” сўзи ўзакдош сўзлардир.
“Жиҳод” ва “жаҳд” арабча сўзлар аслида жаҳада феълидан олинган бўлиб, бу феъл ҳақида луғатда: “ Жаҳада-ҳаракат қилмоқ, интилмоқ; меҳнат қилмоқ, зўр бермоқ, куч сарфламоқ, (қийинчиликлар билан) курашмоқ[2]”.
“Жаҳада” феълидан келиб чиққан ҳолда “жиҳод” сўзи ўзбек тилида “ жаҳд қилишлик”, “ғайрат қилишлик”, “жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқ” маъноларини англатади.
Ислом уламолари томонидан хусусан, Имом Нававий ўзининг “Ал-манҳаж фий аввал китаб ал-жиҳад” китобида “жиҳод” сўзига шундай таъриф беради “шариат илмларини тарқатиш, яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш”.
Ҳозирги даврда айрим бузғунчи тоифалар айби йўқ мусулмоннинг қонини тўкишни жиҳод ҳисоблайдилар. Бегуноҳ кишиларнинг қонини тўкишни жиҳод ҳисоблайдиганлар ҳақида ўз даврида Муҳаммад Саид Рамазон Бутий шундай ёзган эдилар: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат иш” берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётнинг ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.) орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишга рози бўлар эдиларми?”
Аллоҳ таоло барчамизни турли хил адашиш йўлларидан сақлаб, Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими
[1] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Т. 17-бет.
[2] Аннаъумулкабийр” 118-бет.
