Тасаввуфнинг шариатга алоқадорлиги масаласи
14Неъматларига уйғун, лутф-карамларига ярашадиган ҳамду сано оламларнинг Робби Аллоҳ таолога хосдир. Саййидул мурсалин жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ул зоти муборакнинг бутун оила ва асҳобларига салоту саломлар бўлсин.
Аллоҳ таоло инсонни яратганда фақатгина жисмдан иборат қилиб яратмади, балки унга беқиёс неъмат сифатида руҳ ҳам ато этди. Инсон шу икки нарсадан ташкил топган. Биринчиси, моддий нарса бўлиб, у ўсади, ҳаракат қилади. Иккинчиси эса, моддий нарса бўлмай, ўзига хос бошқа бир ҳолатлардан иборат бўлиб, фикрлаш, билиш, ирода, яхши кўриш, ёмон кўриш, яхши ахлоқ ёки ёмон ахлоқ каби нарсалардан иборатдир. Шу икки тарафнинг ўзига яраша талаблари бўлиб, уларни қондиришга ҳаракат қилинади. Жисм овқат, ичимлик ва жинсга рағбат қилади. Руҳ эса ўзига хос рағбатларга эга. Инсонга нима зарар-у, нима фойда эканини Аллоҳ таоло очиқ-ойдин баён қилган:
فألهمها فجورها وتقواها
«Дарвоқе, унга (нафсга) фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам (У) илҳом қилиб қўйган»[1].
Барча инсон Аллоҳ таолонинг қулидир. Аллоҳ таоло маълум бир миллат ва ирқнинг Робби ёки фақат шу дунёнинг яратувчиси эмас, балки бутун инсониятнинг ва барча оламларнинг улуғ Робби ва қодир Яратувчисидир. Аллоҳ таоло наздида барча инсонлар тенг бўлиб, ҳеч кимнинг бировдан устун томони, ҳеч бир халқнинг бошқа халқдан кам жиҳати йўқ. Бундан фақат тақводорларни истисно қилиш мумкин[2].
Туркий халқларнинг маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган улуғ алломалар, машойих ва сўфийлар фаолиятини, улар қолдирган бой илмий, маърифий ҳамда адабий меросни тадқиқ этиш бугунги кунда долзарб вазифалардандир. Чунки, улар нафақат адабиёт ва санъатда, балки ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам фаол бўлишган, жамиятда адолат қарор топиши учун қайғурганлар. Бир томондан, халқни тўғри йўлга даъват этган бўлсалар, бошқа томондан, ҳукмдорларга йўл-йўриқ кўрсатиб, уларни хайрли ишларга чорлаганлар. Аммо шўро даврида омма фикри чалғитилди, уларнинг қарашлари ва фаолиятлари қораланди, номлари бадном этилди. Истиқлол туфайли бугун уларнинг фаолиятига холис баҳо бериш имконига эгамиз. Қолаверса, уларнинг асарларида ғоялар, ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, миллат қайғуси, халқпарварлик тушунчалари, одоб-ахлоққа доир фикр-қарашлар барча халқлар маърифати ва тафаккурининг шаклланиб, ривож топишида муҳим аҳамиятга эга.
Мавзуни яхшироқ тушуниш учун тасаввуф ва сўфийлик лафзларининг манолари ва таърифлари билан танишсак “сўфий” ва “тасаввуф” сўзларининг луғавий маънолари ҳақида турли хил фикрлар айтилганидек, уларнинг истилоҳий маъноси борасида ҳам турли қарашлар бор. “Қавоидут тасаввуф” китобида зикр қилинишича, машҳур тасаввуф шайхи Адмад Зарруқ (р.а.) икки мингга яқин таърифни келтирган. Уларнинг ҳаммаси “Аллоҳ таолога содиқ таважжуҳ” қилиш маъносидадир. Тасаввуф аҳлининг ўзлари унинг таърифидаги бундай хилма-хилликни яхшилик аломати деб биладилар.
Тасаввуф шариатга бевосита боғлиқ. Уни қуйида тасаввуф ҳақидаги баъзи таърифлар билан танишиб чиқсак, янада бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
- Шаръий одоблар ила зоҳирда туриб унинг ҳукмини ботинда кўриш. Шунингдек, шаръий одоблар ила ботинда туриб унинг ҳукмини зоҳирда кўришдир. Шунда одобланувчи учун икки ҳукм ила камол ҳосил бўлади.
- У бир мазҳаб бўлиб, мақсади қалбни Аллоҳ таолодан бошқа барчадан холи қилиш, Холиққа ихлос ила ибодат қилиш ҳамда Ундан бошқасидан ажралиш ила руҳни қудсият оламига олиб чиқиш.
- Тасаввуф нафсни ахлоқий жиҳатдан тараққий эттирадиган ҳаётий фалсафа бўлиб, у муайян амалий риёзат воситасида ҳақиқатга айланади ва баъзи вақтларда олий ҳақиқатга сингиш ҳиссига олиб боради. Шунингдек, ундан завқ ва ақл ила маърифат ҳосил қилишга олиб боради.
- Тасаввуф бир илм бўлиб, у ила нафснинг аҳволи: яхши ва ёмони, унинг ёмонини поклаш йўли, яхшини зийнатлаш йўли, Аллоҳ таолога юзланиш кайфияти ва услуби ўрганилади яъни, Ўзидан бошқадан паноҳ сўрамаслик.
- Тасаввуф – ҳар бир ёмондан холи бўлиш, ҳар бир яхшидан ибрат олиш ила қурбат[3]га ва висол[4]га эришишдир. У инсонни қайта бино қилиш ва уни ҳар бир фикр, сўз, иш ва ниятда Роббиси ила боғлашдир.
- Тасаввуф – ахлоқни сайқаллашни ва нафсни поклашни йўлга қўяди.
- Тасаввуф тавба, истиғфор, дуо, зуҳд, тақво ва шунга ўхшаш маъноларнинг ҳақиқатини англаб етишга ёрдам беради ва уларни ҳаётга қандоқ татбиқ қилиш бўйича дарслар ва кўргазмали тажрибалар олиб боради.
- Тасаввуф мўмин-мусулмонларга нафл ибодатларни йўлга қўйиш бўйича ҳам дарслар беради.
Юқорида зикр этилган таърифлар билан бир қаторда “тасаввуф” сўзи ва унга боғлиқ лафзлар қадимги луғат илми усталари томонидан ҳам синчковлик билан ўрганилганини ҳам эслашимиз ўринли.
Жумладан, “ал-Муъжам ал-васийт” номли луғaт китобида бу ҳақда қуйидагилар келтирилган:
صوَف فلانا “Саввафа фулонан” — фалончини сўфийлардан санади дегани.
تصوَف فلان “Тасаввафа фулонун” — фалончи сўфий бўлди дегани.
Тасаввуф сулук тарзи бўлиб, унинг асоси нафс пок ва руҳ олий бўлиши учун содда ҳаёт ва фазилатлар ила зийнатланиб яшашдир.
Тасаввуф илми – сўфийлар эътиқод қиладиган нарсалар ва ўз жамоаларида ҳамда ёлғиз қолганларида ушлайдиган одоблари. Сўфий тасаввуф йўлига эргашган одамдир.
Шайх Шиҳобиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ас-Суҳравардий (р.а.) сўфийни қуйидагича таърифлайдилар:
“Сўфий ҳар бир нарсани ўз жойига қўядиган, вақтлар ва ишларни илм ила тадбирини қиладиган, халқни ўз мақомига қўядиган, Ҳаққнинг амрини ўз жойига қўядиган, беркитилиши лозим бўлган нарсани беркитадиган, очилиши лозим бўлган нарсани очадиган ва ишларни қалб ҳузури ила, тўғри тавҳид ила, камоли маърифат ила, риояти сидқу ихлос ила ўз ўрнида адо этадиган шахсдир”.
Одатда, Ислом динининг амалий қисми, дин қоидалари “шариат” дейилади ва унинг аҳкомларини фиқҳ илми ўргатади.
Орифлар султони Аҳмад Яссавий (р.а.) эса:
الشريعة عمل بالأركان أى بالظاهر والطريقة عمل بالقلب والحقيقة عمل بالسر
“Шариат зоҳирда аъзолар билан амал қилиш, тариқат қалб билан амал қилиш, ҳақиқат эса сир (қалбдаги жавҳар, кўнгил) билан амал қилишдир” деганлар.[5]
Шариат ва тасаввуфнинг бир-бирини тақозо қилиши ҳақида Имом Молик (р.а.)нинг қуйидаги сўзларини эслаш кифоя: «Ким сўфий бўлса-ю, фақиҳ бўлмаса, зиндиқ бўлибди. Ким фақиҳ бўлса-ю, сўфий бўлмаса, фосиқ бўлибди. Ким иккисини жамласа муҳаққиқ бўлибди.[6]
Нариқулов Акмалжон
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тарижима ва тафсир муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур. – Тошкент : Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. – Б. 595. (Бундан кейин: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх Абдулазиз Мансур.)
[2] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх Абдулазиз Мансур. Ҳужурот. 13-оят. Б. 517.
[3] Аллоҳ таолога яқинлашиш.
[4] Аллоҳ таолонинг жамолига етишиш.
[5] Хожа Аҳмад Яссавий. Девони ҳикмат / Янги топилган намуналар. – Т.: Мовароуннаҳр , 2004.
Б.148.
[6] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур. – Т.: Мовароуннаҳр, 2004. – Б. 33.
