Либос кийишда ўзгаларга тақлид қилишдан сақланайлик
23

Бугунги кунда баъзи жойларда айрим хотин-қизларнинг ўзгаларга тақлид қилиб либос кийишлари кузатилмоқда. Аслида, хотин-қизлар Ҳанафия мазҳабига кўра юзи ва икки қўлининг кафтидан бошқа аъзоларини ёпган ҳолда кийиниши лозим. Хотин-қизлар эркакларга ўхшаб кийиниши ёки эркакларнинг аёлларга ўхшаб кийинмаслиги керак. Бу ҳақда шундай дейилади: “Ҳозирда айрим аёл-қизларимиз сохта ғоялар таъсирида, ўзгаларга тақлид қилиб мазҳабимизга хилоф ва миллий урф-одатларга зид равишда юз ва қўлларини тўсган ҳолда бурқа ва ниқоб тақиб олиш ҳолатлари учраб турибди” .
Аллоҳ таоло Қуръони карим” да: “Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. Тақво либоси ҳаммасидан яхшидир. Бу нарсалар эсда тутишларингиз учун Аллоҳнинг ҳужжатларидандир” (Аъроф сураси, 26-оят). Ушбу оятнинг тафсирида: “Яъни, душман сизларни жаннат либосидан маҳрум қилди. Энди сизларга дунёда қандай либосда бўлишгингизни ўргатаяпмиз. Қандай либос кийманглар, ҳамиша тақвода бўлинглар, Аллоҳдан қўрқинглар. Оят мазмунидан англашиладики, ким Аллоҳ амриларидан чекиниб, қайтариқларини инкор этиб шайтон ва нафс алдовига учса, кийимсиз, қип-ялонғоч одам ҳолатига тушади. Бундайлар ҳеч нарсадан уялмайдиган, орланмайдиган бўлиб қолади. Уят, инсоф, ор йўқолса, одам инсонликдан чиқади, илоҳий раҳмат ва мағфиратдан бенасиб қолади, унинг бошқа махлуқлардан фарқи бўлмайди”дейилади.
Либос кийишда ўзгаларга тақлид қилишдан тийилиб, ўзимизнинг мазҳабимизга кўра кийинишга эътибор берайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга ҳидоят қилиб, икки дунё саодатига еткарсин!
М. Қораев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили ўринбосари
