Аҳмадийлик ҳаракатнинг ботил ақидалари

19

Аҳмадийлар ўзларини мусулмон эканликларини даъво қилсалар-да, аслида уларнинг диний-ақидавий қарашлари асл ислом анъаналаридан йироқдир. Аҳмадийларнинг Маҳдий, ваъда қилинган Масиҳ, пайғамбарлик, муқаддас қадамжолар, Исо (а.с.) ҳаёти, меърож, халифалик каби масалалардаги қарашлари бунга ёрқин мисол бўла олади.

Ғулом Аҳмад ҳеч бир далил-асоссиз ўзини мусулмонлар томонидан охир замон арафасида пайдо бўлишига ишониладиган Маҳдий деб эълон қилган. Жумладан, “Илҳом хутбаси”да у ўзини «Сизларнинг ҳузурингизга давр Маҳдийси беҳисоб хазина ва улкан бойлик билан келди… Эй, одамлар, мен Муҳаммад наслидан бўлган пайғамбарман», деб эълон қилди.

Аҳмадийлар Исо (а.с.) осмонга кўтарилганини рад этадилар ва узоқ умр кўриб, вафот этгани ҳамда Кашмирдаги Сринагар қабристонида кўмилганини таъкидлайдилар.

Уларнинг ақидасига кўра, Исо 13 ёшида ўз Ватанини тарк этиб, Ҳиндистонга келган ва таълимотини ёйган. 29 ёшида яна Фаластинга қайтган. Лаҳорийлар эса нафақат анъанавий ислом таълимоти балки, қодиёнийларнинг ўзидан ҳам фарқли равишда Исо (а.с.)нинг отаси Юсуф Нажжор (христианлик таълимотига кўра, биби Марямнинг қаллиғи) бўлган, деб ҳисоблайдилар.

Ваҳоланки, Исо (а.с.) бокира қиз Марямнинг мўъжиза билан туғилган ўғли экани, у ўлмагани, балки тирик ҳолда осмонга кўтарилгани ва Қиёмат куни арафасида Ер юзида яна пайдо бўлиши мусулмонлар эътиқод қиладиган асосий ақидалардан биридир.

Жумладан: “Оли Имрон” сурасининг 55-оятидаги “(Эй Муҳаммад), Аллоҳ айтган бу сўзларни эсланг: «Ё Исо, албатта Мен сени вафот қилдиргувчи ва Ўз ҳузуримга кўтаргувчиман”;

«Марям» сураси 33-оятидаги “Менга туғилган кунимда ҳам, вафот бўладиган кунимда ҳам, қайта тириладиган кунимда ҳам тинчлик-омонлик бўлур”;

“Зухруф” сураси 61-оятидаги “Албатта (Исо Қиёмат) соати ҳақидаги билим-аломатдир. Бас, сизлар у (соат) ҳақида ҳаргиз шак-шубҳа қилмангиз!”;

“Нисо” сурасининг 156-158 оятларидаги “Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ бўҳтон қилганликлари сабабли ҳамда Аллоҳнинг пайғамбари бўлган ал-Масиҳ Исо бинни Марямни «бизлар ўлдирганмиз», деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Исога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта, Исо ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Аллоҳ ўз ҳузурига кўтаргандир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир” деган кўрсатмалар бунинг асосидир. Шундай экан қайд этилган мулоҳазалар аҳмадийларнинг бу борадаги иддаолари ислом таълимотига бутунлай зид эканини кўрсатади.

Шу ўринда Ғулом Аҳмад нафақат пайғамбарликка даъво қилганини, балки «Муҳаммад уч мингтагина мўъжиза кўрсатди. Менинг мўъжизаларим эса миллиондан ортади», деган иддаолар билан ўзини Муҳаммад(а.с.)дан устун қўйишга ҳам уринганини қайд этиш лозим.

Бундай қарашда унинг издошлари ҳам қатъийдирлар. Қодиёнийларнинг “Фазл” газетасининг тўртинчи сонидаги “У кўплаб пайғамбарлардан афзал эди ва ҳатто барча пайғамбарлардан ҳам афзал бўлган бўлиши мумкин”, бешинчи сонидаги “Муҳаммад (с.а.в.) саҳобалари ва Ғулом Аҳмаднинг ўқувчилари орасида фарқ бўлмаган, фақат улар биринчи рисолатнинг кишилари бўлган бўлса, булар иккинчи рисолатнинг кишиларидир”, — деган фикрлар ҳам бунинг исботи бўла олади.

Ўз тарафдорлари сонини ошириш мақсадида аҳмадийлик ҳаракати аъзолари исломда тақиқланган бази амалларни жорий қилганлар. Хусусан, ибодат вақтида мусиқа янграб туриши, ибодатхоналарда лотерея ўйинларининг ташкил этиб турилиши шулар жумласидандир.

Қайд этилган маълумотлар ҳаракат томонидан ўз фаолиятини кенгайтириш, ботил қарашларини тарғиб қилишда бугунда мавжуд бўлган барча имкониятлардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилганини кўрсатади.

Қайд этилган омиллар аҳмадийлик ҳаракати илгари сурувчи ғоялар динимиз асосларига бутунлай зид экани ҳақида хулоса қилиш имконини беради. Шунинг учун буюк аждодларимиз меросини чуқур эгаллашларига эришиш алоҳида аҳамият касб этади. Шундагина, мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг тинч-тотув ва фаровон ҳаётини, мустақиллигимизнинг маънавий ва маърифий пойдевори мустаҳкамлиги таъминлаш, уни ҳар қандай ички ва ташқи таҳдидлардан асраб-авайлаш мумкин бўлади.

 

“Исломга ёт жамоа” рисоласи асосида,

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти

ўқитувчиси Қодиров Омон тайёрлади.