Гиёҳвандлик — миллат учун иллатдир

29

Мўмин дўст-яқинларини ташлаб қўймайди

Маълумки, маст қиладиган ичкиликлар динда ҳаром қилинган бўлиб, уни ичиш гуноҳи кабиралардандир. Уни ҳалол билган киши кофир бўлади ва ичганга ҳад урилади. Бунга далил жуда кўпдир. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор, бутлар ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг хар биридан узоқ бўлингиз! Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!” (Моида сураси, 90-91-оятлари).

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ароқ ичувчи уни мўмин ҳолда ичмайди”, дедилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Унинг ҳаром бўлиш иллати ёки ҳикмати Аллоҳ инсонни у билан мукаррам қилган ва таклиф боиси бўлган ақлни муҳофаза этишдир. Чунки ақлга тажовуз қилиш билан инсон мункар ишларга аралашиб ва шаҳвоний ҳисларга бўйсуниб қолади. Олдинги далиллар ва мана бу ҳадислар шунга далолат қилади: “Ароқдан сақланинг, чунки у ҳамма ёмонликлар калитидир” (Ҳоким ривояти), “Ёмонликлар онасидан сақланинг” (Ибн Ҳиббон ривояти).

Маст қилувчи ҳамма нарсанинг ҳукми хоҳ у ичиладиган, ё ейиладиган, ё чекиладиган, ёки ҳидланадиган бўлсин барибир ароқники билан тенгдир, жумладан гиёҳванд моддалар ҳам. Бу ҳукмдан бизнинг мазҳабимизда фақат ҳад истисно қилинади. Гиёҳванд моддалар ислом оламига мўғул татарлар босқини вақти, VI-VII-асрларгача маълум бўлмаган эсада, қадим шарқ ва ғарбда уни билишарди. Мусулмонлар уни таниб, зарарларидан хабардор бўлишгач, “Ҳамма маст қилувчи – ҳаром”лигини айтган, шунингдек Умму Салама (розияллоҳу анҳо) ривоятларидаги “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар қандай маст қилувчи ва гангитувчи нарсадан қайтардилар”, деган ҳадисларнинг умумий маъносини татбиқ қилиб, унга ҳаром ҳукмини беришди.

“Раддул мухтор”нинг “Ичимликлар китоби”да шундай дейилади: “Банг ейиш ҳаромдир. У арабчада шайкарон дейилган ўсимликдир. Ҳушни йўқотади, ухлатиб қўяди ва ақлни учиради. Энг ёмони қизили, сўнг қораси, кейин оқидир. “Қуҳустоний”да “У қанб ўсимлигининг бир тури бўлиб, ақлни кетказгани учун ҳаромдир. Фатво шунгадир”, дейилган.

“Баҳр”да айтилади: “Кимнинг ақли банг ва афюн билан кетадиган бўлса, агар кайф учун истеъмол этган бўлса, қилган талоғи тушади. Чунки уни гуноҳ учун ишлатди. Агар даволаниш учун ишлатган бўлса талоғи тушмайди, чунки у гуноҳ қилмади”. Буни “Фатҳул қадир”да ҳам айтилган бўлиб, банг ва афюннинг ҳаром эканига сариҳ қавлдир”.

Ибн Ҳажарул Маккий афюнга ўхшаш гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолган киши, агар уни истеъмол қилмаса ўлиб қоладиган бўлса, нима қилади, деб сўралганда шундай жавоб қилдилар: Агар бундай бўлиши қатъий билинса, бу ҳолда улар ҳалолдир. Балки жонни сақлашга мажбур бўлингани учун истеъмоли вожибдир. Очдан ўлаётганганга ўлакса ҳалол бўлгани каби. Фақат ошқозон унга боғлиқликдан қутулгунча, оз-оздан камайтириш вожиб. Агар бундай қилмаса гуноҳкор фосиқ бўлади”.

Ҳеч қачон гиёҳванд модда билан қўлга тушиш мумкин бўлмаган 7 давлат қуйидагилар:

Сингапур- Агар кимдир ярим килограмм наша билан қўлга олинса – осиб ўлдирилади. Бу жазо чет элликларга ҳам тегишли.

Малайзия-Афюн билан тутилганлар қатл қилинади, ҳеч бўлмаганда узоқ муддатга қамалади.

Эрон-Ҳар йили Эронда 500 га яқин гиёҳвандликка оид ҳукм ўқилади. Марихуана билан ушлашса, 70 дарра билан жазоланади. Шариат усуллар ҳамон амалда.

Индонезия- Истеъмол қилганлик учун 15 йил қамалиш мумкин бўлса, оғир ҳолларда жиноятчи отишга ҳукм қилинади.

Саудия Арабистони- Спиртли ичимлик тақиқланган мамлакатда гиёҳвандлик учун қанақа жазо бўлишини тасаввур қилаверинг. Омма олдида дарра уришдан бошланиб узоқ муддат қамалиш ҳам мумкин.  Гиёҳванд модда тарқатувчилар эса бошидан жудо қилинади.

Хитой-Гиёҳванд моддалар учун Хитойда жуда катта жарималар, узоқ муддатга қамоқ жазоси тайинланган. Наркотик модда тарқатиш моддаси билан тушиб қолган одамга ёки умрбод қамоқ, ёки ўлим жазоси қўлланилади. Жазоланиш сони бўйича эса, Хитой Саудия Арабистонини ҳам ортда қолдиради.

Бирлашган Араб амирликлари-Амирликлар гиёҳвандлик ва уни тарқатиш борасида энг қаттиқ жазо қўллайдиган давлатларнинг олдида. Айбдорларни нафақат катта миқдордаги гиёҳванд модда, балки билинар-билинмас миқдор учун ҳам узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилишади.

Афсуски Ўзбекистондаги нарковазиятга салбий таъсир кўрсатаётган асосий омил Афғонистонда ҳанузгача гиёҳвандлик воситаларининг кўп миқдорда етишитирилиши, дунё давлатларига Ўзбекистон орқали экспорт қилинишидир. яқинда Тошкентда 1 тонна 350 килограмга яқин гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилди.

 Ўз навбатида қатъий таъкидлаймизки, гиёҳванд моддаларни сотиш, етказиб бериш билан шуғулланаётган ёки истеъмол қилаётганлар кўзларини очишсин! Аввало, Аллоҳ таоло олдида жавоб беришини унутишмасин! Беш кунлик ҳаётда арзимаган сариқ чақага учиб, ҳаром йўл билан пул топиб, гуноҳ ишларни қилиб охиратдаги абадий роҳатдан бенасиб қолишдан эҳтиёт бўлишсин! Ёмон иш жазосиз қолмайди, эртага, албатта, қонун олдида жавоб беради. Охиратда эса Аллоҳ таоло ҳузурида ҳам аламли азобга дучор бўлиши барқарордир. Ундай инсонлар ҳаётда зор, охиратда эса хор бўлади.

 

С. Жаҳонов

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси