СУДХЎРЛИКДАН ЖУДА ҲУШЁР БЎЛАЙЛИК

28

Жамиятда яшовчи ҳар бир кишининг ҳаёт тарзи қанчалик соғлом, руҳи пок, имони бутун, тақво ва муҳаббати на қадар самимий бўлса, иншоаллоҳ, бундай жамиятда тинчлик, хотиржамлик, қут-барака, ўзаро аҳиллик, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат руҳи вужудга келади ҳамда мустаҳкамланади. Аллоҳ таоло айни шу ҳақда хабар бериб шундай дейди: “Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик. Лекин (улар пайғамбарларни) ёлғончига чиқардилар. Натижада қилмишлари сабабли уларни (азобга) тутдик”.(Аъроф сураси  96-оят)

Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратган, шунинг учун ҳам уни турли зарарли иллатлардан қайтарган. Инсонлар ўртасидаги молиявий муносабатларда энг катта зарар келтирувчи иллатлардан бири рибо, яъни судхўрликдир. Судхўрлик гуноҳи кабиралардан бўлиб, унинг жазоси ниҳоятда оғирдир.

Форсчадаги “суд”, арабчадаги “рибо” сўзлари тилимизда “кўпайди, зиёда бўлди, фоиз” маъноларини англатади.  Масалан, бир кишига юз минг  сўм пул ёки шу миқдордаги молни қарзга берган киши унинг беш-ўн сўм ортиғи билан қайтарилишини талаб қилса, бу фоиз олиш, яъни судхўрлик бўлади.

Бу ўринда пулнинг фойдасини ейишдан (рибохўрликдан) қайтарилишининг ҳикмати нимада? Уламолар фикрича, пул фойдаси муомаласига берилган кимсалар ниҳоятда молпараст, бир тийин учун жонини ҳам беришга тайёр бахил кимсалар бўлишади. Уларда ҳамдардлик, инсоний раҳм-шафқат бўлмайди. Бундайлар Аллоҳ йўлида жонини ҳам, молини ҳам тика олмайди. Ҳиммат ва сахийликларига халал етмаслиги, вужудлари рибохўрлик каби разил бир иллатдан пок туриши учун Аллоҳ таоло мусулмонларни пул фойдасини ейишдан қайтаради. Рибода қарздор учун машаққат, қийинчилик бор, чунки рибо туфайли қарз миқдори муттасил равишда ўсиб-кўпайиб боради. Рибонинг оқибати ёмон: биринчидан, рибо билан шуғулланган кимсанинг ризқини Аллоҳ баракасиз қилади, иккинчидан, судхўр бошқа бир кишига зулм қилган бўлади, учинчидан, рибо одамлар орасидаги дўстликни йўққа чиқаради. Рибо ҳаром қилинишининг сабаби ҳам шудир.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида ҳам судхўрликнинг, рибо ейишнинг жамиятга зарари, судхўрларга охиратда бериладиган жазолар ҳақида зикр қилинади:  Самура ибн  Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:  “Кечқурун (тушимда) икки кишини кўрдим. Улар келиб, мени муқаддас ерга олиб чиқишди. Юра-юра қонли дарёга дуч келдик. Дарёда бир киши бор эди.  Соҳилда бошқа киши харсанг тош ушлаб турарди. Дарёдаги киши сувдан чиқмоқчи бўлган эди, нариги одам тош билан оғзига уриб, келган жойига қайтариб юборди. У ҳар гал чиқмоқчи бўлганида соҳилдаги одам тош билан урар, у яна олдинги жойига қайтиб кетар эди. “Дарёдаги одам ким?” деб сўрасам, “Судхўр” деб жавоб беришди” (Бухорий ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ва икки шоҳидини лаънатладилар ва: “Улар баробардирлар”, дедилар” (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳанзала розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кишининг билатуриб судхўрликдан еган бир дирҳами ўттиз олти марта зино қилганидан ҳам оғирроқдир” (Аҳмад, Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло барчаларимизни мана шундай зарали иллат ва улкан гуноҳ ва маъсиятлардан сақласин. Мустақил юртимизда яшовчи барча халқларга тинчлик ва ҳаётларида фаровонликни ато этсин.

 

 

 

Ўткир Ғузаров,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом  билим юрти мудири