Либос инсон зотини зийнати ва бошқа жонзотдан ажратиб турувчи омилидир
21

Либос инсон зотини зийнати ва бошқа жонзотдан ажратиб турувчи омилидир. Ислом динида либос ўзгалар кўриши мумкин бўлмаган жойларни тўсиш шартдир. Бундан ортиғи эса одоб ва мустаҳаб амалдир. Ҳар бир амалнинг меъёр ва одоби бўлгани каби, бунинг ўзига яраша меъёри ва одоби бордир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳамма ўзи топган кийимини кийиб юраверган. Шариатга тўғри келмайдиган жойи бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар. Мисол учун, эркаклар учун шойи-ипак кийимлар кийиш, шунингдек, манманлик ила кийимни осилтириб юриш ҳаром саналган. Қолган нарсаларда эса “Модомики сенда икки нарса – исроф ва манманлик бўлмаса, хоҳлаганингни е, хоҳлаганингни кий” деган қоидага амал қилинган.
Агар кийимнинг ҳар бир жиҳатида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаш фарз ёки вожиб бўлганида, ҳамма бир хил кийиниб юрган бўлар эди. Ислом давлати бир хил кийимли кишилар давлатига айланар эди. бундай нарса ҳеч қачон, ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган.
Фуқаҳоларимиз (барчаларидан Аллоҳ таоло рози бўлсин) бу масала бўйича келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиққанларидан кейин қуйидаги хулосага келганлар:
- Фарз.
Бу авратни беркитадиган ва иссиқ-совуқни қайтарадиган кийимдир. У пахта ёки канопдан, ўта нафис билан ўта ёмоннинг ўртасида бўлиши керак. (Бугунги ҳолатда эса ўта юпқа ёки ўта тор ҳамда ўта дағал кийим шулар қаторига киради, ўртача бўлиши лозим).
- Мустаҳаб.
Бундай кийим авратни тўсиб, зийнатни зоҳир қиладиган кийимдир. (Яъни, кўркам ва виқорли кийим бўлишидир).
- Мубоҳ.
Бу жума, ҳайит ва одамлар жамланадиган бошқа кунларда ясаниш учун кийиладиган чиройли кийимлардир. Бундай чиройли кийимлар билан жамоат жойига чиқишдан муслима аёллар мустаснодирлар, чунки уларга зийнатларини яшириш фарздир, агар либосни зийнат учун кийиш юзага келса, гуноҳкор бўлишлари турган гап, балки улар иффатларини сақлаган ҳолда зийнатларини яшириш учун содда кийим кийишлари суннатга мувофиқдир.
- Макруҳ.
Бу такаббурлик ва манманлик учун кийиладиган кийим.
Шу ўринда бешинчи қисмини ҳам зиёда қилиш ўринли:
- Ҳаром.
Бу – авратни тўсмайдиган ҳамда эркаклар учун шойи-ипак кийимлар, кийишдир.[1]
Шу ўринда аёлларга хос бир масалани ўрганиб кетилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 59-оятида шундай марҳамат қилади: “Эй Пайғамбар, хотинларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг: устиларига ёпинчиқларини ташлаб олишсин”.
Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбар, аввало ўз жуфтларингиз ва қизларингизга сўнгра барча мўмина аёлларга айтингки, улар ёпинчиқ-жилбобларини устиларига ташлаб юришсин. Ушбу ояти каримадаги “ёпинчиқ” деб таржима қилинган “жилбоб” сўзи, бошқа кийимларнинг устидан кийиладиган ёки ёпиладиган кенг кўйлак ёки либосни англатади. Мўмина аёлни бошқа аёллардан ажратиб турадиган бу кийим турли мусулмон ўлкаларда турлича кўринишда бўлган. Лекин ҳаммаси ҳам мўмина аёлларни ёмон кўздан сақлаш, уларни бошқа аёллардан ажратиш каби вазифаларни адо этган. Ислом келмасидан олдин аёллар очиқ-сочиқ юришар эди. турли жалб қилувчи кийимлар кийиб, кўча-кўйда эркакларнинг этиборини ўзларига тортишга ҳаракат қилишарди (шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтиш лозимки, аксар ҳолатларда аёлларимиз турли кийимларни кийиб уни турли жалб қилувчи ранг-баранг ва турли безакли нарсалар билан безаб олиб, сўнгра уни “ҳижоб” деб юришлари ислом дини меёрига тўғри келмайди балки, бу ҳам бегона эркакларни ўзига жалб қилиш ҳукмига кириб қолади).
Ислом дини мўмина аёлларнинг шаън ва қадрларини, иффат ва шарафларини қаттиқ ҳимоя қилади. Динимиз мусулмон аёлларнинг жамиятдаги мартаба-мақомини юксак кўтарганидай, уларнинг қадр-қимматини ҳам ниҳоятда улуғлайди. Исломда мўмина аёлларнинг оилада, кўча-кўйда, жамоат орасида, бошқалар билан муносабат ва муомалаларда ўзларини тутишлари кераклиги ҳақида одоб қоидаларини ҳам ишлаб чиққан. Шуларга кўра, ҳар бир мусулмон аёл номаҳрамлар қаршисига чиққанида ўзини кўз-кўз қилмай, зийнатларини яшириб, иффатларини ошириб, ҳаё чигарасидан чиқмасликлари талаб қилинади. Аёл киши табиатан ўзига оро беришга, зийнатланишга ва ўз зийнатини бошқаларга кўрсатишга интилувчан қилиб яратилган. Улардаги бу табиат оиланинг ҳаётийлиги ва мустаҳкамлиги учун жуда муҳим. Шу боис, Ислом аёлларга ўзларининг ушбу хусусиятларини ўз эрларига, жуфти ҳалолларига қаратишга буюради ва уни мақсадсиз ёки нопок мақсадларда бошқаларга кўз-кўз қилишдан қайтаради. Аёл кишининг устки кийими ҳам ҳаммани ўзига тортадиган даражада зийнатли бўлмагани маъқул. Чунки, бу ҳам фитнага сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, кўчада пиёда юрадиган аёллар бегона назарларни жалб қиладиган кийимлар кийишдан, ҳар хил безак, зийнатлар тақишдан, этиборни жалб қилиш даражасида хушбўйланишдан ҳам сақланишлари керак. Муслима аёлларга шунингдек, кўча ўртасига тушиб олиб юриш ярашмайди. Уларнинг ҳар бир ҳаракатларида исломий одоблари, ҳаё ва иффатлари барқ уриб туриши керак. Шу билан бирга муслима аёл ўз жуфти ҳалоли билан брганда унинг ортидан юриши ҳам одобдан саналади. Имонли аёл яна бегона эркакларнинг назарини тортадиган барча ҳатти-ҳаракатлардан сақланиши зарур. Бу аёл киши учун ўз қадрини, аёллик қийматини ва иффатини сақлаши учун зарурдир. Хуллас, муслима аёл кўчада юрганида ўзининг виқорини, салобатини сақлаши, турли нопок назарлардан ўзини юқори тутиши лозим. Қуръони каримда аёл киши ҳатто сўзлашишда ҳам ушбу эҳтиёткорликни қаттиқ ушлаши зарурлиги таъкидланган[2].
Муҳибуллоев Саидмуҳаммад,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
[1] Ҳадис ва ҳаёт. 16-17-жузлар. 294-бет.
[2] Тафсири ирфон. 19-22-жузлар. 496-99-бетлар.
