ТИНЧЛИК –КЕЛАЖАКНИНГ ОБОДЛИГИДИР

10

Яратганга шукрки, бугун юртимизда оилаларимиз фаровон ва аҳил бўлиб яшамоқдалар, фуқароларимизнинг саломатликлари муҳофазаси учун барча имконият ва имтиёзлар, иқтисодий ва ҳуқуқий асослар, зарур шарт-шароитлар мавжуд. Айниқса, эртамиз келажаги бўлган ёшлар камоли йўлида беқиёс ишлар амалга оширилмоқда. Албатта, ёшларнинг таълим-тарбияси келажагимиз учун алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис мамлакатимизда уларнинг пухта таълим-тарбия олиши учун қулай шароит яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки жамиятимиз осойишталиги, мамлакатимиз тараққиётига рахна солмоқчи бўлганлар кўп ҳолларда ёшларни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилади. Шу боис йигит-қизларнинг турли ғараз ниятли гуруҳларга қўшилиб қолишининг олдини олиш, бундай кучларга қарши курашиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Эзгулик дини бўлган исломда оила муқаддас ҳисобланиб, фарзанднинг маънавий тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади. Чунки бола навниҳол кабидир. Уни қай томонга эгса, шунга мойил бўлиб ўсади. Шу боис, болага гўзал тарбия бериб камолот сари етаклашда, уни турли салбий ташқи таъсирлардан асрашда ота-онанинг ўрни беқиёс. Зеро, ота-онанинг фарзанд неъматига бўлган шукронаси ҳам айнан унинг қандай тарбия бериши орқали намоён бўлади.

Айниқса, ғоялар кураши авж олган бугунги кунимизда фарзандларимиз маънавиятига тажовуз солаётган таҳдидлар қаторида, динни ниқоб қилиб, диний қадриятларимизни оёқости қилишга уринаётган экстремистик ва миссионерлик ҳаракатларининг фаолияти жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бундай кучлар фарзандларимиз онги ва қалбини забт этиш мақсадида ҳар қандай қабиҳ йўллардан фойдаланишга уринмоқда.

Ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш тўғрисида ғамхўрлик нафақат ҳукуматимиз ёки таълим муассасаларининг вазифаси, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муқаддас бурчи эканлигини унутмайлик. Фарзандларимизнинг илмий савиялари, касбу ҳунарлари билан ахлоқий фазилатларини ҳам ўстириб борайлик. Мустақил она-диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига таҳдид соладиган турли хавфлардан огоҳ бўлишга чақиришда бардавом бўлайлик.

Саид Худойқулов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси