КИЙИНИШДА ТАҚЛИДДАН АСРАНАЙЛИК

20

Аллоҳ таолонинг мукаммал дини – ислом, инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Шу эътибордан инсон учун либос унинг ҳаёти учун энг муҳим нарсалардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсон зотини бошқа мавжудотлардан мутлақ мукаррам қилгани ҳамда инсон зотини чиройли суратда яратганлигини Ўз каломида хабарини берган. Инсонни инсон сифатида бошқа махлуқотлардан, хусусан, ҳайвонлардан ажратиб турадиган сифатларидан бири бу – унинг либосидир. Анашу эътибордан инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртида акс этишидир.

Инсон ҳаётининг ҳар бир ҳолатида, кўринишида маълум чегалар, мезонлар ва ана шу ишларда ўртача бўлиш йўлини кўрсатиб берган дини ислом, кийиниш борасида ҳам маълум тартибларни белгилаб берган. Шариъат кийиниш борасида белгилаб берган тартиблардан бири, либос борасида ўзгаларга тақлид қилишдан тийилишдир.

Одобимизда айниқса аёлларнинг кийинишига катта эътибор билан қаралган. Аёлнинг либоси эркакларникига ўхшамаслиги лозим. Бу андоза  узун-қисқалик борасида бўлиб, шаръий жиҳатдан ажралиб туриши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки тоифанинг либосидаги ўзаро ўхшаш бўлиб қолишидан қаттиқ эҳтиёт бўлишга ундаганлар.  Бу борада аёлларни алоҳида таъкидлаганлар.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг либосини кийган эркакни ва эркакларнинг либосини кийган аёлларни лаънатладилар.” Хоссатан, аёлларни эркакларга ўхшаб кийинишдан огоҳлантирганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркаклардан аёлларга тақлид қилувчиларни ва аёллардан эркакларга тақлид қилувчиларни лаънатладилар.” Шунингдек, бизнинг диёримиз муслима аёллари ўзга юртларда урф бўлган, мусулмон аёли кийиши мумкин бўлмаган турли суратлари, ёзувлари бор ва шунингдек маънавиятимиз, ўзлигимизга мутлақо тўғри келмайдиган кийимларни бошқаларга тақлид ўлароқ, одамларни ўзига қаратиш, фахрланиш мақсадида кийиб юришлари асло ножоиз ишлардандир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Ким дунёда шуҳрат либосини кийса, Аллоҳ унга Қиёмат куни хорлик либосини кийдиради-да, сўнг ўша кийими билан оловда ловуллатиб ёндиради”.

Минг йиллардан бери амалда бўлиб келаётган ҳанафий мазҳаби бўйича аёл кишининг аврати унинг юзи ва икки кафтидан бошқа жойлари ҳисобланади. Лекин анашу қоидани бузиб, бошқа юрт аёлларига тақлид қилиб-ми, ёки динларида ғулувга кетиш оқибатида-ми, бугун юзи ва кафтларини ҳам мутлақ ўраб юришлари ҳолатлари айрим фитналарга сабаб бўлмоқда. Бу борада динда ғулувга кетиш, мазҳаб имомларимизнинг шариъатнинг аслларидан чиқариб олган ҳукмларини менсимасдан ўзларича қўшимча киргизишлари динда ғулувга кетишдан бошқа нарса эмасдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат, дин енгилдир. Бирор киши динни қийинлаштирса, уни мағлуб қилади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Хулоса шуки, ислом инсон ҳаётининг барча жабҳаларида муътадил бўлишга чорлаган. Шу боис мусулмонлар ичида турли фитналарга сабаб бўладиган ишларда, хусусан, кийиниш борасида ҳам ўзгаларга тақлид қилиш орқали бирлигимизга футур етадиган ишлардан йироқ бўлайлик.

ЎТКИР МАҲМУДОВ,

“Хожа Бухорий” ислом билим юрти

ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари