РАМАЗОН ОЙИНИ МУНОСИБ КУТИБ ОЛАЙЛИК!

29

Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллаиша дуруд ва саловотларимиз бўлсин. Барча мусулмонлар интиқлик билан кутадиган, ўн икки ойнинг султони бўлмиш муборак рамазон ойига саноқли кунлар қолди.  Хўш, бу фазилатли ойни муносиб кутиб олиш учун мусулмон киши қандай чоралар кўрмоғи керак.

Биринчи: Аввало рамазон қандай ой эканлигини билиши ва тўлиқ ҳис қилиши керак. Рамазон саҳардан шомгача ейиш ичишдан тийилиш, шунчаки очликни ҳис қилиш учун фарз қилинган ибодат эмас. Рамазон — том маънода руҳни поклаш ойи, меҳр-саховат, аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод бўлиш, Қуръон тиловати ойи, ўзида жуда кўплаб фойдаларни жамлаган ва барча яхшиликларни касб қиладиган, ёмон иллатлардан четда бўладиган ойдир. Рамазон ойи кириши билан фаришталар:

 يا باغي الخير أقبل، يا طالب الخير أقبل و يا باغي الشر أقصر وامتنع.

“Эй яхшилик истовчи кел, яхшилигингни қилиб ол ва эй ёмонлик истовчи ёмонликлардан тийил”, деб нидо қилар эканлар. Демак, мусулмон киши рамазон ойи киришидан аввал руҳиятини, қалбини поклаб олиши, баъзи-бир шариъатга хилоф бўладиган амаллари бўлса барчасини тарк этиб, руҳан тайёр бўлмоғи матлубдир.

Иккинчи: Шариатимизнинг ҳар бир амалида ниятнинг муҳимлиги лозим бўлганидек, рамазон рўзасида ҳам ниятни тўғри қилмоғи керак. Холис Аллоҳнинг розилигини исташи лозим. Одамлар рўза тутар экан, мен ҳам тутаман, рўза тутиб бироз озиб оламан ёки шунга ўхшаш мақсадлар мутлақо бўлмаслиги керак. Бу борада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта амаллар ниятга боғлиқдир”, деганлар.  Киши ниятига яраша ажр олиши ёки ҳеч қандай савобга эга бўлмаслиги мумкин. Анашу ҳақиқатни биз яхши англаб олишимиз керак.

Учинчи: Рамазон рўзасига оид умумий ҳукумлар, масалан, рўзанинг фарзи, суннатлари, рўзадор учун мумкин бўлмаган ишларни билиб олиши ёки бирор илмли кишидан сўраб ўрганмоғи керак. Чунки, ўзи билмаган ҳолда рўзадор учун мумкин бўлмаган амални қилиб қўйиши, оқибатда тутган рўзасига  нуқсон етиши мумкин. Ибодатини мукаммал бўлиши учун зарур чораларни кўрмоғи керак.

Тўртинчи: Рамазон ойини хурсандчилик билан кутиб олиш керак. Чунки  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида: “Ким рамазон киришлиги билан хурсанд бўлса ва унинг чиқишлиги билан хафа бўладиган бўлса жаннат вожиб бўлибди” деганлар.

Бешинчи: Турли гина–гудурат, хусуматларни тарк қилиши, қалбида ўзгага нисбатан заррача адоват бўлмаган ҳолда рамазон ойини кутиб олиш керак. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан: “Сизлар рамазон ойини қандай кутиб олардингизлар?” деб, сўрашди. У киши “Биз рамазон ойини мусулмон биродарига нисбатан қалбида заррача адоват ва кек сақламаган ҳолда кутиб олар  эдик”, деган эканлар.

Хулоса шуки, инсон дунёда ўткинчи меҳмон кабидир. Рамазон ҳар йили такрор келиб турадиган ибодатдир. Агар бир ўйлаб кўрсак ўтган йилги рамазон ойида биз билган қанчадан қанча инсонлар бу йилги рамазон ойида орамизда йўқ. Бу биз учун ибрат бўлиши керак. Ҳа азизлар! Жуда кўп яхшиликларни, улкан ажрларни ўзида мужассам қилган рамазон кириб келмоқда. Рамазон ойининг ҳар бир дақиқасини, ҳар бир соатини ва кунини ғанимат билмоқ керак.

Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни тинчлигини бардавом айласин. Яқинлашиб келаётган рамазон шукуҳи, таровати ва барокоти бутун юртимиз бўйлаб таралиб туришида сабабчи бўлсин. Рамазон ойини ўзига муносиб тарзда кутиб олиб, бу ойдан гуноҳлардан пок ҳолда, қалбимиз, руҳимиз пок, жасадимиз турли иллатдан саломат бўлган ҳолда чиқишимизи Ўзи насиб қилсин.

Ўткир МАҲМУДОВ

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси