Мутаассиблик-залолатдир
18

МУТААССИБЛИК ҒОЯЛАРИ ЁМОН ИЛЛАТДИР..
Мутаассиблик муайян ғояларнинг тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан кетиш, “ўзгалар” ва “ўзгача” қараш ва ғояларга муросасиз муносабатда бўлиш, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда, уларни тан олмасликда намоён бўлади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин ва йўналишлар орасида кескин низо ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлган.
Айни пайтда, дунёвий ва диний билимларнинг саёзлиги, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаслик ҳам экстремистик ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. Қайд этилганидек, экстремистик ташкилотларнинг аксарияти ўз номини муқаддас ислом дини билан боғлашга уринади. Улар ўзларини “нажот топган гуруҳ”, қолган мусулмонларни эса кофир деб ҳисоблайдилар.
Қуръони каримда бегуноҳ одамларнинг жонига қасд қилиш қораланади. Жумладан, “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”. “Нисо” сураси 93-оят:
Бу тўғрисида “Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан кўра, ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир”, дедилар”. (Имом Термизий ривоят)
XI аср охирларигача экстремизм ва ақидапарастликни тарқатиш ва аҳоли орасида ёйишнинг асосий қуроллари бўлиб турли адабиёт ва нашрлар хизмат қилган бўлса, замонавий технология воситалари ривожланган ҳозирги даврда оммавий ахборот воситалари, айниқса интернет тармоғи экстремистик ва ақидапарастлик ғояларини тарқатишнинг энг оптимал ва қулай манбаига айланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирда турли гуруҳ ва оқимлар томонидан экстремизм ва ақидапарастликни тарғиб қилишда, жамиятда норозилик кайфиятини тарқатишда ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланилмоқда.
Юртимизда осойишталик-фаровонлик ва миллатлараро ўзаро тотувлик ҳукм сурмоқда. Бу бебаҳо неъматларнинг қадрига етиш барчамизнинг бурчимиздир. Бу тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Авваламбор, Аллоҳ таолонинг бизга раво кўрган чексиз инояти бўлса, иккинчидан, ҳукуматимиз томонидан виждон эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлашда олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасидир.
Таассуфки, баъзан ислом дини ва ақидапарастлик тушунчаларини бир-биридан фарқлай олмаслик ёки ғаразли мақсадда уларни тенг қўйиш каби ҳолатлар ҳам кўзга ташланмоқда. Шу билан бирга, ислом динини ниқоб қилиб, манфур ишларни амалга ошираётган мутаассиб кучлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Бундай ножўя ҳаракатлар аввало муқаддас динимизнинг шаънига доғ бўлишини, охир-оқибатда эса маънавий ҳаётимизга салбий таъсир кўрсатишини барчамиз чуқур англаб олишимиз ва шундан хулоса чиқаришимиз зарур.
Юқоридаги мулоҳазалар, экстремизм ва терроризмнинг умумэътироф этилган замонавий қонунлар, балки ислом дини асосларига ҳам зид эканини кўрсатади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, экстремизм ва терроризмга қарши курашда барчамиз ўз масъулиятимизни ҳис этишимиз, огоҳ бўлишимиз, ЖОНАЖОН Ватанимизнинг келажаги учун жавобгар эканлигимизни унутмаслигимиз лозимдир.
Ўткир Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти мудири
