Закоти адо этилган молларни Аллоҳ таоло асрайди
18

Закот – исломнинг бешта асосий устунларидан учинчиси бўлиб, ҳижратнинг иккинчи йили шаввол ойида рамазон рўзаси ва фитр садақасидан сўнг фарз қилинган. Закот луғатда: поклик, кўпайиш, зиёда бўлиш ва барака маъноларида келади. Шаръий истилоҳда эса: “Муайян моллардан белгиланган бир бўлагини Аллоҳ таоло белгилаб берган бир тоифа мусулмон кишиларга мулк қилиб беришдир”. Закот сўзининг маъноларидан бевосита кўриниб турибдики, уни берган кишининг мол-у давлатининг қолган қисми фақир ва мискинларнинг ҳаққидан пок бўлади. Закоти берилган молга барака киради, шунингдек, кўпайиб, ўсиб бориб, зиёда бўлаверади. Закоти адо этилган молларни Аллоҳ таоло асрайди. Бу ҳаёт тажрибаларидан жуда кўп маротаба ўтган. Қуръони Каримнинг ўттиз икки жойида закот беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма саккизтаси намоз билан бирга зикр қилинган. Шу эътибордан закотнинг мартабаси намознинг мартабаси билан баробар десак ҳато қилмаймиз. Ҳолбуки, намоз диннинг устуни дейилади. Демак, мусулмон инсон намоз билан закотнинг орасини ажратмайди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай деган: “Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз”(Нур сураси, 56-оят).
Рамазон ойи хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлганлиги учун ҳамда бу ойда бажариладиган барча амалларга ажрлар бир неча баробар кўпайтириб берилишидан умид қилиб мўъмин-мусулмонлар закотларини ушбу ойда беришга одатланишган.
Закот бой ва камбағални бир-бирига яқинлаштиради, бой киши ёрдам қилиш севинчи билан яшаса, камбағал эса ўз қалбида бойга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ҳиссини туяди ва хасислик ўртадан кўтарилади.
Закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланиши ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Молларингизни закот (беришлик) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (беришлик) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз” (Имом Абу Довуд ривояти).
Закот зиммасига фарз бўлган кимса уни кечиктириш билан гуноҳкор бўлади. Чунки, закот фақирларнинг ҳаққи бўлиб, уни бермасдан ўзида ушлаб туриш мумкин эмасдир. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ: “Закотни қасддан бермай кечиктириб юрган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди” деганлар.
Шайтон закот берувчи кишига гўё молини қирқдан бирини берса, моли озайиб кетгандек туйилтириши мумкин. Бироқ молни фақирга бериш билан мол ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади. Бунга қўйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди” (Имом Термизий ривояти).
Закотда закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор. Шунингдек, у туфайли мулкдор тарафнинг қалби, покланиб, руҳий томондан ўсиб бориши юзага келади.
Аллоҳ таоло бир неча оятларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир қанча ҳадисларида бойнинг молида камбағалнинг улуши борлигини баён қилганлар. Шундай экан, ким молининг закотини хасислик ва оч кўзлик қилиб бермаса, барибир ўзи билмаган ҳолда камбағални ҳаққи уни молидан чиқиб кетади. Демак, камбағални ҳаққи барибир чиқиб кетар экан, ундан кўра закот вожиб бўлган вақтни ўзида закотини берган кимса ҳам зиммасидаги фарзни адо қилган бўлади ва закоти берилган молларга ваъда қилинган барча фазилатларга эришади.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
