Коррупция билан боғлиқ ижтимоий иллатларга қарши кураш – ислоҳотларимизнинг бош йўналишларидан бири

19

Ўзининг муқаддас каломида “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг…” деб, марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

“Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир” деб марҳамат қилган, суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал ва батамом дуруду-саловатлар бўлсин.

Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Коррупция (лот. Corrumpere — бузмоқ) атамаси одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади. Кўп ҳолларда бу атама сиёсий элитадаги бюрократик аппаратга қарата ишлатилади. Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.

Муқаддас динимизда бу ҳақда нималар дейилганига бир эътибор берсак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.  “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ ила ейишингиз учун уни ҳокимларга ташламанг”  (Бақара сураси, 188-оят) 

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларининг молини ботил – ҳаром йўл билан емоқдан қайтармоқда.

Ушбу ояти каримани тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Бу дегани – бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади”, – деган эканлар. Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳалол ҳокимнинг ҳукми ила ҳаром бўлиб қолмайди ёки аксинча ҳам бўлмайди. Балки айнан ҳамма нарсани кўриб, билиб турувчи Аллоҳнинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатларига қараб ҳукм чиқаради” – деган.

Тафсир Ирфон китобида мазкур оят ҳақида шундай дейилган. “Бу ояти карима Абдон Ҳадрамий ҳақида нозил бўлган. У Имрул Қайс Киндийдан бир парча ерни даъво қилди. Ўрталарида хусумат чиқди. Иккови ажрим қилишларини сўраб, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларига борди. Имрул Қайс ўша ерни Абдонга беришдан бош тортиб, қасам ичмоқчи бўлганида ушбу оят нозил бўлди ва у қасам ичишдан воз кечиб, ҳукм Абдон фойдасига ҳал бўлди. Бу борада Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Мен ҳам бир инсонман, ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Сўзга усталик қилиб, ўзгалар ҳаққини ноҳақ ўзлаштириб олсангиз, билиб қўйинглар, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Гарчи оят ўша даврдаги бир ҳодиса туфайли нозил бўлган эса-да, ундаги хитоб қиёматгача барча умматга қаратилгандир. “Молларни ноҳақ ейиш” дейилганининг маъноси ўғирлик қилиш, омонатга хиёнат этиш, фириб-алдов билан ўзлаштириш, фоиз олиш, қарзга нарса олиб, ундан тониш, пора бериш ва олиш, зўрлик билан тортиб олиш, қиморда ютиб кетиш, ўлчов ва тарозидан уриш, одам савдоси, сеҳр ва фолбинлик билан пул топиш, ножоиз тижорат билан молни қўлга киритишдир. Юқоридаги усулларнинг ҳар бири орқали мол топиш шариатда ҳаром қилинган. “Билатуриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейиш мақсадида гуноҳ йўл билан уни ҳокимларга узатманглар” ояти матнидаги “тудлу” сўзи “адла”дан олинган бўлиб, одатда қудуққа челак ташлаш маъносини билдиради. Бу ўринда эса «молни пора сифатида ҳокимларга узатиш» маъносида қўлланган. Золим ҳокимларга бошқанинг молидан эҳсон қилиш, ўз молини уларга пора қилиб бериш ё улар билан бирга ҳаром ишлар қилиш ҳам тамоман ножоиздир. «Гуноҳ йўл билан»ни Қуртубий «зулм ва ҳаддан ошиш билан» тарзида тафсир қилган. Собуний эса ушбу оятни қуйидагича изоҳлаган: «Яъни, билатуриб ўзгалар молини ноҳақ ўзлаштириб олишингизда сизнинг фойдангизга ҳал қилишлари учун ундан бир қисмини пора сифатида ҳокимларга узатманг». Ушбу оят жуда катта ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларни қамраб олган ва унда тавсия этилган насиҳатларга амал қилиш орқали мўмин банда нафсини «нафси мутмаинна» (сокин нафс) даражасига олиб чиқади. Қози ёки ҳокимга ҳақни тўхтатиш ё ноҳақ ишни юрғизиб юбориш мақсадида пора бериш оғир гуноҳ ишдир. Бу иш адолатсиз ҳукмга, зулмнинг қарор топишига ва фасод ишларнинг кенг тарқалишига олиб боради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳукм чиқаришда пора берган ҳам, олган ҳам Аллоҳнинг лаънатига йўлиқади», деб огоҳлантирганлар» (Аҳмад ривояти). Асримизга келиб дунёда порахўрлик шу қадар илдиз отиб кетдики, ҳозир деярли барча мамлакатларда кўп ишлар, муомалалар порасиз битмайдиган бўлиб кетди. Пора кўп одамларни виждонидан айирди, хизмат кўрсатувчининг хизмат буюрувчига нисбатан муносабати бузилишига сабаб бўлди. Порахўрлик балосидан аҳолининг камбағал, ночор қисми айниқса катта зарар кўряпти. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ пора берувчини ҳам, олувчини ҳам, ўрталарида турганни ҳам лаънатлади», деганлар. Уламолар «лаънатлади» сўзининг маъносини «ҳаром қилинди» деб шарҳлашган. Айрим уламолар: «Пора берувчининг мақсади мусулмонга озор етказиш ёки ҳаққи бўлмаган нарсани қўлга киритиш бўлса, у лаънатлангандир. Бордию ўзининг ҳаққини қўлга киритиш ёки ўзидан зулмни даф қилиш учун пора берса, у лаънатланган бўлмайди. Ҳокимнинг эса, бирон бир ҳақни бекор қиладими, зулмни даф қиладими – фарқи йўқ, пора олиши ҳаром. Ўртадаги киши эса, пора берувчи каби, мақсадига қараб баҳоланади», дейишган. Бошқа уламолар бу фикрга қарши чиқиб, поранинг ҳаромлиги мутлақ – ҳамма ҳолда ҳам ҳаром, дейишган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Биродарингнинг ҳожатини билиб, уни раво қилсангу (бунинг эвазига) сенга ҳадя берганида қабул қилсанг, бу ишинг ҳаромдир».

Юртбошимиз Ш.Мирзиёев ўзининг “Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз” асарида коррупциянинг Ўзбекистоннинг ўз тараққиёти йўлида ривожланишига улкан тўсиқ бўлиши мумкинлигини баён қилган эди.

Коррупциянинг тарихий ўзаклари жуда қадимга бориб тақалиб, бу ҳол қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ўша даврларда бу нормал ҳолат сифатида қабул қилинган. Бироқ давлат аппаратининг мураккаблашуви ва марказийлашуви коррупциянинг давлат ривожланишига катта тўсиқ эканлигини кўрсатди.

Аллоҳ таоло барчалармизни ҳаромдан ҳазар қилиб, ҳалолга интиладиган бандаларидан қилсин.

Қодиров Омон,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

 ислом билим юрти ўқитувчиси