Сирожиддин Ўшийнинг «Бадъул амолий» асари ҳақида

154

Дунёда бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда жаннатга кириш ҳар бир мусулмоннинг асосий мақсадидир. Ушбу улуғ ниятга эса Яратувчини таниш ва Унинг буйруқларини бажариш билан эришилади. Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти ҳам, У зотни танишнинг асоси ҳам ақоид илмида мужассам. Шу боис, у илмларнинг олийси ва диннинг асли ҳисобланади. Сирожиддин Ўший (раҳимаҳуллоҳ) мотуридия таълимотининг машҳур уламоларидан. Олимнинг эътиқод илмига оид “Бадъул амолий” асари мухтасар ва лўнда ҳамда кенг қамровлилиги билан бошқа асарлардан ажралиб туради. Асарнинг алоҳида хусусиятларидан бири аҳли сунна вал жамоа эътиқодий қарашларини ўрганиш ва ёдда сақлаш қулай бўлишини кўзлаб, назмий услубда ёзилганидир.

Ўший  раҳматуллоҳи алайҳ кўплаб илмлар бўйича пешқадам олим бўлиб, бу зотнинг асарларида назмий услуб алоҳида ўрин тутган. Манбаларда шайх, имом, қози каби унвонлари айтилган. Илм даражаларининг юқори бўлгани ёзган асарларидан ҳам билиниб туради. Бу зотнинг турли мавзуларга оид кўплаб асарлари бўлган:

  1. “Фатавои Сирожия” (Сирожиддиннинг фатволари). Бу асар кўплаб фиқҳий мушкул масалаларнинг ечимига бағишланган ҳанафия мазҳабига оид муҳим китоб ҳисобланади;
  2. “Ғурорул ахбар ва дурорул ашъар” (танланган хабарлар ва дурдона шеърлар). Бу асарда асосан Аллоҳнинг азобидан қўрқитиш ва раҳматидан умидвор қилиш маъносидаги турли мавзуларга оид мингта ҳадис жамланган. Бу асардаги ҳадислар “Саҳиҳул Бухорий”, “Жомеут Термизий” ва “Фирдавсул ахбор” каби китоблардан териб олинган;
  3. “Нисобул ахбар литазкиротил ахёр фи аҳадиси Набиийил мухтор” (“Ихтиёр қилинган Пайғамбарнинг ҳадислари тўғрисида” яхши кишиларга билдириш йўлидаги хабарларнинг асоси). Бу китоб “Ғурорул ахбар ва дурорул ашъар” китобининг мухтасари, яъни, ундан қисқартириб олинган китоб ҳисобланади;
  4. “Савоқибул ахбар” (ўткир хабарлар);
  5. “Мухталафур ривая” (ривоятларнинг турлари). Бу китоб Абу Ҳафс Умар Насафийнинг “Манзуматул хилофиёт” (Мунозаралар ҳақидаги манзума) асари шарҳи бўлиб, ўнта бобга ажратилган. Биринчи бобда Имоми Аъзамнинг қавли, иккинчи бобда имом Абу Юсуфнинг қавли, учинчи бобда имом Муҳаммаднинг қавли, тўртинчи бобда имом Аъзам ва имом Абу Юсуфларнинг қавли, бешинчи бобда имом Аъзам ва имом Муҳаммадларнинг қавли, олтинчи бобда имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадларнинг қавли, еттинчи бобда барчаларининг қавли, саккизинчи бобда имом Зуфарнинг қавли, тўққизинчи бобда имом Шофиъийнинг қавли ва ўнинчи бобда имом Моликнинг қавли жамланган.

Уламолар бу асарнинг байтлари икки минг олти юз олтмиш тўққизта, деганлар.

  1. “Бадъул амолий” (қалбдан ёзишлар муқаддимаси). Ушбу асар “Яқулул абду” ва “Қасидатул ломия” номлари билан ҳам машҳур бўлган. “Яқулул абду” номи асарнинг биринчи байти туфайли тарқалган бўлса, мисралари лом ҳарфи билан тугалланиб ёзилгани учун “Қасидатул ломия”, яъни “Ломлик қасида” деб ҳам номланган. Асар қисқа бўлишига қарамасдан, ундаги эътиқодий масалалар мотуридия мазҳабига кўра лўнда тарзда баён этилган, кенг қамровли асар ҳисобланади. “Бадъул амолий” асари ҳижрий 569 йилда ёзиб тугалланган.

Ўший (раҳматуллоҳи алайҳ) Бадъул амолий асарини “Сўз бошлар имлолар бошида банда. Дурлардек назм-ла тавҳид ҳақинда” байти билан бошлайди. Зеро, мусулмоннинг ҳар бир айтадиган сўзи аҳамиятлидир. Чунки банда уч нарсадан: тил, қалб ва барча аъзоларидан масъулдир. Мўмин ушбу аъзоларнинг ҳар бири билан қилинган ишдан қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилинади. Аъзоларининг энг хатарлиси тил бўлиб, ҳар бир мукаллаф, ақли расо инсон тили талаффуз этган сўзларни фаришталар ёзиб боради. Сўзларнинг энг афзали шаҳодат калимаси, сўнгра барча ишларда фақат рост гапиришдир. Энг ёмон сўз Аллоҳ таолога ширк келтирувчи ва куфр гапларни айтиш. Кейин эса ёлғон, ғийбат ва чақимчилик каби сўзлардир. Шунинг учун ҳар бир мўмин тилига эътиборли бўлиши лозим.

Манбалар асосида Нейматов Увайс тайёрлади
Хожа Бухорий ислом билим юрти талабаси